Ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг 600дан ортиғи талаба бўлди – ДТМ
Давлат тест маркази ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг балли етганлари талабаликка тавсия этилганини хабар бермоқда.
ДТМнинг хабар беришича, бу йил ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга жами 13 107 нафар абитуриент ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган. Масъул ваколатли органлар томонидан дастлабки текшириш натижаларига кўра, 1 828 нафар абитуриентнинг ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси тасдиқланмаган.
“Қайта текшириш натижаларига кўра, 1 828 нафар абитуриентдан 1 516 нафари ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эканлиги, 172 нафари сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилганлиги, 85 нафари ҳарбий хизматни ўтамаганлиги ва 55 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги, лекин ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эмаслиги аниқланди.
Давлат тест маркази томонидан тавсияномаси тасдиқланган абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари асосида танлов натижалари (ҳар бир таълим шакли ва олий таълим муассасаси кесимида) ҳисобланганда 1 516 нафар абитуриентдан 128 нафари давлат грантига, 478 нафари тўлов-контрактга ўтиш балларига тенг ёки ундан юқори балл тўплаганлиги маълум бўлди”, – деб ёзмоқда Давлат тест маркази.
Қайд этилишича, Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан бу абитуриентларнинг 128 нафари давлат гранти асосида, 478 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.
“Ҳозир талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилмоқда. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ўз натижаларини шахсий кабинетлари орқали кўришлари мумкин”, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентлар бир неча марта ДТМ биноси ёнига тўпланишди, Вазирлар Маҳкамасига боришди.
Аввалроқ ДТМ директори Мажид Каримов Қабул комиссиясига асосланиб, тавсияномаси муаммо бўлган абитуриент талаба бўлишини айтган эди.
Мавзуга оид
13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди
15:10 / 19.11.2024
Айрим битирувчиларга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади
17:08 / 29.07.2024
5 йил стажга эга ходимни ўқишга тавсия этадиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
07:50 / 31.05.2024