Жамият | 22:27 / 24.10.2020
25210
3 дақиқада ўқилади

Гўшт нега қимматлашди? Нархни назорат қилиш қанчалик тўғри?

КУН. МУНОСАБАТ. лойиҳасида Kun.uz ижодкорлари гўшт нархи нега кўтарилгани ҳақида мулоҳаза юритишди. Лойиҳанинг бу галги сонида Бобур Акмалов ва Алишер Рўзиохунов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Алишер Рўзиохуновнинг фикрича, гўшт нархининг кўтарилиши комплекс муаммо ҳисобланади, яъни бу айнан бир сабаб билан содир бўлган воқеа эмас.

Давлатнинг иқтисодга аралашувчи олқишланмайди

«Давлатнинг нафақат нарх-навога, балки иқтисодиётга аралашуви либерал иқтисодчилар томонидан танқид қилинади. Уларнинг фикрича, давлат иқтисодиётга аралашиши керак эмас, балки қандайдир ишлар орқали унга туртки бериши мумкин», дейди Алишер Рўзиохунов гўшт нархининг назорат қилинаётгани ҳақида фикр билдирар экан.

«Ёздан ўтиб гўшт арзонлашни бошлайди»

Журналист гўшт нархининг ўсиши қандай омиллар билан боғлиқлигини тушунтирди: «Ёзда гўшт кўп истеъмол қилинади ва бу вақтда нарх қимматроқ бўлади. Ёздан чиқишимиз билан эса нарх туша бошлайди. Одамлар мол-қўйни нега боқади? Пулини сақлаб туриш учун. Кимдир ўқишга кирса, кимдир Россияга ишга кетиши керак бўлса, чиптага пул учун молини сотади. Шу сабаб ноябрдан бошлаб мол арзонлашади. Чунки таклиф кўпаяди. Яна ем қимматлашади ва одамлар кузда молдан «қутилади». Бу эса бозорда таклиф кўпайишига олиб келади. Таклиф ва талаб бир ерда топишиб, нарх белгиланади.

Лекин бу ҳолатга давлатнинг аралашувчи, яъни 75 минг сўм сотилаётган гўштни 60 минг сўмдан қиммат сотмайсан, дейиши кимнингдир манфаатига хизмат қилиши мумкин, лекин иқтисодиётга путур етказади. Ахир қайси тадбиркор зарарига ишлашни истайди? Тадбиркор даромад қила олмаса, бу ишни ташлайди. Яъни, таклиф камаяди».

«Чорвадорга ҳам ер керак, фақат пахта ёки буғдойга эмас»

«Нарх ошишига дефицит сабаб бўлмоқда. Яъни, бозорда гўшт етишмаяпти. Давлат дефицитни камайтириш ўрнига нархни маъмурий ричаглар билан туширишга уриниши – хато. Ҳозир нархни оширган муаммо фақат ем эмас, бўрдоқичилик, наслчилик, технология, кадрлар. Шунингдек, ҳокимлар ерни хоҳласа беради, хоҳласа олиб қўяди, ваҳоланки, чорвадорга ҳам ер керак, фақат пахта ёки буғдойга эмас. Комплекс масалага жиддий эътибор қаратиш керак. Нархни тушириш эса дефицитни янада оширади.

Бу борада узоқ йиллик ислоҳотлар тизими керак. Чунки битта буқача дунёга келишига тўққиз ой вақт кетади, улғайишига яна икки йил. Бу тезда яхшиланадиган муаммо эмас. Бу борада 7-8 йиллик ислоҳотлар режаси керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, озиқ-овқат масалалари бўйича бош вазир ўринбосари таклифлар билан чиқишсин, тадбиркорлар билан маслаҳат қилишсин, чунки ислоҳотни амалга оширадиган улар. Нархни бугун тушириш кейинчалик ҳам нарх пасайишини таъминлайди дегани эмас», деди Алишер Рўзиохунов.

Мавзуга оид