«Рангли инқилоб амалга ошмади». Лукашенко қасамёд қабул қилди, инаугурация олдиндан хабар бермай ўтказилди
Минскда Александр Лукашенконинг инаугурация маросими бўлиб ўтди ва у Беларусь президенти сифатида лавозимга киришди. Инаугурация ҳақида аввалдан эълон қилинмади, шу туфайли Лукашенконинг лавозимга киришгани ҳақидаги хабар мамлакат аҳолисининг аксар қисми ва журналистлар учун кутилмаган ҳол бўлди.
Маросим Мустақиллик саройида ўтказилган. БелТА агентлиги хабарига кўра, унга «бир неча юз киши таклиф этилган». Улар орасида юқори даражали мансабдорлар, фан арбоблари, расмий ОАВ вакиллари бўлган.
«Александр Лукашенко қўлини Конституцияга қўйган ҳолда беларус тилида қасамёд қилди. Кейин у маросим ўтказилгани борасида актга қўл қўйди. Шундан кейин Марказий сайлов комиссияси раҳбари Лидия Ермошина Александр Лукашенкога Беларусь Республикаси президенти гувоҳномасини топширди», дейилади агентлик хабарида.
Ҳукуматга яқин экани айтиладиган «Пул Первого» телеграм каналида инаугурация маросимидан олинган сурат жойлаштирилди.
Беларусь конституциясига кўра, президент сайловлар якунлангач икки ой ичида, яъни бу ҳолатда 9 октябргача лавозимига киришиши керак. Чоршанба куни тонгда Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт РИА Новости агентлигига берган интервьюсида инаугурация маросимининг санаси аниқ эмаслиги, маросим ўтказиладиган вақт яқинлашганида бу ҳақда ОАВга маълумот берилишини айтганди.
23 сентябрь тонгида маҳаллий нашрлар ва телеграм-каналларда Минск маркази ёпилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Шунингдек, президент Лукашенко кортежи Мустақиллик майдонига кириб келгани тавсирлари эълон қилинди.
«Рангли инқилоб амалга ошмади»
Беларусь нашрлари Лукашенконинг инаугурация маросимидаги чиқишидан иқтибослар келтирмоқда, у мамлакатда «рангли инқилоб» амалга ошириш муваффақиятсизликка учрагани ҳақида гапирган.
«Бизнинг давлатчилигимизга мисли кўрилмаган чақириқлар ташланди - мустақил давлатларни йўқ қилиш учун ишлаб чиқилган ва кўп марта синовдан ўтган технологияларга қарши туришга тўғри келди. Аммо биз «рангли инқилоб» амалга ошмаган кам сонли, эҳтимол ягона давлат бўлдик», деган Лукашенко.
«Мен нафақат ўз тақдирини, балки фарзандлари келажагини давлат билан боғлаган беларусларни, Беларусь учун шундай мураккаб паллаларда мамлакатга ва халққа содиқ қолганларнинг ҳеч бирини ташлаб кетишга ҳаққим йўқ эди», деган Лукашенко.
Лукашенко 9 август куни ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонганини айтмоқда, аммо мухолифат ва Ғарб давлатлари сайлов натижаларини сохталаштирилган деб ҳисобламоқда ва энг кўп овозни мухолифатчилар номзоди Светлана Тихановская олганини айтишмоқда.
Беларусда бир ойдан ошиқ вақтдан буён тинч намойишлар тингани йўқ, ҳукумат кучлари намойишчиларни қўлга олмоқда ва уларга куч ишлатмоқда.
«Беларусь Республикаси президенти тўғрисида»ги қонунга кўра, қасамёд маросими радио ва телевидение орқали намойиш этилиши керак. Nexta телеграм-канали «Беларусь-1» ва ОНТ телеканалларида қасамёд вақтида сериаллар намойиш этилганини ёзган.
Мухолифат реакцияси
Беларусь мухолифати Мувофиқлаштирув кенгаши президиуми аъзоси, собиқ маданият вазири Павел Латушко Лукашенконинг ҳаракатларини «ўзига қасамёд қилиш операцияси» деб атади.
«ОМОН қўриқчилигида, махфий равишда, содиқ амалдорлар билан тор доирада ўтказилган маросим. Олқишлаётган фуқаролар қани? Дипломатик корпус вакиллари қаерда? Бугунги кундан эътиборан у Беларусь Республикаси президенти эмас. У шунчаки кўчаларда нишонсиз ишлаётган ОМОН ҳарбийлари ва бир неча мулозимларнинг раҳбари. Биз учун, Беларусь фуқаролари учун, жаҳон ҳамжамияти учун энди у ҳеч ким. Тарихнинг бадбахт хатоси ва маданиятли дунё учун шармандалик», деган у.
Интернетда Беларусь шаҳарлари аҳолисини кечқурун марказий ҳудудларда намойиш ўтказишга чақириқлар пайдо бўлган. Ҳайдовчилардан йўлларни тўсиб қўйиш сўралган.
Халқаро реакция
Германия Александр Лукашенкони инаугурация маросимидан кейин ҳам Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмайди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри ГФР ҳукумати расмий вакили Штеффен Зайбертга асосланиб хабар тарқатди.
Шунингдек, Словакия ҳам Лукашенкони қонуний президент сифатида тан олишдан бош тортган. Бу ҳақда ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Иван Корчок твиттердаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
Литва президенти Гитанас Науседа ҳам шундай баёнот билан чиққан. «Беларусда президентлик сайловлари эркин ва адолатли ўтмади. Унинг натижалари қонуний эмас. Ҳеч қандай маросим — дабдабали ёки махфий ўтказилсин — бу фактни ўзгартира олмайди», — деган у.
Мавзуга оид
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
02:18 / 07.12.2024
Путин ва Лукашенко хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномани имзолади
23:47 / 23.11.2024
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
21:16 / 22.11.2024