Жаҳон | 23:05 / 04.10.2023
11687
2 дақиқада ўқилади

Россия, ЕИ ва АҚШ ўртасида Қорабоғ бўйича яширин музокара ўтказилди – ОАВ

Музокаралар Озарбойжоннинг ҳарбий амалиётидан олдин ўтказилгани айтилмоқда.

Фото: Reuters

Озарбойжон ҳарбий амалиёти бошланишидан бир неча кун олдин Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломатлари Туркияда Тоғли Қорабоғ бўйича махфий учрашув ўтказган. Бу ҳақда Politico ёзди.

Қайд қилинишича, учрашувда Тоғли Қорабоғ блокадасини бекор қилиш, озиқ-овқат ва ёқилғи етказиб беришни қайта тиклаш масалалари муҳокама этилган.

Россиядан музокараларда Ташқи ишлар вазирлигининг Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича махсус вакили Игор Ховаев, АҚШ томонидан Кавказ бўйича катта маслаҳатчи Луис Боно иштирок этган. Европа Иттифоқи томонидан Жанубий Кавказ ва Грузия инқирози бўйича махсус вакил Тойво Клаар қатнашган.

Нашр таъкидлаганидек, бу Украинадаги уруш бошланганидан бери Россия, АҚШ ва ЕИ дипломатлари ўртасидаги камёб учрашувдир. Нашр манбасининг тушунтиришича, Кремл минтақада ҳамон таъсир кучига эга ва Қўшма Штатлар бу каби масалаларда Россия билан ҳамкорлик қилишига тўғри келади.

Оқ уй Тоғли Қорабоғ бўйича учрашув ҳақида расман изоҳ беришдан бош тортди, бироқ уни инкор ҳам этмади.

19-20 сентябр кунлари Озарбойжон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ҳудудини «аксилтеррор чоралари» натижасида тўлиқ назоратга олди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади – бу фармонни унинг президенти Самвел Шаҳраманян имзолаган. Қорабоғ қуролли кучлари ҳам тарқатиб юборилди.

Тоғли Қорабоғда яшаган 125 мингга яқин аҳолининг кўпчилиги ҳудудни тарк этиб, Арманистонга ўтди. БМТ маълумотларига кўра, минтақада улардан 50 дан 1000 га яқин арман қолган.

Мавзуга оид