Ўзбекистон | 19:30 / 12.07.2021
7464
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Жорий йилнинг 12  июль куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси  билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шу йил 9 июнда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси муҳокама этилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва туманларда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги ҳамда маҳаллий маҳсулотлар тури ва ҳажмини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада, сўнгги тўрт йил ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоизга, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби саноатнинг ҳудудларда жадал ривожланаётган тармоқлари 1,3 баробардан кўпроқ ўсди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида қайд этилганидек, тармоқда ислоҳотлар кутилган самарани бермаяпти, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда ҳудудларнинг саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бизнес-форум ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов фармонга кўра, маҳаллий саноат тармоқларини ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги яхлит тизим жорий этилаётгани, бунинг учун «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилингани ҳамда мазкур тармоқда лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қатор имзиёзлар берилаётганини таъкидлади.

Фармонга биноан “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Бошқарув раиси С.Аннакличев бир пайтнинг ўзида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси вазифасини ҳам бажариши белгиланди.

  

Шу боис Банк раҳбарияти томонидан соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашиш мақсадида янада фаол ишлар олиб борилмоқда.

Банк Бош офисида махсус департамент, минтақавий филиалларда консалтинг марказлари ташкил қилиниб, уларга малакали менежерлар жалб қилинди.

Ҳозирда ушбу менежерлар қурилиш материаллари соҳасида иш бошламоқчи бўлган кичик ва ўрта бизнес субъектларига стандарт лойиҳалар, бизнес режалар ва лойиҳаларнинг техник-иқтисодий аҳамиятини ишлаб чиқишда, шунингдек кредит олишда бевосита кўмаклашмоқда.

Эндиликда марказларда ахборотлаштирилган базалар ташкил қилинади. Уларда ҳудудлардаги фойдали қазилма конлари, маҳсулотларнинг бозорлардаги таннархлари, зарур технологик ускуналар ҳамда ташкил этиладиган ўқув курслари бўйича маълумотлар бериб борилиши кўзда тутилди.

Тадбирда “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Бошқарув раиси – Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси Сахи Аннакличев сўз олиб, бугунги кунда BCG компанияси экспертлари билан соҳани хорижий тажрибалар асосида ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бунда кластер тизимини амалдаги девелопер компаниялари орқали ташкил қилиш мўлжаллангани таъкидланди.

– 5 млрд долларлик лойиҳалар портфели бўйича маълумотлар корхоналар ва туманбай шакллантирилган ҳолда ягона базавий платформага киритилади, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Бошқарув раиси – Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси С.Аннакличев. – Мазкур тизим тегишли вазирлик ва идораларга белгиланган чора-тадбирлар ижросини онлайн режимда кузатиб бориш имконини беради. Бу борада умумий мониторинг банкнинг консалтинг компанияси ҳамда банк филиалларида ташкил этилган консалтинг марказлари томонидан юритилади.

Бизнес-форумда фармон асосида Ўзсаноатқурилишбанкка Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 200 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш бўйича келишувлар амалга оширилаётгани, Банк томонидан 300 млн долларлик еврооблигацияларни муомалага чиқариш ишлари олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Банк томонидан “Ўзстандарт” агентлиги билан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туманларда замонавий лабораториялар ташкил этиш, корхоналарнинг раҳбар ва ходимларини халқаро сифат талаблари ҳамда стандартларига ўргатиш тизимини яратиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

“ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази билан биргаликда етакчи хорижий олийгоҳларини жалб қилган ҳолда, қурилиш материаллари соҳаси учун малакали ва зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, Тошкент кимё технология институтида Германия ва Россиянинг нуфузли университетлари билан бирга 5 та янги йўналишда ўқишни ташкил этиш ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институти билан биргаликда Туркиянинг ихтисослашган олийгоҳларини жалб этган ҳолда муҳандис ва технологлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича тегишли вазирликлар билан ишлар амалга оширилмоқда.

Бизнес-форумда, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туманларда лойиҳаларни ўрганиш бўйича жалб қилинган ишчи гуруҳнинг соҳани ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар бўйича берган хулосалари муҳокама қилинди. Тизимли ва идоралараро камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, муҳандис-қурувчилар ҳамда девелоперлар иштирок этди.

Улар ўртасида тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, бунда тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш каби масалалар бўйича фикр алмашилди.

Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати Ⓣ 

Мавзуга оид