Жамият | 20:06 / 01.09.2020
12906
3 дақиқада ўқилади

ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланмоқда. Абитуриентлар учун муҳим эслатмалар

Ўзбекистонда 2 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари бошланади.

Имтиҳонлар 2 сменада ўтказилади. 1-смена 08:00дан 11:00гача, 2-смена эса 17:00дан 20:00гача давом этади.

Эрталабки сменада соат 6:30дан бошлаб, иккинчи сменада эса соат 15:30дан бошлаб секторларга киритиш ишлари бошланади.

Абитуриентлар имтиҳон вақтидан камида ярим соат олдин ўз ўрнини эгаллаган бўлиши керак. Кечикканлар имтиҳонга киритилмайди.

Тест ўтказиладиган ҳудуд ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин

Давлат тест маркази расмий сайтида «Стадионлар ва хиёбонлар» бўлими ташкил этилган. Бу бўлим орқали абитуриент ўзи тест топширадиган стадион ёки хиёбоннинг манзили, ҳудудга кириш жойлари; сектор рақами, тест топширадиган гуруҳлар ҳақида маълумот олиши мумкин.

Сайтда имтиҳон олинадиган жойнинг Google харитасидаги геолокацияси ҳам берилган.

Имтиҳонга қайси ҳужжатлар билан бориш керак?

Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун абитуриент рухсатномасини abitur.dtm.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали олишлари мумкин.

Кириш имтиҳонларига 2та ҳужжат: паспорт ва абитуриент рухсатномаси билан бориш талаб этилади. Паспорт бўлмаган ҳолатда рухсатнома ҳақиқий ҳисобланмайди. Тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириш мумкин эмас.

Бошқа ортиқча нарсалар: ручка, қоғоз кабиларни абитуриент ўзи билан олиб бориши керак эмас. Барча керакли нарсалар: ручка, тиббиёт ниқоби, қўлқоп, сув имтиҳон олдидан тарқатилади.

Тест ҳудудидан 1,5 километр масофада транспорт ҳаракатлари чекланади

Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона вилоятларида 6тадан, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 4тадан, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 3тадан, Сирдарё ва Навоий вилоятларида 2тадан, Жиззах, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1тадан ҳудудда (стадион) тест ўтказилиши белгиланган.

Тест ўтказиладиган ҳудудларга олиб борувчи автомобиль йўллари камида 1,5 километр масофада бетон тўсиқлар ёки юк автотранспортлари билан ёпилади. Абитуриентлар пиёда босиб ўтилиши керак бўлган масофани ҳам ҳисобга олган ҳолда вақтида тест синовига етиб бориш учун ҳаракат қилишлари лозим.

Ота-оналар учун имтиҳонда алоҳида кутиш жойи бўлмайди

Бу йилги имтиҳонда олдинги йиллардаги каби ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди. Имтиҳонда қатнашувчилар буни ҳам ҳисобга олишлари керак бўлади.

Ҳар бир абитуриент текширувдан ўтказиб ичкарига киритилади

Имтиҳонга бир абитуриентнинг ўрнига бошқа абитуриент кирмаслиги учун юзни таниб олиш камералари ўрнатилади. Тест ҳудуди тўлиқ камералар билан таъминланади ва ҳар бир периметрда ИИВ ходими жойлаштирилади. Камерадаги маълумотлар 1,5 ой мобайнида архивда сақлаб турилади.

Имтиҳон жавобларини бир кунда, талаба бўлганлик ҳақида бир ҳафтадан кейин билиш мумкин

Имтиҳонлар 16-17 сентябрда якунланса, абитуриент талаба бўлгани ҳақидаги жавобни бир ҳафтадан кейин, тахминан 20-22 сентябрь куни билиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид