Ўзбекистон | 14:06 / 22.10.2020
12631
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда метро ва автобус йўловчилари учун кунига ўртача 28 млн сўмлик қўлқоп харид қилинмоқда — Транспорт бошқармаси

Транспорт вазирлигининг икки расмийси Kun.uz сўровига биноан пойтахт жамоат транспорти йўловчиларига бепул берилаётган қўлқоплар қайси корхоналардан сотиб олинаётгани ҳақида маълумот беришларини билдирган эди. Аммо ўтган уч кун ичида етказиб берувчилардан фақат биттасининг номи очиқланди.

19 октябрдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўловчиларидан мажбурий равишда тиббий ниқоб билан бирга тиббий қўлқопда ҳам бўлиш талаб этилмоқда. Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Aнвар Жўраевнинг маълум қилишича, бир ойга 13-14 млн дона қўлқоп керак бўлиши ҳисоблаб чиқилган.

«Буни битта ишлаб чиқарувчининг ўзи етказиб беролмайди. Ҳозирги кунга келиб, иккита етказиб берувчи ташкилот топдик. Улар кунига бири 200 минг, иккинчиси 130-150 минг қўлқоп етказиб бермоқда. Ҳали энди иккинчи кун. Биз ҳозирда бозорни ўрганиб, қанча ишлаб чиқарувчимиз бор, шуларни ўрганган ҳолда сотиб олишни йўлга қўямиз», – деди Жўраев 20 октябрда берган интервьюсида.

У ижтимоий тармоқларда мазкур янги тартибни кимлардир пул ишлаб олиш мақсадида жорий этгани ҳақидаги гапларни асоссиз деб, «қўлқоп тақиш фақатгина коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида» татбиқ этилганини таъкидлади.

Анвар Жўраев

«Кеча очиқлаб айтганимиздек, бир жуфт қўлқоп 56 сўмга айланмоқда. Энди қарайдиган бўлсак, соғлиқни сақлаш тизимида битта касални даволаш учун 30 миллиондан 60 миллионгача харажат қилиняпти. Бизда [кунига] 350-400 минг йўловчи ташиб турган пайтимизда, агар биз қўлқоп ишлатмасак, касалланганлар қанчалик кўпаяди ва бюджетга қанчалик зиён етади. Биз қўлқопни олиб, йўловчиларимизнинг касаллик юқтириб олиш эҳтимолини камайтирсак, бу ҳам давлатга, ҳам аҳолига катта ёрдам бўлади», – деди пойтахтнинг транспорт тизими бошлиғи.

Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, Тошкент метроси ва автобуслари йўловчиларини қўлқоплар билан таъминлаш учун бир кунда ўртача 28 млн сўм сарфланмоқда.

«Бу 1 млн дона қўлқоп учун. Ишлаб чиқарувчи уни доналаб ҳисоблар экан, табиийки биз уни жуфт қилиб тарқатяпмиз», – дея тушунтирди у.

Маълум қилинишича, жамоат транспорт корхоналарининг қўлқоплар учун харажатлари ҳар ой якуни бўйича Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

«Бунда муаммо бўлмайди. Буни биз ҳукумат билан, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда кўриб чиқиб, харажатлар қоплаб берилиши тартиби ва тахминий нархларни белгилаб олганмиз», – деди Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи 20 октябрь куни Kun.uz'га берган интервьюсида.

Қўлқоплар 2та корхонадан сотиб олинмоқда. Иккинчи корхона номи очиқланмади

Анвар Жўраев ушбу интервьюда қўлқоп етказиб берувчи иккита ташкилот топилганини айтиб, уларнинг аниқ номини билмаслиги ва бу ҳақда маълумот беришини билдирган эди.

Ундан аввалроқ, 19 октябрь куни Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов ҳам қўлқоплар қайси корхоналардан харид қилинаётгани ҳақида таҳририятга маълумот тақдим этилишини айтганди.

«Ҳозир қайси фирма билан шартнома тузилгани бўйича менда маълумот йўқ. Лекин керак бўлса, қўшимча маълумот бериш мумкин»,деганди у.

Наврўз Ашурматов

Айни пайтгача Транспорт вазирлиги Kun.uz'га қўлқоп етказиб берувчилардан бири «Poliplast Dizayn» МЧЖ эканини маълум қилди холос. Аммо ушбу корхона билан қайси ташувчилар шартнома тузгани, шартнома қиймати ва бошқа маълумотлар, шунингдек, қолган етказиб берувчилар ҳақида ахборот берилмади.

«Жамоат транспортларида қўлқоп тақишни тарғиб қилиш – мантиқсизлик»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Транспорт вазирлигининг бу ташаббусини мантиқсизлик деб атаб, вазирлик бу тартибни бекор қилиши кераклигини айтди. У Telegram'даги каналида бу қарор юзасидан «иккита асосий шубҳа»га эътибор қаратган.

Бобур Бекмуродов

«Биринчидан, жамоат транспортида қўлқоп тақилиши ҳақида Махсус комиссия қарори ёки бирор юридик ҳужжат йўқ. Транспорт вазирлигининг бундай қарор қабул қилишга ваколати борми? Агар шундай ҳужжат бўлса, уни эълон қилиш керак.

Иккинчидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясидан сақланишда қўлқоп тақиб юришни самарасиз, деб топган.

[...] Қўлқоплар текинга тарқатилгани билан, уларни харид қилиш харажатлари охир-оқибат солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан амалга оширилади.

Шу муносабат билан, Транспорт вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиши ва бунинг ўрнига, фуқаролар билан маслаҳатлашиб, бошқа (қўлни дезинфекция қилиш учун диспенсерларни ўрнатиш каби) ҳимоя усулларини таклиф қилиши керак», – деб ёзди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Транспорт вазирлигининг бу қарори легитимлигига Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам шубҳа билдирган эди. Унинг фикрича, жамоат транспортида қўлқоп тақиш мажбурий эмас, янги қоида тавсиявий характерга эга.

Россиянинг бош инфекционисти Владимир Чуланов 21 октябрь куни берган интервьюсида қўлқоп тақиш коронавирусга қарши самарасиз эканини маълум қилди. Ўзбекистон ССВ қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг икки ўринбосари – Ботир Қурбонов ва Нурмат Отабеков қўлқоп тақиш COVID-19 юқтириш эҳтимолини камайтиришини айтмоқда.

Мавзуга оид