Ўзбекистон | 10:52 / 03.12.2020
17651
2 дақиқада ўқилади

Жондор тумани ҳокими ўзгарди

Халқ депутатлари Жондор туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 ноябр куни ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйганлиги учун Жондор туман ҳокимини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилганлигини айтиб ўтди. 

“Бунга етарли асослар бор, албатта. Масалан, октябр ойи рейтинг натижалари таҳлили бўйича тумандаги сектор раҳбарлари томонидан аксарият кўрсаткичларга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли 13 та туман ва шаҳарлар орасида Жондор тумани 12-ўринни қайд этган. 

Янги Ўзбекистон шароитида давлат сиёсатининг мазмуни, мақсади жуда оддий: Яъни меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. Давлатимиз ва ҳукуматимиз шу меҳнатга, эмин-эркин ишлашга шароит яратиб беряпти. Шу мақсадда қарорлар қабул қилиняпти, йўналишлар белгилаб бериляпти. Лекин маҳаллий ҳокимликлар, соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари таъбир жоиз бўлса, “қотиб қолган”. Жумладан, Жондорда ҳам. 

Яратилган имкониятларга қарамасдан, Жондор туманида ҳам мавжуд инфратузилмадан етарли даражада фойдаланилмаган, ҳудудни ривожлантириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, хизмат кўрсатиш соҳасида ривожланган туман ёки шаҳарлар даражасидан кам бўлмаган салоҳиятга эга бўлса-да, бугунги кунга келиб туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар етарли даражада эмас ҳамда ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар мавжуд”, — деди вилоят раҳбари.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санъатилло Ҳикматов Жондор тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Бундан олдин, Бухоро туманига янги ҳоким тасдиқлангани хабар берилганди.

Мавзуга оид