Самарқанд яриммарафонида ғолиб аниқланди. Амалдаги чемпион иккинчи бўлди
Самарқанд шаҳрида иккинчи марта ўтказилган анъанавий «Samarkand Half Marathon» яриммарафони якунланди. Масофани 1 соат 5 дақиқа-ю 42 сонияда босиб ўтган тошкентлик 34 ёшли Андрей Петров ғолиб бўлди. Ундан 20 сония ортда қолган 24 ёшли сурхондарёлик Шоҳруҳ Давлатов иккинчи, 2000 йилда туғилган самарқандлик Тошқувватов Отабек учинчи бўлди. Маълумот учун, Шоҳруҳ Давлатов ўтган йил мусобақа ғолиби бўлганди.
Аёллар ўртасида сурхондарёлик Ситора Ҳамидова старт чизиғини 1 соат 11 дақиқа-ю 58 сонияда босиб ўтиб, ғолиб бўлди. Жиззахлик Марина Хмелевская иккинчи, фарғоналик Екатерина Тунгускова учинчи бўлди.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларда ғолиб бўлганлар 12 миллион сўмдан мукофот пули олишди. 2-5 ўрин соҳиблари эса мос равишда 8, 6, 5 ва 4 миллион сўмдан мукофот, шунингдек, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибларни Туризм қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тақдирлади.
Марафон Самарқанд марказидаги Регистон майдони ёнидаги Ислом Каримов кўчасида бошланди ва финиш ҳам худди шу ерда бўлди. Қатнашчилар 21 километрдан ортиқ масофани шаҳар кўчалари бўйлаб ташкил этилган айланма трассада босиб ўтишди. Марафоннинг очилишида сўзга чиққан Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов барча иштирокчиларни табриклади.
Соат 11:30 да мусобақа ташкилотчилари ва кўнгиллилар қисқа масофага югуришди. Унда туризм қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам қатнашди. Икки кундан буён Самарқандда бўлиб ўтаётган «Samarkand Half Marathon» доирасидаги маданий тадбирлар бугун кечгача давом этади. Тушдан кейин Азиз Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида Сартепа мавзесидаги «Sumaya» меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
15:52
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024