Турмуш ташвишлари билан яшаётган одамлар: пахтакорлар билан бир кун
Сентябрь, октябрь ойлари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги асосий экинлардан бири пахта йиғиб олинадиган вақт.
Қишлоқларда эса даромадли иш топиш осон эмас. Шу сабабли, бу ойларда қишлоқлардаги кўплаб хотин қизлар ва эркаклар пул ишлаб олиш учун пахта теримида қатнашади.
Kun.uz ҳар йили терим давом этаётган чекка қишлоқларга сафар қилади. Бу йил ҳам ижодий жамоамиз ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда пахта терими давом этаётган туманлардан бирига сафар уюштирди ва теримда қатнашаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашди.
Манзилимиз Жиззах вилоятининг энг чекка туманларидан бири — Арнасой туманидаги Бўстон қишлоғи.
Комила Эгамова анча йиллардан бери пахта даласида. У кунлик топаётган даромади, тикувчилик касби ҳақида гапириб берди:
«Асли тикувчиман. Оила аъзоларимга, қўни-қўшниларга кўйлак тикиб бераман. Мавсумда озроқ даромадга эга бўлиш учун пахта теримига чиқаман. Топган пулимга сифатли тикув машинасини сотиб олмоқчиман. Ҳозир кунлик даромадим ёмонмас: бир кунда 100 минггача пул ишлаяпман».
Сайёра опа Исломова оиласи билан пахта теримида меҳнат қилишяпти. Ундан ташқари икки келини ҳам бор. Сайёра опанинг айтишича, бир кунда 80 кило пахта теради.
«Катта келиним пахта териб хонадонига чорва олмоқчи. Уларга алоҳида уй олишимиз керак. Ҳозир икки ўғлим ҳам бир уйда яшайди», – дейди у.
Суҳбатдошимиздан қишлоқ одамлари пахта теримидан ташқари яна қандай ишлар билан машғул бўлиши ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, арнасойликлар баҳорда асосан пахта чопиғига чиқишади, шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланишади.
Пахтакорлар билан суҳбатлашиб бўлгунимизча кун ҳам яримлаб қолди. Тушлик вақти эълон қилингач, кимдир уйида қолган ишини битириш, яна кимлардир пахта даласида тамадди қилишга йўл олди. Биз эса тарозибон Бахтиёр акани суҳбатга тортдик:
«Бир кунда энг яхши теримчилар 150-160 килогача пахта теришяпти. Теримчиларга етарли шароит яратилган. Овқатни ошпазларимиз тайёрлаб беришади. Сувдан ҳам муаммо йўқ».
Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб давлат томонидан пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш бекор қилинган. Бу бўйича президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори қабул қилинган. Аммо биз борган манзил – Арнасой туманида бу тартибга амал қилинмаётган кўринади. Буни фермер хўжалиги мутасаддиси қуйидагича тасдиқлади:
«Бир кунда 12-13 тонна пахта топширяпмиз. Режа бўйича 65 тонна пахта топширишимиз керак. Режанинг 37 тоннасини топширдик. «План» бор ва шу бўйича ишлаяпмиз».
Ижодий лавҳамизни тайёрлаш давомида белгиланган амалиётга республиканинг бошқа ҳудудларида қанчалик амал қилинаётгани билан ҳам қизиқдик. Олган жавобларимиз эса бошқа кўпгина туманларда ҳам биз кўрган ҳолат давом этаётганини исботлаб турибди.
Тушлик. Пахта теримидаги энг ёқимли жараёнлардан бири. Чунки бу вақтда пахтакорлар енгил тин олиб, мириқиб суҳбатлашиб олишнинг айни вақтидир. Теримчиларнинг айтишича, даладаги ўчоқда кўпчилик учун қилинган овқат жуда мазали бўлади. Теримчиларга овқат тайёрлаётган Аширгул опа билан гаплашганимизда, 100 кишидан ортиқ теримчилар овқатига 2,5 литр ёғ, 2,5 кг гўшт ва бошқа масаллиқлар солинганлигини, теримчилар ҳам қилинаётган овқатлар мазали эканини таъкидлашди.
Теримчилар билан тушлик қилгач, яна суҳбатларимизни давом эттирдик. Гулноза опа турмушга чиққанига 20 йил бўлган бўлса, шунча вақтдан бери пахта даласида. Гулноза опа теримчиларга яратиб берилаётган шароитлар, қишлоқ одамларининг яшаш тарзидан қониқишини билдирди. Лекин бир муаммо қийнаётганини ҳам қўшиб қўйди:
«Илгарилари газ, электр токида узилишлар бўларди. Ҳозир вазият анча яхшиланган. Аммо пахта мавсуми бошлангандан бери газ баллонлари етказиб берилишида узилишлар бўляпти».
Биз ушбу суҳбатдошимиздан пандемия сабабли тўйлар қисқартирилаётгани ва буни одамлар қандай қабул қилаётгани, ҳозир қишлоқларда тўйлар қандай ўтаётгани ҳақида сўрадик.
Гулноза опага кўра, тўйлар қисқартирилгани аҳоли учун қулайлик яратди. «Фақат чақирилганлар тўйга келади, қолганлар гина қилмайди», – дейди у.
Пахта даласида 65 ва 60 ёшли теримчилар ҳам бор. Соҳиба хола ва Эшмирза ака 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида аҳил, тотув яшаб келишмоқда. Эшмирза аканинг айтишича, улар пул топиш учун пахта теришмаяпти. Бирон юмуш билан банд бўлиб, вақт ўтказиш учун пахта даласида эканликларини таъкидлашди. Соҳиба хола шу ёшда ҳам кунига 80 килодан пахта теряпти. Эшмирза ака эса аёлига ёрдам беряпти.
«Пахта даласига даромадга эга бўлиш учун чиққанимиз йўқ. Кексайган вақтимизда бирон юмуш билан машғул бўлиш учун пахта теряпмиз. Кунига биргалашиб 80 кило теряпмиз. Фарзандларимиз қаршилик билдиришди бу ишимизга. Лекин барибир иш қилиб юрган одамга бир жойда ўтириш қийин. Пахта терсак, қон юришади, янаям бақувват бўламиз», - дейди Соҳиба хола.
Соат миллари 18:00 га яқинлашар экан, қишлоқ теримчилари терган пахталарини елкасига ортиб, яна тарози бошига чиқа бошлайди. Тушдан кейинги терилган пахта ҳам яна тарозидан ўтади. Тарозибондан ўз килограммини эшитган теримчи учун бир кунлик топган пулини ҳисоблаб олиш қийинмас. Ҳаммаси оддий: теримчи аёл 100 кило пахта терди. У билан 95 кило пахта учун 1200 сўмдан ҳисоб-китоб қилинади. Чунки 5 кило пахта ҳосилига қўшилиб кетган барг, чаноқ ва бошқа қўшимчалар учун қайтариб қолинади. Демак, бир кунда 95 кило пахта терган теримчи 114 минг сўм билан уйга қайтади. Пахтакорнинг бир куни шу тарзда якунланади.
Кун охирида илғор теримчиларга, шунингдек, кўп фарзандли, энг ёш ва кекса теримчиларга пул мукофотларини топширдик.
Биз эса арнасойлик теримчилар мисолида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пахта тераётган ватандошларга ҳорманг, деймиз. Меҳнатингиз барокатли бўлсин.
Илёс Сафаров, Муҳаббат Маъмирова – Kun.uz мухбирлари.
Дониёр Якубов – оператор
Мавзуга оид
09:33 / 26.11.2024
Пахта маҳсулотини сотишда манипуляцияга йўл қўйган корхонага чора кўрилди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024