Жамият | 19:43 / 26.10.2020
14186
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Ремдесивир»нинг бир қутисини 750 мингдан сотаётган уч фуқаро қўлга олинди

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларида жуда кўп миқдордаги дори воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Фото: EPA/ТАСС

Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.А., Қ.Н. ва Б.Д.лар коронавирус пандемияси туфайли аҳоли томонидан истеъмол талаби юқори бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган 85 қути «Remdesevir 100 mg» дорисининг ҳар бир қутисини 750 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 6 200 долларга фуқаро М.А.га дорихонадан ташқарида қонунга хилоф равишда сотишган вақтда ушланиб, улардан 85 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси; бундан ташқари, Б.Д.нинг бошқарувидаги «Laсetti» русумли автомашина кўздан кечирилганда, автомашинанинг салонидан 135 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси, жами тахминий қиймати 165 млн сўмлик, 220 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан фуқаро М.П.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Х. бошқалар билан тил бириктириб, дори воситалари нархларини сунъий равишда ошириб, М.П.га ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган «Пропинем 100 мг» дорисининг ҳар бир донасини 90 минг сўмдан 500 донасини жами 45 млн сўмга, «Меропенем 1мл флаконда» дори воситасини ҳар бир донасини 50 минг сўмдан 1 000 донасини жами 50 млн сўмга ва «Бициклол 25 мг» ҳар бир қутисини 265 минг сўмдан 300 қутисини жами 79,5 млн сўмга, ҳаммаси бўлиб 3 хил турдаги дори воситаларини 174,5 млн сўмга сотишга келишиб, ундан 13 550 доллар ва 34,9 млн сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро А.Ю. фуқаро С.Х.га «Indvir 100 мл» дори воситасининг ҳар бир қутисини 100 доллардан ҳисоблаб, 100 қутини жами 10 000 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган ва тадбирда фуқаро А.Ю.дан жами 108 қути 74,2 млн сўмлик «Indvir 100 мл» дориси ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Мавзуга оид