Мактабгача таълимдаги коррупция: Бола ҳақига хиёнат, арзимас ойлик ва «ўлик жонлар»...
Бола боғчага бора бошлангандаёқ коррупцияга дуч келса, унинг ҳақини ўғирлашса, текширувлар пайтида кўзбўямачиликларни кўрса... Булар – жуда даҳшатли, аммо афсуски жамиятимизда ноодатий ҳол деб қаралмайдиган воқелик.
Kun.uz мухбири мактабгача таълим тизимдаги коррупция, муаммолар кўлами ва уларга ечимлар мавзусида Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов билан суҳбатлашди.
«Ҳимоясиз болалар ҳақини ўғирлаш – энг ёмони»
— Мактабгача таълим тизимидаги ўғрилик бошқа соҳаларда йўл қўйилиши мумкин бўлган ўғриликларга қараганда қўпол ва ёмон. Чунки бу ерда ўзини ҳимоя қила олмайдиган кичик болакайларнинг ҳақи бор. Боланинг оғзидан овқатни тортиб олиш, унга таълим бериш керак бўлган мутахассисни «ўлик жон» қилиб қўйиш унинг ўша куни керакли озуқани истеъмол қилмаслигига, керакли билимни ўзлаштирмаслигига сабаб бўлади.
Боғчада боланинг ҳуқуқи бузилса, у қайта тикланмайди, деб ҳисоблайман. Масалан, 1 килограмм гўшт 10 нафар боланинг бир кунлик ҳақи ҳисобланади. Айбдор 10 кун гўшт ўғирлаб, жаримани тўлаб қўйиши мумкин, лекин у бола емаган кунларни ортга қайтара олмайди.
Боғчаларда қайси ҳолатларда кўпроқ ноқонунийлик ҳаракатлар кузатилади?
— Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизмати асосан жорий харажатларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилади. Булар иш ҳақи, озиқ-овқат, коммунал тўловлар, жорий таъмирлаш ва шунга ўхшаш харажатларни ўз ичига олади.
Тизимда асосан иш ҳақига ажратилган маблағларнинг ноқонуний ва ортиқча сарфланишига йўл қўйиш ҳолатлари аниқланмоқда: 2019 йилда 9,4 миллиард сўм, 2020 йилнинг 10 ойида 8,5 миллиард сўм иш ҳақи маблағлари ноқонуний тўланган.
Озиқ-овқат харажатларига ажратилган маблағларнинг ноўрин сарфланиши эса 2019 йилда 6,2 миллиард сўм, 2020 йилда 3,6 миллиард сўмни ташкил қилган.
Аниқланаётган коррупцион ҳолатлар текширувнинг қандай амалга оширилишига боғлиқ. Бу йилги комплекс текширувлар натижасида аниқланган ҳолатлар ҳам кўпроқ бўлди. Яна бир тарафи, 2020 йилда аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағларнинг ҳаммаси шу йилга тегишли бўлмаслиги мумкин. Одатда, текширувда охирги йиллардаги маълумотлар ўрганилади.
Масалан, 2019 йилда Каттақўрғон шаҳридаги 10-сонли МТТни текширганмиз. Бу ҳолатда боғчада 2014 йилдан 2018 йил январгача 1 миллиарддан кўпроқ бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланган. Шунинг учун текшириш сони ва қамровига қараб натижа ҳам юқорироқ бўлиши мумкин.
Текширувлар натижасида катта-катта ўғриликлар ҳам аниқланган. Масалан, Самарқанд шаҳар Мактабгача таълим бўлими ҳисобчиси томонидан 2018–2020 йилларда МТТларда ишламаган 22 нафар фуқаронинг номига асоссиз 122 миллион сўм иш ҳақи ёзиб ўзлаштирилган.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар МТБ ҳисобчиси томонидан 2019–2020 йилларда 80 миллион сўм пластик карточкаларга пул ўтказиш орқали ноқонуний ўзлаштирилган.
Қибрай тумани 26-сон МТТ мудираси томонидан ишламаган сохта ходимлар номига иш ҳақи ёзиш орқали 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний сарфланган.
Бухоро вилояти Пешкў тумани 22-сонли давлат МТТда 202 миллион сўмлик камомад ва ойлик иш ҳақи тўлов қайдномаларининг қалбакилаштирилиши аниқланган. Ғиждувон тумани 3-сонли давлат МТТда 2018–2020 йилларда иш вазифасини тўлиқ бажармаган ходимлар номларига 20 миллион сўм иш хақи ёзилган.
Бўстон туман мактабгача таълим бўлими томонидан юмшоқ жиҳозларни харид қилишда давлат харид қонунчилигига риоя қилмасдан четлаб ўтиш натижасида 104 миллион сўмлик чойшаблар қиммат нархларда харид қилинган.
2019 йилда 750 нафар, 2020 йилда 446 нафар «ўлик жон» аниқланди
— «Ўлик жонлар» мактабгача таълим тизимидаги энг катта муаммолардан бири. «Ўлик жонлар» – мактабгача таълим ташкилотига турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин аслида ташкилотда ишламайдиган ходимлар. Бу йўл билан боғча мудираси «ўлик жон» ходимларга ёзилган иш ҳақларини ноқонуний ўзлаштиради, ишламайдиган «ўлик жон» ходимлар эса ноқонуний меҳнат стажига эга бўлади.
Республикада аҳолини иш билан таъминлаш долзарб бўлиб турганда «ўлик жонлар» виждонан ишлашни хоҳловчи мутахассис ва ходимларнинг ўрнини банд қилиб турибди.
Аудит текширувларида 2019 йилда 750 нафар, 2020 йилда 446 нафар «ўлик жон» аниқланди ва тўпланган ҳужжатлар якуний суриштирув ишларини олиб бориш учун прокуратура органларига топширилган.
«Ўлик жонлар» болаларнинг таълим-тарбия олишига ва уларнинг МТТда тарбияланиши сифатига салбий таъсир этиб келмоқда. Масалан, мусиқа раҳбари «ўлик жон» бўлса, демак, болалар мусиқадан билим ололмайди. Ҳовли супурувчи ишламаса, ўрнига бошқа ходимлар ўз вазифасини ташлаб, ҳовли супуришга мажбурланади. Бу – ходим ўзининг вазифасини бажаришига салбий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, бунинг ижтимоий хавфи ҳам бор: «ўлик жон»лар ишга келмаса-да, улар учун иш куни ҳисобланади. Бу пайт қўштирноқ ичидаги «ходимлар» бошқа бир ерда жиноят қилаётган ёки республикадан ташқарига чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Яъни уларнинг нима билан бандлигини ҳеч ким билмайди. Улар ўша ўринга ишга кирмоқчи бўлган реал ишчи кучига ҳам халал беришади.
Вазирлик бу турдаги жиноятларга қарши Бош прокуратура билан ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, бундай қонунбузилишга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси, бошқа назорат органлари ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозим.
«Ошпазнинг ойлиги 680 минг, у кунига 3 маҳал овқат пиширади...»
— Ойлик масаласи мактабгача таълим тизимидаги энг катта муаммолардан бири. Масалан, ошпазнинг маоши 680 минг сўм. Ваҳоланки, у 3 маҳал овқат тайёрлаб беради.
Мактаб таълим тизимида туман миқёсида миллиардлаб маблағ айланади: давлат ажратадиган ва ота-оналар тўлов бадалидан келиб тушадиган маблағлар. Туманда уларнинг ҳисоб-китобини юритадиган бош ҳисобчининг ойлиги эса 1 миллион 600 минг сўм. Қолган ҳисобчининг ойлиги эса ундан ҳам кам.
Бу ойликка малакали ҳисобчиларни ишга олиб бўлмайди ёки улар тажриба тўплагач, бошқа жойга ишга ўтиб кетиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бу ҳам ҳисоб-китоб тизимида ноқонуний ҳаракатлар кўпайишига сабаб бўлади. Сабаби, тажрибасизроқ ҳисобчи билмасдан ноқонуний ҳолатларга йўл қўйиши ҳолатлари кўпроқ бўлиши мумкин.
Боғча мудирасининг маоши эса 1,5 миллион сўм. Ҳатто тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларининг ойлиги ҳам уларникидан сал кўпроқ. Ойлик маошларнинг камлиги ҳам тизимдагиларнинг ноқонуний маблағ ўзлаштиришларига сабаб бўлиши мумкин.
«Харид нархи тўғри белгиланиши керак»
— Мактабгача таълим тизими бухгалтерияси марказлаштирилган. Шартнома ва харидларни Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлимлари амалга оширади. Боғчалар тўғридан тўғри харид қилмайди. Лекин боғчаларда ташкил қилинган махсус комиссиялар озиқ-овқатлар сифати ва миқдорига қараб уни қабул қилиб олиши керак. Бу ҳолатда қарс икки қўлдан чиқмоқда: чунки агар маҳсулот сифатсиз бўлса, боғча маҳсулотни олиб қолмай, уни қайтариб юбориши мумкин.
Харид қилинадиган озиқ-овқатларнинг юқори нархлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳар ой белгилаб берилади. Айрим ҳудудларда нархларнинг номутаносиб белгиланиши ҳам салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Масалан, Тошкент шаҳри бўйича мол гўштига белгиланган нарх 44 000 сўм, Қашқадарёда 57 000 сўм. Гўшт 1-категорияли бўлиши керак.
Сариёғ Тошкентда 26 000 сўм, Қашқадарёда 40 000 сўм белгиланган. Сариёғ сигир сутидан тайёрланган бўлиши керак.
Нархни баланд ҳам, паст ҳам қўйиш керак эмас. Агар маблағ баланд қилиб белгиланса, ортиқча маблағ ўзлаштиришга асос бўлиши мумкин. Бозор нархига нисбатан паст белгиланиши эса сифатсиз маҳсулот харидига олиб келади. Чунки у нархга сифатли маҳсулот бермайди. Шунинг учун нарх белгилашда ҳам меъёрни тўғри қўя олиш керак.
«Ҳар бир боғча тепасига биттадан одамни қўйиб бўлмайди, ечим эса...»
— Мактабгача таълим тизимидаги коррупцион ҳолатлар аксар ҳолларда тезкор ўрганишларда аниқланади. Агар боғчага 7 кундан кейин ўрганишга борамиз, дейилса, улар ҳамма ишларни жой-жойига қўйиши мумкин. Масалан, боғчага ноқонуний келадиган болаларга ўша куни боғчага келмасликни тайинлаб қўйиш мумкин.
Аудит хизмати текширув ишларини кутилмаган пайтда ўтказа олгани учун ҳам самарали деб айтиш мумкин.
Ҳозир ҳар бир вилоятларда 2–3 нафардан аудит ходими бор, республикада эса жами 40та штат бор. МТТлар сони эса 6 мингга яқин.
Назорат тадбирини ўтказиш бир неча кунни талаб этади. Бухгалтерия марказлашган бўлса-да, лекин ҳақиқий харажатлар МТТда амалга оширилади, буларни солиштириш вақт талаб этади. Текширилаётган объектда барча молиявий операцияларни тўлиқ қамраб олишнинг имкони йўқ.
Лекин 6 мингта боғчага биттадан одамни турғизиб қўйишнинг иложи йўқ. Энг яхши ечим – соҳага ахборот технологияларини жорий этиш, шаффофликни кучайтириш бўлиши мумкин.
Айни пайтда ишга қабул қилишда коррупцион ҳолатлар кўп учраётган бўлса, бўш иш ўринларини шаффоф тарзда эълон қилиш ҳам тизимдаги коррупцион ҳолатлар камайишига ёрдам беради.
«Боласини ноқонуний боғчага жойлаштирган ота-она бошқа болаларнинг ҳақига хиёнат қилган бўлади»
— Мактабгача таълим билан қамровнинг босқичма-босқич оширилиши ҳисобига болаларни боғчаларга ноқонуний қабул қилиш ҳолатлари ҳам камаймоқда. Хусусий МТТлар ҳам бу борада давлатга ёрдам бермоқда.
Лекин бир нарсани айтиш жоизки, боласини ноқонуний қилиб боғчага жойлаштирган ота-она била туриб бошқа болаларнинг ҳақига хиёнат қилган бўлади. Чунки бундай ота-она унинг боласи учун боғчада овқат тайёрланмаслиги, у рўйхатга киритилмаганини билади. Расмий йўлланма билан қатнаётган ҳар бир бола ҳисобланиб, уларга белгиланган меъёр асосида овқат тайёрланади. Ноқонуний қатнайдиган бола сони эса таомномага қўшилмайди ва улар расмий қатнаётган болаларнинг ҳақидан овқатланади.
Бундан ташқари, рўйхатга киритилмаган болага нимадир бўлса, бунга ким жавоб бериши ҳам савол остида.
«Жазо таъсирчан бўлиши керак»
— Кўп ҳолатларда бюджет маблағларини талон-тарож қилиб, болаларнинг ҳақига хиёнат қилганлар учта модда асосида жазодан озод этилади. Булар – Жиноят кодексининг 70-моддаси («Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш») ва 71-моддаси («Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлгани муносабати билан жазодан озод қилиш») моддалари билан ёки Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси («Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш»).
Энг кўпи – тизимдаги ходимларга нисбатан МЖтКнинг 61-моддаси («Оз миқдорда талон-тарож қилиш»), яъни ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-тарож қилиш моддаси билан айбдор деб топилади.
Ва айбдорга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир (223 000 сўм) бараваридан беш (1 115 000 сўм) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Талон-тарож қилинган мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваридан (6 690 000 сўм) ошмаса, бу оз миқдордаги талон-тарож қилиш деб ҳисобланади.
Масалан, 5 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари камомадига йўл қўйса, 223 минг ёки узоғи билан 1 миллион 115 минг сўм жарима тўлайди.
Боланинг ҳуқуқларини бузмаслик ва қайта бузмасликлари учун жазо чоралари таъсирчан бўлиши мақсадида мавжуд қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Шунда болалар ҳақига хиёнат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари камаяди.
Масалан, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасида: «Қасддан жиноятлар содир этгани учун илгари ҳукм қилинган шахслар мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас», деб белгилаб қўйилди.
Шунингдек, илгари ўзининг айбли ҳаракатлари сабабли меҳнат шартномаси тугатилган шахслар, шунингдек, қўлланилган жазо чорасидан, судланганлиги ҳолати тугатилганидан ёки олиб ташланганидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганидан қатъи назар, қасддан содир этилган жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар мактабгача таълим тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас.
Бу тартибнинг жорий қилиниши тизимда ишлаётганларни анча сергаклантирди.
Ноқонуний ҳолатларни камайтириш учун нималар қилиниши мумкин?
— Тизимга ахборот технологияларини кенг жорий этиш, харид ва ҳисоб-китоб тизимини соддалаштириш ва очиқ қилиш, бўш иш ўринларини тўлиқ очиқ тарзда эълон қилиб бориш, қуйи тизим ойлик иш ҳақларини қайта кўриб чиқиш, тизим ходимларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали ноқонуний маблағ ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олиш мумкин.
Албатта, булар бирданига амалга ошмайди. Ҳозир ҳар бир йўналишда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024