Жамият | 19:50 / 23.11.2020
8907
2 дақиқада ўқилади

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти «International Job Organization» ХБАга оид жиноят иши бўйича қўшимча маълумот берди

Фото: International Job Organization

«International Job Organization» хусусий бандлик агентлигининг мансабдор шахсларига оид жиноят иши бўйича тергов якунига етиб, иш жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига оширилгани тўғрисида хабар берилган эди.

Унда ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди вакилига асосланиб, жиноят иши бўйича 2620 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилгани ва уларга етказилган жами зарар миқдори 18 млрд 484 млн сўмни ташкил қилгани, шунингдек, дастлабки тергов даврида етказилган зарарнинг бор-йўғи 591 млн сўми қоплангани маълум қилинган эди.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, ЖИБ Шайхонтоҳур туман судига юборилган жиноят иши бўйича етказилган умумий зарарнинг 6 млрд 783 млн сўми ундирилиши таъминланган бўлиб, шундан 722 млн сўм нақд пул маблағлари, 6 млрд сўми эса хатланган мол-мулкларни ташкил этади.

Шунингдек, «International Job Organization» хусусий бандлик агентлигининг мансабдор шахслари томонидан бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар орқали пул маблағларни ўзлаштирганлик ҳолатига оид қисми ҳозирда алоҳида иш юритувига ажратилган бўлиб, мазкур жиноят иши доирасида 10 млрд 507 млн сўмлик зарар қисми қопланиши таъминланган, шундан 411 млн сўм нақд пул ва 10 млрд 96 млн сўми хатланган мол-мулкларни ташкил қилади.

Тергов департаментининг қўшимча қилишича, ушбу жиноят иши бўйича ҳам қисқа муддатларда терговни тамомлаш ва судга юбориш чоралари кўрилади.

Мавзуга оид