Ўқишини кўчирмоқчи бўлган талаба ўқиш жойисиз қолиб кетди. Қандай қилиб?
Шу йил ёзда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг 1-босқичини тамомлаган Искандар Тожиддинов ҳозир талаба эмас. Йўқ, у ўқишдан ҳайдалмаган, академик танаффус ҳам олмаган. Шунчаки, ўқишини ТАТУга кўчирмоқчи бўлган холос...
Отасининг айтишича, Искандар 2019/20 ўқув йилида Турин политехника университетида 28 млн. сўмлик контракт асосида таҳсил олган. Лекин пандемия бошланиб, оилада моддий қийинчиликлар юзага келгач, у ўқишини давлат муассасасига – Тошкент ахборот технология университетига кўчиришга қарор қилади.
«Ўғлим жорий йил август ойларида ариза топширди. Сентябр ойида онлайн имтиҳон бўлиб ўтди. Ўғлим 63 балл тўплади.
Кўп вақт ўтмай, 56,7 баллдан юқори олганлар учун кўчиришга рухсат берилади, деб Telegram тармоқларида хабар келди. Ким қайси ОТМга топширган бўлса, ўша ОТМга мурожаат қилиши кераклиги айтилган эди. Биз ТАТУга мурожаат қилганимизда, ўғлим ҳақиқатан ҳам имтиҳондан ўтганини, ҳужжатларини юборишни сўрашди.
Турин политехника университетидан ўғлимнинг ҳужжатларини олиб бордик. Тўлов-контракт шартномасини ҳам беришди. Бошланғич тўловини тўртга бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланиб, 1 млн сўм ўтказдик.
Шундан сўнг ўғлим пандемия сабабли ТАТУда Zoom орқали масофадан таълим ола бошлади. Бириктирилган декан ўринбосари ўғлимга таълим олиши учун логин-паролларни бериб, қайси гуруҳда ўқишини ҳам аниқлаб берди.
Аммо кутилмаганда, ТАТУдагилар комиссия қарори билан фақат 100 баллдан юқори балл олган талабалар қабул қилиниши белгиланганини, ҳужжатларини олиб кетишимиз кераклигини айтишди. Туринга қайта мурожаат қилганимизда эса улар ўғлимни талабалар сафидан чиқарганликларини, ўқишга қайта қабул қила олмасликларини маълум қилишди», – дейди ота.
Унинг айтишича, ТAТУдагилар Искандар Тожиддиновнинг ҳужжатлари асл нусхасини олиб келишни сўрашган. Шундан сўнг улар ўқиб турган Турин политехника университетидан ҳужжатларини олиб, ТAТУга олиб боришган. Табиийки, Турин университети Искандарни талабалар сафидан чиқарган.
Натижада, ҳозир Искандар Тожиддинов на Турин политехника университетининг, на ТAТУнинг талабаси.
«Уларнинг айтишича, 57 баллдан юқори балл тўплаганлар ТAТУнинг бошқа филиалларида ёки бошқа ОТМларнинг филиалларида ўқиши мумкин экан. Лекин ўғлим Тошкентда, айнан ТAТУда ўқишни давом эттиришни хоҳлаяпти. Улар эса қабул қилишмаяпти.
Нима учун талаба ўзи хоҳламаган жойда ўқишга мажбур қилиниши керак? Нега ҳаммаси ҳал бўлгандан сўнг шунақа қарор борлигини важ қилиб, ўқишга қабул қилишмаяпти?
Тўлов-контракт шартномасини беришди. Тўлов ҳам қилдик. Ўғлим онлайн дарсларда ҳам қатнашди. Лекин ҳозирда ҳеч қандай ОТМ талабаси эмас!» – дейди Илҳомжон Эргашбоев.
«Тўлов-контракт шартномаси берилгани ТAТУ техник ходимларининг эътиборсизлиги бўлган»
ТAТУ Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Шавкат Режабовнинг маълум қилишича, талабага тўлов-контракт шартномаси берилиши техник ходимларнинг эътиборсизлиги бўлган.
«Ҳужжатлар асл нусхасини сўраш учун университет сўров юбориши керак. Яъни у бола Турин политехника университети талабалари сафидан чиқарилиши учун биз сўров беришимиз керак. Шу сўровга асосан, Турин университети талаба ўқишга қабул қилингани ҳақидаги қарордан кўчирма, ўрта махсус таълим олганини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли, ўқишдан четлатилгани ҳақидаги буйруқдан кўчирма бериши керак бўлади.
Бу талабамиз ҳужжатларини ўзи олиб қўйган. Биз сабабини билмаймиз. Турин политехника университети талабалари сафидан нега четлатилганининг ҳам сабабини билмаймиз.
Сентябр ойида онлайн таълим бошлангач, йигит: «Мана, ўқишимни кўчирдим» деб, ўзи бориб тўлов-контракт шартномасини олган. Ўша ерда техник ходимлар майли деб бериб юборган.
Бу йигитимиз ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети Aхборот хавфсизлиги факултетига ўқишини кўчириш бўйича ариза берган», – дейди Шавкат Режабов.
Илҳомжон Эргашбоевнинг сўзларига кўра, ўғли ҳеч қаерда ўқий олмай қолишидан қўрқиб, ўқишини бошқа ОТМга кўчириш бўйича ариза ёзган.
Лекин талаба ўзи хоҳламаган жойда ўқишини давом эттириши унинг келажакда қандай мутахассис бўлишини сўроқ остига қўяди.
Раҳматилло Исроилов
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024