Ўзбекистон | 18:55 / 29.09.2020
55901
2 дақиқада ўқилади

1-курс талабалари учун дарслар қачон ва қай тартибда бошланиши маълум бўлди

2020/21 ўқув йили учун бакалавриатга ўқишга қабул қилинган 1-курс талабалари учун дарслар 12 октябр, душанба кунидан бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Aбдували Холиқовга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«2020/21 ўқув йилини масофавий тарзда бошладик. Биринчи курс ўқувчилари билан ҳам ўқув йили масофавий тарзда бошланади. Фарқли томони – режамизга кўра, биринчи курсга тавсия этилган талабаларнинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб бўлинганидан кейин, 12 октябрдан бошлаб, олий таълим муассасаларида 3 кундан 2 ҳафтагача танишув дарслари ташкил қилинади.

Бу танишув дарслари карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолатда аудиторияга 50 фоиздан ошмаган талабаларни киритиб, карантин талаблари асосида ташкил этилади», – деди Aбдували Холиқов 29 сентябрдаги матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, талабалар турар-жойларига талабалар жоялаштирилмайди. Узоқ ҳудудлардан Тошкентдаги ОТМларга ўқишга кирган талабалар учун ўша ҳудуддаги ОТМнинг моддий техник-базасидан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги ёшларни йиғиб, танишув дарслари ташкил этилади.

Вазирлик расмийсига кўра, узоқ ҳудудларга Тошкент шаҳридаги ОТМлар профессор-ўқитувчилари бориб, танишув дарсларини ташкил қилади. Танишув дарслари кунига 2 парадан ортиқ бўлмаган ҳолда, паралар орасида 10 дақиқалик танаффус бўлиб, талабалар аудиторияни ўзгартирмайди.

«Бу дарсларда янги қабул қилинган талаба олий таълим муассасаси ва ундаги ўқитувчилар ва дарс жадваллари билан таништирилади. Бу ерда 1-курсга қабул қилинган талабаларнинг масофавий таълим олиш кўникмасини шакллантирамиз», – деди Aбдували Холиқов.

Мавзуга оид