Жаҳон | 10:22 / 26.11.2020
6162
3 дақиқада ўқилади

Трамп собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этди

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, Россия билан алоқалар бўйича ФҚБга ёлғон ахборот берганликда айбланган Майкл Флинни афв этди.

“Мен учун генерал Майкл Флинн афв этилганини эълон қилиш катта шараф. Уни ва оиласини бу билан табриклайман. Биламан, энди сиз Шукроналик кунини ажойиб нишонлайсиз”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Трамп аввалроқ Флинни афв этиши мумкинлигидан огоҳлантирган. У собиқ маслаҳатчисини айбдор деб ҳисобламаслигини айтган ва суд ҳокимиятининг Флиннга нисбатан муносабатидан аччиқланган.

Демократлар Трампнинг Флинни афв этиш қарорини қоралашмоқда. Жумладан, АҚШ конгресси вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитаси раиси Адам Шифф амалдаги президентни ўзининг афв этиш ҳуқуқини суиистеъмол қилишда айблаган. Вакиллар палатасининг юридик қўмитаси раиси Жерролд Надлер эса президентнинг қарорини “ўринсиз, тутуриқсиз ва президент Трампнинг тобора кичрайиб бораётгани меросидаги яна бир доғ” деб атаган.

Аввалроқ Axios нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Трамп яқин атрофидаги одамлар билан Флинни афв этиш режасини муҳокама қилганини маълум қилган. Таъкидланишича, ушбу афв Трамп президент лавозимини тарк этишидан олдин амалга оширмоқчи бўлаётган бир қатор афвларнинг бир қисми ҳисобланади.   

Амалдаги президентнинг тарафдорлари эса Флинни собиқ президент Барак Обама маъмуриятининг сиёсий ўч олиши қурбони деб ҳисоблаб келишади.

Флинн ОАВда Россиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Сергей Кисляк билан Россияга қарши санкциялар мавзусини муҳокама қилгани ҳақидаги ахборот пайдо бўлгандан кейин 2017 йилда истеъфога чиққан. 

Кейинроқ ФҚБ Флинн ушбу мавзу бўйича саволларга ёлғон ахборот берганини фош қилган. Шундан кейин Трампнинг собиқ маслаҳатчиси тергов билан ҳамкорлик қилишга қарор қилган ва ўзини айбдор деб тан олган. Бироқ 2020 йил баҳорида АҚШ адлия вазирлигида ФҚБда Флинни сўроқ қилиш учун етарлича асос бўлмаган деган хулосага келинган. Эндиликда суд ҳокимияти Флинндан барча айбловларни олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Флинн эса энди ўзини айбдор деб тан олмаслигини эълон қилган. Шу сабабли унга ҳукм чиқарилиши тўхтатиб қўйилган.  

Мавзуга оид