Спорт | 08:20 / 27.08.2020
7240
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда велоспортни оммалаштиришга қаратилган меморандум имзоланди

Бугун, 26 август куни Тошкентдаги Конгресс-холлда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ўртасида мамлакат ёшлари орасида велоспортни оммалаштириш бўйича уч томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси президенти Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, спортчилар, тренерлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Т.Норбоева бугунги пандемия шароитида саломатликнинг нақадар бебаҳо неъмат экани, спорт билан шуғулланган инсон ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб, касалликни осон енгиб ўтиши, велоспорт билан шуғулланиш эса инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Сўнгра Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда велоспортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу қаратди.

– Республикамизда велоспортни янада ривожлантириш, мавжуд инфратузилмани мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Бугун Тошкент ва Наманган шаҳарларида барпо этилган велотрек мажмуалари хорижлик спортчиларда ҳам ижобий таассурот қолдириб, улар юртимизда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш таклифини билдиришмоқда. Ҳозирда Жиззах шаҳрида барпо этилаётган BMX велотрек мажмуаси ҳам тез орада фойдаланишга топширилади. Бу эса ушбу спорт тури ривожида янги даврни бошлаб беришига шубҳа йўқ, – деди Дилмурод Хамидуллаевич ўз маърузасида.

Маросимда сўзга чиққан Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, терма жамоамизнинг етакчи спортчиси, Токио-2020 олимпиадаси лицензианти М.Холмуродов ва бошқалар сўнгги йилларда Ўзбекистонда велоспорт ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларни юксак даражада эътироф этишди.

Шундан сўнг уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ишонамизки, бугун имзоланган меморандум юртимиз ёшлари орасида велоспортни янада оммалаштириш, жаҳон ареналарида юртимиз спортчилари эришаётган ғалабалар салмоғининг янада ортишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистонда илк маротаба велошоссе бўйича Осиё чемпионати ўтказилган эди. Унда қитъамизнинг 40дан ортиқ мамлакати спортчилари ғолиблик учун баҳс олиб боришган, мусобақа жараёнлари нуфузли «Eurosport» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилганди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги уч йилда ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонларда 81та медалга сазовор бўлишди, шундан 24таси олтин медалдир. Бунинг натижасида вакилларимиз томонидан Токио-2020 олимпиада ўйинларига иккита йўлланма нақд қилинди.

Яна бир эътиборга молик воқеа – Ўзбекистон спорти тарихида илк маротаба аёл спортчимиз олимпиада ўйинларида ғолиблик учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Мавзуга оид