Жаҳон | 17:02 / 12.11.2020
9224
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Туркия Қорабоғ масаласида турлича қарашларга эга — Песков

 Песков Тоғли Қорабоғда Туркия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши учун Ереван ва Бокунинг розилиги лозимлигини қайд этди.

Фото: DPA

Тоғли Қорабоғ низосини ҳал қилиш борасида Россия ва Туркия турлича қарашларга эга, деди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг сўзларига кўра, ЕИнинг қатор мамлакатлари, БМТ ва Россия низони сиёсий-дипломатик усуллар билан ҳал қилиш тарафдори, "Туркия эса бошқача нуқтаи назарда".

У Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар фақат россияликлар бўлишини таъкидлади.

"Тинчликпарвар кучлар сифатида фақат россияликлар фаолият кўрсатади, туркиялик ҳарбийлар билан ҳамкорлик эса фақат Озарбойжон ҳудудида жойлашган мониторинг маркази доирасида бўлади", - деди Песков.

У Тоғли Қорабоғда Туркия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши учун Ереван ва Бокунинг розилиги лозимлигини қайд этди.

CNN Turk телеканалининг хабар беришича, Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар Анқара Тоғли Қорабоғда тинчлик келишувига амал қилинишини кузатиш ва назорат қилиш учун ўз тинчликпарвар кучларини юборишини маълум қилган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини назорат ва мониторинг қилиш бўйича Туркия-Россия марказини ташкил этиш тўғрисида баённома имзоланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид