Фан-техника | 20:49 / 23.11.2020
5128
1 дақиқада ўқилади

Антибактериал қопламага эга дунёдаги биринчи телефон ишлаб чиқилди

Британияда антибактериал қопламага эга дунёдаги биринчи телефон ишлаб чиқилди. Bullit Group компаниясининг Cat S42 телефони корпуси микроблар кўпайиши олдини олувчи кумуш ионларига эга материалдан тайёрланган.  

Фото: Bullit Group

Компания микробларга қарши Biomaster технологиясини ишлаб чиққан Addmaster фирмаси билан ҳамкорлик қилади. Телефон корпуси айнан шу технология ёрдамида ишлаб чиқилган. Addmaster’нинг кумуш негизидаги материалини пластик, қоғоз, мато, бўёқ ёки қоплама таркибига киритиш ва бунинг эвазига антибактериал қадоқлар олиш мумкин.  

Коронавирус пандемияси вақтида айниқса долзарб бўлган телефоннинг нархи 229 фунт стерлингни ташкил қилади. Янги қурилма 2021 йил бошида сотувга чиқарилади.

Кумуш ионлари эвазига телефон корпусига тушувчи бактерияларнинг 80 фоизи 15 дақиқада, 24 соат ичида эса 99,99 фоизи йўқ бўлади. Телефон корпуси сув ўтказмайди, шу сабабли уни ҳеч ҳам хавотирланмасдан совунли эритма билан ювиш мумкин.

Кейинроқ бундай телефонлар моделларини кўпайтириш режалаштирилган. Жумладан, компания 380 фунт стерлингдан Сat S52, 599 фунт стерлингдан эса Сat S62 моделларини чиқаришга ваъда берган.

Мавзуга оид