Жаҳон | 21:59 / 31.10.2020
9269
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Тоғли Қорабоғга тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масаласи устида иш олиб бормоқда

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайеннинг фикрича, "кўпмиллатли тинчликпарвар кучлар ёки кузатувчилар иштирокисиз Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий амал қилинишини тасаввур қилиш қийин".

Фото: REUTERS

АҚШ Тоғли Қорабоғга Скандинавия мамлакатларининг тинчликпарвар кучларини жойлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайен маълум қилди.

"Туркиянинг ҳар қандай кўринишдаги воситачилиги ёки тинчликпарварлиги АҚШ ҳамда Арманистон учун муваффақиятсиз ташаббус ҳисобланади. Биз ҳар икки мамлакат скандинавиялик тинчликпарварлар жойлаштирилишига рози бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Биз Скандинавия мамлакатлари билан ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб туриш учун  минтақада жойлаштириладиган тинчликпарвар кучларни шакллантириш масаласи устида ишламоқдамиз", - деди О'Брайен.

Унинг фикрича, "кўпмиллатли тинчликпарвар кучлар ёки кузатувчилар иштирокисиз Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий амал қилинишини тасаввур қилиш қийин".

ЕХҲТ матбуот хизматининг хабар қилишича, 30 октябрь куни Минск гуруҳининг ҳамраислари Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари билан алоҳида ва биргаликда учрашувлар ўтказган.

Минтақадаги вазият 27 сентябрда кескинлашди, баҳсли ҳудудда тўқнашувлар бошланди. Арманистон ва Озарбойжон ўт очишни тўхтатиш тўғрисида уч марта келишувга эришган бўлса-да, жанглар давом этмоқда.

Мавзуга оид