Жаҳон | 19:04 / 17.03.2022
26582
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россиянинг Украинага кирганидан ҳайрон бўлганини айтди

Собиқ президент Путиннинг ҳарбийларини чегарага келтиришини «музокара ўтказиш воситаси» деб ҳисоблаган. У шунингдек ўз президентлиги даврида Россия бошқа давлатга «бирор марта бостириб кирмагани»ни қайд этган.

Фото: Joe Raedle / Getty Images

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп учун Россиянинг Украинада «ҳарбий амалиёт» бошлаши кутилмаган ҳол бўлган. Бу ҳақда у The Washington Examiner учун берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Мен ҳайрон қолдим. Ўйлагандимки, у [Россия президенти Владимир Путин] ҳарбийларни чегарага юборганда шу усулда музокара ўтказяпти деб... Мен буни музокаралар ўтказишнинг қаттиқ, бироқ ақлли усули деб ўйлагандим. <...> У ҳамма каби Қўшма Штатлар билан яхши битимга келишиш ниятида дея ҳисобладим, худди бошқа одамлар ҳар қандай савдо битимида келишиш ниятида бўлгани каби. Кейин эса у кирди, менимча у ўзгарган», — деган собиқ президент.

Аввалроқ Трамп унинг президентлиги даврида Россия бошқа давлатлар ҳудудига «бирор марта бостириб кирмагани» ҳақида айтганди. Трамп Путин билан айнан ўзи «жуда қаттиқ» муносабатда бўлгани, шунга қарамай, у билан диалог қура олганини таъкидлаган.

У шунингдек Украинага танкка қарши Javeline қурилмалари ва миллионлаб долларлик ҳарбий техникалар етказиб берганини эслатиб ўтган. Трампнинг фикрича, бу воситаларсиз Киев урушда муқаррар ютқазган бўларди.

Россия 24 февраль куни Украинага бостириб кирганди. РФ президенти Владимир Путин бу амалиётдан мақсад Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш экани, шунингдек Донбасс аҳолисини Киевдаги ҳукумат геноцидидан ҳимоя қилиш эканини айтганди. У бир неча бор Россия бу ҳарбий амалиётни бошлашга мажбур бўлгани, ўзини ҳимоя қилишнинг бошқа варианти қолмаганини айтган.

«Олдинга қўйилган барча вазифалар, сўзсиз бажарилади. Биз Россия, халқимиз хавфсизлигини ишончли таъминлаймиз ва Украина мамлакатимизга қарши тажовузкор ҳаракатлар учун плацдарм бўлиб хизмат қилишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз», — деди Путин 16 март куни ҳукумат йиғилишида.

Мавзуга оид