Жаҳон | 20:41 / 13.10.2020
3380
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик китоб ярмаркасида бу йил китоблар намойиш этилмайди

Май ойи охирларида китоб ярмаркасининг бош директори Юрген Боос ярмарка ҳар доимгидек шаклда ўтказилишини, ташриф буюрувчилар учун ниқоб тақиш ихтиёрий бўлишини айтганди. Аммо коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгач, кўплаб нашриётлар ярмаркага келмаслигини маълум қилди.

Фото: Reuters

 Франкфурт халқаро китоб ярмаркасининг етмиш йилдан ортиқ тарихида илк бор китоблар намойиш этилмайди. Ярмарка павильонлари ёпиқ бўлади, фақат немис телевидениесининг биринчи канали студияси жойлашадиган биргина павильон бундан мустасно.

 Бу ерда ёзувчилар иштирокида тақдимотлар ва телеинтервьюлар ташкил этилади. Кўрсатувлар қатъий гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилади.

Бунга сабаб эса – Германия ва Европадаги оғир эпидемиологик вазият. Май ойи охирларида китоб ярмаркасининг бош директори Юрген Боос ярмарка ҳар доимгидек шаклда ўтказилишини, ташриф буюрувчилар учун ниқоб тақиш ихтиёрий бўлишини айтганди. Аммо коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгач, кўплаб нашриётлар ярмаркага келмаслигини маълум қилди. Бундан ташқари, уч миллионга яқин киши ташриф буюрадиган Франкфурт ярмаркаси ҳудудида гигиена талабларига оғишмай амал қилишнинг имкони йўқ.

Ярмарка 14-18 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу галги китоб форумида кичик тақдимотлар, ёзувчилар билан учрашувлар, турли анжуманлар ўтказилади.

 Ярмарка давомида 100га яқин тадбир ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тадбирлар интернет орқали намойиш этилади.

Франкфурт халқаро китоб ярмаркасида ҳар йили етти мингдан ортиқ нашриёт, адабиёт агентликлари, медиа компаниялари, китоб савдоси билан шуғулланувчи бирлашмалар иштирок этиб келади.

Мавзуга оид