Амалдаги чемпион иккинчи, нонушта натижага таъсир қилди. Самарқанддаги марафон қандай ўтди?
Самарқандда иккинчи марта анъанавий «Samarkand Half Marathon» яриммарафони ўтказилди. Тантанали руҳда ўтказилган мусобақада амалда энг тажрибали спортчи сифатида қатнашган олимпиада ўйинлари иштирокчиси Андрей Петров ғолиб бўлди.
Марафоннинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов барча иштирокчиларни табриклаб, нутқ сўзлади. Охирги вақтларда Самарқандда байрамона тадбирлар кўп бўлмоқда ва шу сабаб ташкилотчилик юқори даражада бўлди. Ахир Самарқанд туристик тадбирлар ўтказишда тобора тажрибали бўлиб бормоқда.
Биргина 18 октябрдаги Самарқанд кунида кўплаб туристик объектлар очилди ва ўшанда ҳам худди яриммарафонда бўлгани каби ташкилотчилик ишлари Туризм қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилганди. Пандемия қачондир тугайди ва ҳаёт ўз изига қайта бошлаганда бундай ишлар ўз самарасини бериб, Самарқандга сайёҳлар оқими янада ошади. Шу ўринда таъкидлаш керак, пандемиягача Самарқанд сайёҳлар ташрифи бўйича янгидан-янги рекордларни янгилаб келаётганди. Бироқ коронавирус тўлқини иқтисодий тармоқлардан, энг аввало, туризмга жиддий таъсир кўрсатди. Бироқ кейинчалик ҳам сайёҳлар Самарқанд иқтисодиётида катта ўрин тутишини инобатга олсак, пандемия вақтида ҳам туристик салоҳиятга эътибор берилаётгани, шубҳасиз, ўз самарасини беради.
«Тоғда шуғуллангандик, самарасини берди...»
Юқорида айтганимиздек, Самарқанд яриммарафонида 1986 йилда туғилган тошкентлик Андрей Петров ғолиб бўлди. Олимпиада ўйинлари иштирокчиси бўлган таниқли спортчи уч карра Осиё чемпионатлари совриндори бўлган. Петров биз билан суҳбатда ғалабани қўлга киритиш осон бўлмаганини айтди ва Дукентдаги тайёргарлик ўз самарасини берганини таъкидлади. Тошкент вилоятидаги Дукент дарёбўйи ҳудуди тоғли жой ҳисобланади. Самарқанд марафонида ҳам тепалик, пастликлар кўп ва бундай ҳолатларда тоғли ҳудуддаги машқлар асқотади.
Андрейдан югуриш билан шуғулланиш қанчалик фойдали эканини сўраганимизда, у тўғрисини айтди: «Профессионал югуриш билан шуғулланиш одамнинг танасига қийинчилик туғдиради. Шу сабаб энг яхшиси – ҳаваскор югуриш. Шунчаки югуринг ва саломат бўлинг».
Марафон ғолиби финишда ўзини жуда хотиржам тутганини изоҳлар экан, ғолибликни нишонлаш рақибларига таъсир қилмаслиги кераклигини айтди: «Ахир улар менинг дўстларим, биз бирга шуғулланамиз. Рақибни ҳар қандай ҳолатда ҳурмат қилиш керак, ғалабада ҳам, мағлубиятда ҳам», дейди Андрей Петров.
«Нонушта ёқмади шекилли, 5-километрда бироз ютқаздим».
Марафон якунлангач, Самарқанд яриммарафонининг ўтган йилги ғолиби Шоҳруҳ Давлатов билан ҳам суҳбатлашдик. Сурхондарё енгил атлетика мактаби вакили ғолиб бўлолмаганига қарамай, ўз натижасини яхшилаганидан мамнунлигини таъкидлади. Шоҳруҳдан иккинчи ўринда қолганига нима таъсир қилгани ҳақида сўраганимизда, у спортча тил билан тушунтирди: «Марафонча югуришда фақат югуришнинг ўзи камлик қилади. Бунда аввало чидам керак, тактикани ҳам ишлата олиш лозим. Менда ҳаммаси яхши кетаётганди, лекин 5-километрда ошқозонимда бироз ноқулайлик сездим ва 200 метрча бой бердим. Балки нонушта ёқмагандир. Умуман олганда, хурсандман, чунки натижамни яхшиладим.
Андрей ака орамиздаги энг тажрибали спортчи. У кишига узоқ вақт рақобатчи йўқ эди ва охирги йилларда мен яхшигина рақобат қиляпман. Ўтган йил Самарқанд марафонида ғолиб бўлганман, яқинда ҳам Андрей акани 10 километрдаги мусобақада енгдим. Бугун эса у кучлилик қилди. Рақибимни табриклайман», деди Шоҳруҳ Давлатов.
Энг ёш совриндор
Қизлар ўртасидаги мусобақада 2002 йилда туғилган фарғоналик Ситора Қурбонова ҳам совриндор бўлди. У 4-ўринни олди ва айтишича, шахсий натижасини нақ 7 дақиқага яхшилаган. Шу тариқа Ситора Самарқанд яриммарафонининг энг ёш совриндорига айланди.
Мавзуга оид
15:52
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024