Ўзбекистон | 14:45 / 06.11.2020
12183
5 дақиқада ўқилади

Давлат бошқарувида сунъий интеллект нима учун керак? Вазир ўринбосари тушунтириб берди

Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси тасдиқланиши кутилмоқда. Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу йўналишга эътибор қаратиш нима учун муҳимлигига тўхталиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

«Сунъий интеллект йўналишида икки йилдан бери изланиш олиб бормоқдамиз. Ҳозирги кунда жуда кўп ривожланган давлатларда бу соҳани такомиллаштиришга алоҳида урғу бериляпти. Сабаби глобаллашув жараёнида кўп маълумотлар электрон тарзда қабул қилинмоқда. Жуда кўп маълумотларга эгамиз, лекин уларни таҳлил қилишга инсон идроки ожизлик қилади. Шунинг учун ҳам сунъий интеллектга юзланилмоқда.

Мисол учун, давлат бошқарувини олайлик. Бу йўналишга сунъий интеллектни жорий этилиши жуда яхши натижа беради. Ўзбекистонда ташкил этилган яхши тадбирлардан бири – президент ва бош вазир қабулхоналари ишлаётганидир. Бу орқали халқ билан мулоқот бўляпти. Жуда кўп маълумот халқдан мурожаат сифатида келяпти. Лекин уни таҳлил қилиш учун инсон омили бироз ожизлик қилиши ёки узоқ вақт талаб этиши мумкин.

Агар шу жараёнда сунъий интеллектдан фойдалансак, қайси вилоятда кайфият қанақа эканини билишимиз осон бўлади. Қайси ҳудудда масалан, соғлиқни сақлаш йўналишида муаммолар кўп. Қайси жойда таълим ёки қишлоқ хўжалигида камчиликлар бор. Буларнинг барчаси инсон омилисиз аниқланади.

Бунга қараб давлат ўз сиёсатини олиб бориши янада яхши самара беради. Бундан фақат тўғри маънода фойдаланиш керак. Яъни мурожаатга тезда эътибор бериш ва келажакда халқимизнинг оғриқли нуқталарини аниқлаб, ўшанинг олдини олиш чораларини кўриш лозим», – деди вазир ўринбосари.

Азимжон Назаров сунъий интеллект соҳасида жаҳон тажрибаси ва уни Ўзбекистонда ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларга тўхталиб ўтди.

«Мисол, Хитой тажрибасини олайлик. Аэропортга келаётган йўловчини видео ёки суратидан унинг кайфияти, соғлиғининг даражаси, ҳатто қанақа фикрда келаётганини ҳам сунъий интеллект орқали аниқлайдиган технологиялари бор уларнинг. Ускуна тезда ва керакли вақтда инсон ҳолатини таҳлил қилиб беради.

Бундай технология, масалан, туристлар келадиган бўлса, уларга кайфиятига қараб мезбонлик қилишда қўл келади. Шу билан бирга, хавфсизлик масаласида ҳам фойдаси катта.

«Ўзбекистон учун сунъий интеллектни ривожлантиришга жуда эрта, биз бунга тайёр эмасмиз», дейишимиз мумкин, лекин агар рақобатбардош бўламан, бу йўналишда мутахассислигимизни ривожлантираман десак, албатта мазкур соҳага эътибор беришимиз керак.

Шу сабабли охирги икки йил давомида таҳлиллар қилдик ва ушбу йўналишдаги асосий муаммоларимизни ўргандик.

Биринчи навбатда кадр масаласи муаммо. Иккинчидан, сунъий интеллект бўйича деярли илмий фаолият олиб борилмаяпти. Учинчидан, норматив-ҳуқуқий база ҳали шакллантирилмаган.

Шунинг учун соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузиб Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси борасида иш олиб боряпмиз. Яъни шу стратегия доирасида биринчи навбатда юқорида айтилган муаммолар ҳал қилингач, халқаро ҳамкорлик орқали қайси соҳаларга татбиқ қилишимиз мумкинлиги ўрганилмоқда.

Кўпгина давлатлар қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланяпти. Биламиз, жуда кўп экин еримиз бор. Экинлар экамиз ва маълумотлар жуда кўп. Келажакда қишлоқ хўжалиги ҳам рақамлаштирилиши мумкин.

Масалан, Россия сунъий интеллектнинг 3 та йўналишига эътибор қаратди. Булар – суд-ҳуқуқ тизими, мудофаа ва соғлиқни сақлаш йўналишлари.

Мисол, суд-ҳуқуқ тизимида жуда кўп маълумотлар бор. Биламиз, судларда том-том ҳисоботлар, ҳужжатлар ўрганилади, таҳлил қилинади. Унда инсон омили натижасида баъзи бир хатоликларга йўл қўйилиши мумкин. Сунъий интеллект бунинг олдини олади ва маълум бир маслаҳатлар беради. Бу соҳани биз интеллектуал қарамликдан қочиш учун ҳам ривожлантиришимиз керак», – деди Азимжон Назаров.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган эди.

Сунъий интеллект деганда инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим тушунилади.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 2019 йилда эълон қилинган маълумотига кўра, 1960 йилдан 2018 йилга қадар сунъий интеллект билан боғлиқ 340 000 та патент олинган ва 1,5 миллиондан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган.

2030 йилга келиб сунъий интеллектнинг глобал иқтисодиёт ЯИМга қарийб 15 триллион доллар киритиши тахмин этилмоқда.

Мавзуга оид