Жамият | 15:06 / 08.09.2020
25845
3 дақиқада ўқилади

Қиш яқин. Булоқбошидаги янги конларнинг гази қаёққа кетяпти?

Мана куз ҳам бошланди, ҳадемай қиш кириб келади. Бундай вазиятда аҳолини табиий газ таъминотига оид саволлар ҳар қачонгидан-да кўпроқ қизиқтиради. Хусусан, Андижон вилояти аҳолиси «Булоқбошидаги янги конлардан чиқаётган газ қаёққа кетяпти?» деган саволга жавоб изламоқда. Шуни ҳисобга олиб, мазкур мавзуга тўхталишга қарор қилдик.

Маълумки, 2017 йилда Андижон вилояти Булоқбоши туманидан топилган Учтепа газ конида 14 қудуқдан табиий газ чиқаётгани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида кўп бор айтилди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати берган хабарда мазкур янги қудуқ Фарғона водийси аҳолисини газ билан таъминлаш имконини кенгайтириши қайд этиб ўтилганди.

Учтепа газ конидан қазиб олинаётган газ қаёққа кетаётгани ҳақидаги саволларга жавоб топиш мақсадида Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи Воҳиджон Исроилов билан боғландик.

«Бу конлардан қазиб олинаётган газ ҳозирги кунда марказий магистрал қувурларига ташлаб берилади. Яъни, тўғридан тўғри «Ўзтрансгаз» тармоқларига ўтказилади. У ердан Андижон вилоятига ҳам тақсимланади. Андижон вилояти учун газ магистрал қувурида олиб келинади.

Хўжаобод, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманлари ва Хонобод томонларга шартнома асосида Учтепадан чиққан газ етказиб берилмоқда. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Булоқбошидаги конлардан чиқаётган газ асосан шу туман аҳолисига бериляпти. Туманда  7 минг 700та хонадон газ таъминотига қўшилди. Газнинг етмай қолган қисмини магистралдан қўшиб берамиз. Чунки газ заправкалари ва ишлаб чиқариш корхоналари бор, уларга ҳам газ керак. Айтайлик, аҳолининг бир кунлик истеъмоли 300 минг кубометр атрофида бўлса, Учтепа томондан 200 минг кубометр газ олинади, қолган 100 минг кубометрини ўзимиздан қўшамиз.

Булоқбошидаги конлардан қазиб олинадиган газ ўзаро шартнома асосида магистралга берилади. Агар қудуқлардан газ қазиб олинмаса, уларнинг аварияга учраш эҳтимоли юзага келади, газ бериш қуввати пасайиб кетади. Айни пайтда Фарғона водийси учун бир кунда 17 миллион кубометр атрофида газ қабул қилиб олинмоқда. Бу кўрсаткич ҳар куни ҳар хил. Масалан, соатига 790-800 ёки 630 минг кубометр бўлиши мумкин. Агар соатига 600 мингни ташкил этса, суткасига 14 миллион кубометр атрофида газ бўлади. Шунингдек, қишда қийналиб қолмаслик ва аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш учун бир кунда 2,5 миллион кубометр атрофидаги газ Хўжаобод омборига захираланади», дейди Воҳиджон Исроилов.

Хуллас, қишнинг қировли кунлари яқин. Водий аҳолиси эса доимгидек табиий газ таъминоти яхшиланишидан умидвор бўлиб яшамоқда.

Қани, кўрайликчи бу йил водийда газ таъминоти аҳволи қандай бўларкин?! Кутамиз...

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид