Жамият | 18:00 / 13.09.2020
103531
4 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонлари якунланмоқда. Мандат арафасида абитуриентлар нималарни билиши лозим?

2–13 сентябрь кунлари республика бўйича кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унда 1,5 миллионга яқин абитуриент ОТМлардаги 140 мингга яқин ўрин учун курашди.

"Пахтакор" стадиони / Фото: Kun.uz

Бугун, 13 сентябрь куни эса ОТМларга кириш имтиҳонларининг охирги куни ҳисобланади. Қуйида биз абитуриентлардан энг кўп келиб тушаётган саволларга жавобларни келтириб ўтамиз.

Натижалар қачон аниқ бўлади?

Айни пайтда абитуриентлар ўзлари тўплаган балларини имтиҳоннинг эртасигаёқ билиб олишмоқда. Бироқ абитуриент қайси ўринда турганини билиш имконияти ҳали яратилмади.

Агар об-ҳаво шароити тўсиқ бўлмаса, тана ҳарорати юқорилиги аниқланган абитуриентлар учун 17 сентябрда алоҳида имтиҳон ташкиллаштириб берилади.

Истисно тариқасида ташкиллаштириладиган имтиҳон 17 сентябрда тугаса, камида ўша куни ёки ундан олдинроқ абитуриентлар тўплаган балига кўра қайси ўринда эканини билиб олиши мумкин бўлади.

18 сентябрдан бошлаб эса натижалар умумлаштирилиб, тартиблаш ишлари бошланади.

Сўнг бир ҳафта ичида – 24 сентябргача бўлган вақтда танлов натижалари, яъни абитуриентларнинг талабаликка қабул қилингани ҳақидаги натижаларни эълон қилиш режалаштирилган.

Натижасидан норози абитуриент нима қилади?

Тест синовлари натижасидан норози абитуриентлар Давлат комиссияси белгилаган муддатда Давлат тест марказида ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

Давлат тест маркази апелляция шикоятларини ҳам онлайн қабул қилиш устида ишланаётганини маълум қилган.

Апелляция учун аризалар тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади. Абитуриент апелляцияга хабарномада белгиланган кунда паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши талаб этилади.

Апелляция жараёнида абитуриентга у томонидан бажарилган тест материаллари тақдим этилади. Тақдим этилган материаллар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади.

Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бундан ташқари, агар абитуриент имтиҳон вақтида тест китобчасидаги нуқсони бор саволлар ҳақида вақтида назоратчиларни огоҳлантирмаган бўлса, унинг даъвоси апелляцияда инобатга олинмайди.

Талабаликка қабул қилинганлар учун қачондан ўқиш бошланади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги биринчи курс талабалари учун дарслар 2 октябрдан, онлайн тарзда бошланишини маълум қилган.

Лекин ўқишлар қачондан анъанавий шаклга ўтказилиши ҳали номаълум. Вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Фарҳод Бабашев анъанавий таълимга 2-семестрдан бошлаб қайтилиши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, бу йил республика ОТМларида кундузги шаклда ўқиётган талабалар учун 10 фоиз чегирма эълон қилинган.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ОТМлар 4 млн сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиши, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 4 мингдан ортиқ талабага контрактнинг 35 фоизи тўлаб берилиши маълум қилинган.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид