Янгиҳаёт ва Давлатобод туманлари ташкил этилди
Сенат ялпи мажлисида Тошкент шаҳрида Янгиҳаёт тумани, Наманган вилоятида Давлатобод тумани ташкил этилиши тўғрисидаги қарор маъқулланди.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69, 78-моддаларига ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Қонунининг 18, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ, «Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида»ги Олий Мажлис Сенатининг Қарори тасдиқланди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил май ойида Зангиота ва Сергели туманларига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. Ушбу таклиф жорий йил июль ойида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш масаласи халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кенгашлари томонидан маъқулланган.
Янгидан барпо этилаётган Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳридан 2 131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2 288,4 гектар, жами 4 419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилмоқда.
Бу билан Янгиҳаёт туманида 115 та саноат корхонаси, 277та хизмат кўрсатиш корхонаси, 1 148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерлари назарда тутилган.
Тадбирда сўз олган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ташкил этиш учун сабаб бўлган омиллар ҳақида гапирди.
«Биринчидан, 2017-2020 йиллар давомида Сергели туманида 460тадан кўпроқ кўп қаватли турар-жой барпо этилиб, ушбу хонадонларга Тошкент шаҳрининг барча туманларидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган 100 мингдан ортиқ аҳоли кўчиб келган. Эндиликда ушбу аҳоли учун ижтимоий инфратузилмаларни яратиш, ишчи ўринларини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни профилактика қилиш, турмуш даражасини ошириш долзарб масала бўлиб турибди. Янги массивлардаги аҳоли билан ишлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш самарали давлат хизматларини кўрсатиш, ҳудудни бошқаришда алоҳида ёндашувга эҳтиёж сезилмоқда.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ўртасидаги ўзаро анклав ҳудудлар мавжуд бўлиб, у ерда яшовчи фуқароларга транспорт, коммуникация, коммунал, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатишда кўплаб ноқулайликлар келиб чиқмоқда», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
У Янгиҳаёт тумани ташкил этилиши билан эришиладиган натижалар ҳақида гапирди.
«Мазкур туман Тошкент шаҳри бўйсунувидаги туманлар тоифасига киритилиб, туман ҳокимлиги ва давлат бошқаруви органларининг туман бўлимлари ташкил этилади. Бошқарув самарадорлиги яхшиланади. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилади. Туманда 1148 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, ўз навбатда ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, иссиқхоналар ва музлаткичлар барпо этиш орқали туманнинг экспорт салоҳияти ҳам ошириб борилади. Ҳудудда урбанизация жараёнини жадаллаштириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари барпо этишга устувор вазифа сифатида қаралади», деди Тошкент шаҳри ҳокими.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
17:44 / 27.11.2024