Жаҳон | 12:15 / 30.08.2020
28814
17 дақиқада ўқилади

Навальний заҳарланганми ёки заҳарлашганми?

Алексей Навальний заҳарланган. Унинг таҳлилларида  ингибитор холинэстеразалар гуруҳига кирувчи токсин топилган. Бу ҳақда Берлиннинг «Шарите» клиникаси шифокорлари маълум қилган. Бу моддалар одамга узоқ муддатли таъсир қилиши мумкин бўлган ҳарбий заҳарлар турига киради.

Фото: Reuters

Бундай заҳарлар орасида «Новичок» номи билан номланган заҳар ҳам бор. Буюк Британия расмийларига кўра, Россия давлат разведка бошқармасининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ана шундай турдаги заҳар билан заҳарлаган. Германия канцлери Ангела Меркель аллақачон Россиядан айбдорларни топишни талаб қилган.

20 августдан бери комада ётган Россия мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг таҳлил текширувларининг дастлабки натижалари у Германияга олиб борилгандан сўнг икки кун ўтиб, 24 август куни Берлинда «Шарите» клиникаси томонидан эълон қилинди. Клиника веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Навальний заҳарлангани айтилган.

Навальний Москвага учаётган самолётда ҳушини йўқотгандан сўнг дастлабки икки кунни кома ҳолатида Омскда ўтказган. У ерда унинг соғлиги учун мутасадди бўлган россиялик шифокорлар германиялик ҳамкасблари томонидан эълон қилинган ташхис натижаларини рад этишди. Россия ИИВ Тергов қўмитаси Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тегишли модда бўйича жиноий иш қўзғатишни рад этди.

«Алоҳида, яна бир бор айтмоқчиман: шифокорлар Алексейнинг токсик модда билан заҳарланганини айтишди. Бу менинг тахминим эмас, балки уни кўрикдан ўтказган немис шифокорларнинг хулосаси. Омск касалхонасининг бош шифокори барчани алдаб келди», деб ёзиб қолдирган Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш твиттердаги саҳифасида.

Германиялик шифокорлар ўтказган клиник тадқиқотлар натижаларига кўра (улар бир неча мустақил лабораториялар томонидан тасдиқланган) Навальний ингибитор холинэстеразалар гуруҳидаги модда билан заҳарланган. Шифокорлар бу айнан қайси моддалигини аниқлай олишмаган.

«Шарите» клиникаси Навальний заҳарланган деб баёнот бергандан сўнг, Омск вилояти ва Сибир федераль округи бош токсикологи Александр Сабаев Навальнийни текширганида унда ингибитор холинэстеразалар аниқланмаганини айтди.

«Навальний сунъий комада қолмоқда ва атропин дори воситаси билан билан даволанмоқда. Ҳозирда мухолифатчи ҳаётига жиддий таҳдид йўқ, аммо заҳарланишнинг, айниқса асаб тизимидаги жароҳатларнинг узоқ муддатли оқибатларини истисно қилиб бўлмайди» дейилади «Шарите» баёнотида.

Ингибитор холинэстеразалар нима?

Ҳайфа шифохонасининг реаниматори Михаил Фремдерман (у 2014 йилгача Санкт-Петербургдаги 26-касалхонанинг реанимация бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган) «ингибитор холинэстеразалар – бу асаб тизими орқали импульсларнинг тарқалишини блоклайдиган фосфор-органик моддалар гуруҳи» деб тушунтиради.

«Шарите» клиникаси Навальний заҳарланганини тасдиқлаган
REUTERS

«Биз клиник амалиётда ушбу моддаларнинг ўхшашларини қўллаймиз, чунки бу ингибиторлар жарроҳлик операциясидан сўнг беҳуш ётган беморнинг мушаклар блокадасини тиклаш учун қўлланади. Аввал мушакларни бўшаштирадиган дориларни юборамиз, сўнг, ингибиторлар юборилади», дейди АҚШдаги Tufts Medical Center марказининг анестезиология ва реанимация бўлинмаси периоператив тиббиёт бўлимининг бошлиғи Константин Балонов. Ингибитор холинэстеразалар шунингдек Альцгеймер касаллигини даволашда ишлатилади, дея қўшимча қилади у.

Москва давлат университети ихтисослашган факультетларидан бирининг ходими, тиббиёт фанлари номзоди (мавзу «нозиклиги» сабабли исм-шарифини ошкор қилмасликни сўраган), ингибитор холинэстеразалар синфини шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкинлигини тушунтиради: «Терапевтик мақсадларда ишлатиладиган чекланган моддалар мавжуд. Масалан, кўз жарроҳлиги соҳасида. Шунингдек, кучли заҳарлар мавжуд. Булар жуда юқори даражада токсик ҳарбий заҳарлар. Уларнинг ҳар қандай дозасини қабул қилганда ўлимга олиб келади. Ушбу гуруҳнинг моддалари сунъий равишда синтезланади, улар қаттиқ ва суюқ ҳам бўлиши мумкин»

«Навальнийни заҳарлашган моддалар узоқ вақтдан бери ишлатиб келинаётган ҳарбий моддалар билан бир хил – Токио метросида «Аум Синрикё» сектаси (бу ташкилот Россияда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган) томонидан пуркалган сарин газидан тортиб «Новичок»кача. Биз Навальнийни қасддан заҳарлашган деб хулоса чиқаришимизга асослар бор», дейди Фремдерман.

Балоновнинг таъкидлашича, Навальнийдан топилган модда – бу «Новичок» билан мутлақо бир хил: «Бу моддалар урушда одамларни ўлдириш учун ишлатилган кимёвий заҳар билан бир турдаги гуруҳдан».

«Новичок» – бу асаб толаларини ишдан чиқарувчи моддалар оиласига кирувчи заҳар. Буюк Британия ҳукуматининг даъво қилишича, шунга ўхшаш заҳар 2018 йил март ойида Солсбери шаҳрида Россия разведка бошқармасининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни ўлдиришга уринишда ишлатилган. Буюк Британия расмийларининг таъкидлашича, ўшанда «Новичок» рус махсус хизматлари томонидан ишлатилган. Россия расмийлари эса буни рад этиб келади.

Ингибитор холинэстеразалар инсон танасига қандай таъсир қилади?

МГУ ходимининг билдиришича, бундай моддалар танадаги ацетилхолин таркибини «танадаги асосий воситачилардан бири» сифатида оширади. Бу, ўз навбатида, мушакларга, нафас олиш органларига, юрак фаолиятига, қон босимига кучли таъсир кўрсатишни бошлайди ва ички органлар ҳамда асаб тизимини ишдан чиқаради.

«Одам ҳушини йўқотади, унда судурги рўй беради ва комага тушади. Ушбу турдаги заҳарнинг баъзи турларини ҳатто терига юбориш ҳам инсоннинг оғир заҳарланишига кифоя қилади», дейди Фремдерман.

Балоновнинг сўзларига кўра, Навальнийдаги илк аломатлар – терлаш, кучли оғриқ булар таниқли сиёсатчининг айнан ингибитор холинэстеразалар билан заҳарланганига ишора қилади. Омскда Навальнийнинг бундай заҳарланишини «аниқлай олишмагани» ғалати.

«Омскда қон таркибидаги моддаларни аниқлаш учун лаборатория диагностикаси бўлмаса ҳам, Москвадан кучли мутахассислар келиб токсикологлар билан маслаҳатлашди. Улар Навальнийни айнан ингибитор холинэстеразалар билан заҳарланганини билмаслиги мумкин эмас эди», дейди Балонов.

МГУ ходими ҳам омсклик шифокорлар Навальнийнинг заҳарланганини аниқлай олмаганига шубҳа билдиради. Унинг айтишича, ҳатто зарур ускуналар бўлмаган тақдирда ҳам ингибитор холинэстеразалар билан заҳарланган беморни ҳар қандай реаниматолог клиник белгиларига қараб ҳам аниқлаши мумкин.

Ушбу мутахассис организмдан «Новичок»ни йўқ қилиш учун қанча вақт керак бўлиши ҳақидаги саволга аниқ жавоб йўқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, замонавий технологиялар кейин баъзи моддаларнинг «нанограммаси»ни кунлар, ҳафталар ва ойлардан кейин ҳам топиб бериши мумкин.

Навальнийни қандай даволаш мумкин ва унда нима асоратлар қолади?

Фремдерманнинг айтишича, атропин дориси ингибитор холинэстеразалар каби заҳарларга қарши восита бўлиб, томир ичига катта дозада юборилади. Шифокорнинг айтишича, омсклик шифокорларидан ҳеч бири Навальнийга заҳарланишга қарши атропин қўллашгани ҳақида гапирмаган. Аммо немис шифокорларининг Навальний заҳарлангани ҳақидаги гапларидан сўнг, орадан икки соат ўтиб, россияликлар Омскдаги шифохонанинг анестезиология ва реанимация бўлими бошлиғини топиб «гапиртиришди». У Навальнийга бир марта антропин юборилганини, кейинчалик вазият ойдинлаши кутилгани учун бошқа юборилмаганини айтди.

Фремдерман эса заҳарланиш ҳолати бўлганда, касалликнинг клиник кўриниши назорати остида атропинни фақат томир ичига узоқ муддат узлуксиз юборилиши кераклиги, ана шундагина у беморга таъсир қилиши, бир марталик қисқа юборишнинг нафи жуда кам бўлиши ҳақида гапирган.

«Россиялик шифокорларнинг аввалги гапларидан шуни тахмин қилиш мумкинки, Омскда улар фақат синдромларни даволаш билан чекланишган. Улар ўпка вентиляцияси ва бошқа чораларни қўллашни муҳокама қилишган. Аммо беморга антропин қўллашмаган. Навальнийга атропин қўллашгани масаласи жуда муҳим ҳисобланади. Агар унга катта дозада атропин берилмаган бўлса, унда Омскдаги шифокорлар унинг заҳарланганини яширган. Агар сиёсатчига катта дозада атропин беришган бўлса, унда улар унинг заҳарланганини аниқ билишган», дейди Фремдерман.

Аввалроқ Омск вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Россия томони Навальнийнинг тадқиқот натижаларини Германияга юборишга тайёрлигини айтганди. Агар бу иш амалга ошса ана шунда германиялик шифокорлар унинг «бутун клиник динамикаси»ни кузатишлари мумкин бўлар эди.

Фремдерманнинг таъкидлашича, ингибиторлар танадан жуда тез тозаланади. «Балки, улар бемор ҳолатининг кейинги динамикасини кўришни хоҳлашгани учун Навальнийнинг Германияга боришига рухсат бермай туришган», дейди у.

«Агар Омскда кимдир бундай заҳарланиш ҳақида тахмин қилганида, беморга биринчи навбатда атропин буюриларди. Қолаверса, бу дори ҳамма жойда топилади ва унча қиммат эмас», дейди Балонов.

Ўз навбатида, «Новичок» заҳарли моддалар оиласининг яратувчиларидан бири Владимир Углев Навальнийни даволаш учун айнан атропин ишлатилганидан ҳайрон бўлди. «Новичок» учун атропин қўллаш мақбул эмас эмас. У билан даволаганда беморнинг аҳволи янада ёмонлашиши ҳам мумкин. Агар атропин ишлатилган бўлса, у ҳолда Навальнийга кимёвий жанговар заҳарнинг эмас, балки антихолинестеразанинг таъсири бўлган.

Шу билан бирга, Углев «Шарите»да эслатиб ўтилган модда рус шифокорлари томонидан аниқланиши мумкинлигини тан олди.

«Новичок»да организмдаги заҳарли моддаларни зарарсизлантириш қўлланадиган махсус дориларга қаршилик кўрсатувчи моддалар ҳам бўлиши мумкин. У асосан ҳарбий тиббиётда қўлланади. «Новичок» бу оддий заҳар эмас, балки жанговар заҳар. Унга қарши атропин тўғри қўлланиши керак. Бунда ингибитор ацетилхолинэстераза билан заҳарланганда уни тўғри қўллаш жуда муҳим», дейди Балонов.

Шифокор тушунтирганидек, атропин заҳар таъсирини камайтириш сифатида универсал ишлайди ва заҳар таъсиридан қочишга ёрдам беради.

Шунинг учун, жарроҳлик амалиётидан кейин атропин ингибитор ацетилхолинэстераза билан биргаликда юборилади, деб таъкидлади анестезиолог. Балоновнинг сўзларига кўра, Навальнийнинг аҳволи у қабул қилган токсик дорининг дозасига боғлиқ бўлади.

«Агар Навальнийни уч кун давомида комадан чиқаришнинг имкони бўлмаса, демак у заҳарни оғир дозада қабул қилган. Бугун энг ноаниқ қолаётган нарса у ўзига келганидан сўнг унда заҳарланиш қандай асоратлар қолдиради, шу бўляпти. Қандайдир жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинми ёки йўқ?! Мазкур заҳарланиш туфайли Навальний бир неча ой оёққа тура олмаслиги ҳам мумкин», дейди Балонов.

«Салбий асоратлар унинг узоқ вақт онгсиз равишда комада бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Афсуски, унинг соғайиш муддати узоқ давом этади ва апаллик синдром эҳтимоли бор ҳамда иккиламчи ўзгаришлар бошланганда бемор анча пайт оёққа тура олмаслиги мумкин», дейди Фремдерман немис шифокорларининг тахминига изоҳ бериб.

BBC Москвадаги 1-сонли шифохонанинг анестезиология ва реанимация бўлими бошлиғи Борис Теплихга Навальнийнинг Омскда ётган даври билан боғлиқ ишлар, Берлиндаги клиника шифокорларининг баёноти ҳақида изоҳ сўраб мурожат қилди. Ушбу шифокор Навальний Омскдаги касалхонага ётқизилганда зудлик билан Москвадан етиб борган эди. Аммо Теплих изоҳ бермади. У ишлаётган тиббиёт муассаси матбуот хизмати Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ барча изоҳлар фақат Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг рухсати билан амалга оширилишини маълум қилди.

Навальний билан нима содир бўлган эди?

Навальний 20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаётган S7 авиакомпаниясининг бортида ўзини ёмон ҳис қилади. Унинг матбуот котиби Кира Ярмишнинг сўзларига кўра, сиёсатчи эрталаб Томск аэропортида сотиб олинган чойдан бошқа ҳеч нарса емаган ва ичмаган. Кейинчалик, ўша чой орқали номаълум токсин мухолифатчи танасига кирган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.

Самолёт ҳавога кўтарилгандан сўнг кўп ўтмай Навальнийнинг мазаси қочади. У терлай бошлайди. Сўнг ҳожатхонага боради ва у ерда ҳушини йўқотади. Ўша пайтда самолётда бўлган бошқа йўловчилар Навальний оғриқдан қичқираётган ҳолатни тасвирга тушириб ижтимоий тармоқларга жойлай бошлашади.

Россиялик мухолифатчига биринчи тиббий ёрдам самолёт бортида кўрсатилади. Шундан сўнг самолёт орқага қайтади ва уни тез ёрдам машинасида Омскдаги касалхонанинг реанимация бўлимига олиб боради.

Бу пайтга келиб Навальний комага тушиб қолган ва унга сунъий нафас олиш аппарати улаб қўйилганди. Ўшанда Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, шу жумладан «Интерфакс» ахборот агентлиги Навальний «номаълум психодислептик» билан заҳарланган бўлиши мумкинлигини хабар қилади.

Аммо Омск касалхонаси ушбу ташхисни рад этади. Навальний ётқизилган ушбу касалхонанинг бош шифокори Александр Мураховскийнинг сўзларига кўра, ўшанда шифокорлар мухолифатчига бешта тахминий ташхис қўйишган (ташхислар ошкор этилмаган). Унинг сийдигида заҳар ёки бошқа заҳарли моддалар топилмаган.

Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Кейинчалик Мураховский, Навальнийни даволанган шифокорларнинг фикрига таяниб, сиёсатчи заҳарланиш туфайли эмас, балки «қонда шакар миқдорининг кескин пасайиши» туфайли юзага келадиган «углеводлар мувозанати бузилганлиги сабабли» комага тушиб қолгани ҳақида гапирган.

«Шифокорлар альянси» раҳбари ва Навальнийнинг шифокори Анастасия Василева метаболик касалликлар танада моддалар алмашуви бузилиши эмас, балки заҳарланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлигини тушунтириб, Мураховскийнинг версиясини танқид қилиб чиқди.

Навальний касалхонага ётқизилгандан сўнг унинг жамоаси ва оиласи омсклик шифокорлар сиёсатчининг аҳволи тўғрисида маълумот бермаганидан шикоят қилишди.

Сиёсатчининг рафиқаси Юлия Навальная жума куни эрини даволаниш учун Германияга олиб кетишга тайёр эди. Ўша куни немис шифокорларидан иборат гуруҳ зарур тиббий жиҳозлар ортилган чартер рейс билан Омскка учиб келди. Кейинчалик Навальнийнинг маслакдоши Леонид Волков чартер рейс учун маблағни ишбилармон Борис Зимин ва унинг оиласи ўз жамғармаси ҳисобидан тўлаганини маълум қилди.

Аммо омсклик шифокорлар Навальнийнинг соғлиғини хавф остига қўйиб, сиёсатчини Германияга олиб кетиш учун рухсат беришмади. Россия қонунларига кўра, ҳушсиз ҳолда ётган беморни қандай даволаш тўғрисидаги қарор шифокор ёки шифокорлар кенгаши томонидан қабул қилинади. Шундан сўнг, Юлия Навальная Россия президенти Владимир Путинга мурожат қилиб турмуш ўртоғини Германияга олиб кетиш учун рухсат сўради. Унинг мурожатига Кремлдагилар ўта дипломатик тарзда Навальнийнинг тезроқ соғайиб кетишини истаётганларини ва ёрдам беришга тайёр эканликларини, аммо сиёсатчини кўчириш қарори фақат у ётган касалхона шифокорлари томонидан қабул қилинишини билдиришди.

Навальнийнинг соғлиги масаласида дунёнинг кўзга кўринган давлат раҳбарлари, жумладан Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон ва АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди хавотир билдирди.

Ниҳоят 21 август, жума куни кечқурунга бориб Навальнийни Германияга олиб кетишга рухсат беришди шанба куни эрталаб у Германияга олиб кетилди.

28 август куни «Шарите» клиникасида Навальнийнинг соғлиғи учун масъул бўлган шифокорлар сиёсатчининг ҳолати мўътадил эканини ва у ҳамон сунъий кома ҳолатида қолаётганини маълум қилди.

29 август куни «Шарите» клиникаси сиёсатчининг аҳволи барқарорлигича қолаётгани, бироқ холинэстераза ингибиторлари таъсиридан келиб чиққан симптомларда бироз яхшиланиш бошлангани ҳақида хабар берди.

У интенсив терапия бўлимида қолмоқда. Навальний ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ва сунъий кома ҳолатида. Унинг аҳволи олдингидек оғир дея баҳоланмода, бироқ сиёсатчининг ҳаётига бевосита хавф туғдирадиган ҳеч нарса йўқ.

«Аммо беморнинг заҳарланиш даражаси оғирлиги ҳисобга олинадиган бўлса, содир бўлган ҳодиса унга узоқ муддатли оқибатларни прогноз қилишга ҳали эрта», дейди мутахассислар.

Даволовчи шифокорлар беморнинг турмуш ўртоғи Юлия Навальная билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.

Мавзуга оид