Жаҳон | 11:04 / 16.10.2020
3553
3 дақиқада ўқилади

ЕИ саммитида «Брексит» масаласи кўриб чиқилди

Европа Иттифоқи Буюк Британия билан музокараларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилар экан, аъзоларни низолар келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Европа Иттифоқи «Брексит»дан кейин Буюк Британия билан савдо алоқаларини тартибга соладиган келишув бўйича музокараларни давом эттиришга қарор қилди, аммо аъзо давлатларни тушунмовчилик ва низоларга тайёр бўлишга чақирди.

Европа Иттифоқи Кенгашининг матбуот котиби Баренд Лейтс иттифоқ раҳбарлари саммити давом этар экан, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия муносабатлари бўйича Кенгаш қарори қабул қилинганини эълон қилди.

Қарорда Европа Иттифоқи 31 декабрда тугайдиган «Брексит» ўтиш даврида Буюк Британия билан келишувга эришиш учун етарлича олдинга силжишлар бўлмагани ҳақидаги фикр жой олган. Раҳбарлар Европа Иттифоқининг бош музокарачиси Мишел Барниердан келгуси ҳафталарда музокараларни давом эттиришни сўрашган ва Буюк Британияни келишувга эришиш учун зарур чораларни кўришга чақиришган.

Шунингдек, ЕИ Буюк Британия чиқиш шартномаси ва унинг протоколларини тўлиқ бажариши кераклигини таъкидлаган. Қарорда «Европа Кенгаши барча аъзо давлатларни, Европа Иттифоқи институтларини ва манфаатдор томонларни барча оқибатларга, шу жумладан, можарога тайёргарлик кўриш учун ўз ишларини тезлаштиришга чақиради ва Европа Иттифоқи Комиссиясини иттифоқ манфаатларига жавоб берадиган бир томонлама, фавқулодда вазият режаларини кўриб чиқишни таклиф қилади», деган баёнотни ҳам киритган.

Брекситдан кейинги муносабатлар
31 январь куни Европа Иттифоқидан чиққан Буюк Британия иттифоқ билан икки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо-сотиқ бўйича ҳар томонлама музокаралар олиб бормоқда. 31 декабрда тугайдиган ўтиш даври мобайнида Буюк Британия Европа Иттифоқи қоидаларига бўйсунади.

Британиялик расмийлар Европа Иттифоқининг эътирозларига қарамай, ўтиш даврини узайтирмасликни ва музокаралар 2020 йил охирига қадар якунланиши кераклигини таъкидлашмоқда. Музокаралардаги танглик, мумкин бўлган битим имкониятларини аста-секин камайтирмоқда. Агар келишувга эришилмаса, икки томон ўртасидаги тижорат алоқалари 2020 йил 31 декабрдан кейин Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 7 сентябрдаги баёнотида Европа Иттифоқига 15 октябргача келишувга эришиш учун вақт берган эди.

Мавзуга оид