Ўзбекистон | 08:21 / 09.12.2020
11084
3 дақиқада ўқилади

Табиий офатлар оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тасдиқланди

Фото : KUN.UZ /архив

Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
 
Norma'нинг ёзишича, қуйидагилар белгиланди:

  • юзага келган табиий офатларнинг кўламига қараб (локал, маҳаллий, республика ва трансчегаравий) аҳолига етказилган зарар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда шаҳар ва туманлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссияларининг тақдимномаларига мувофиқ қопланади;

Ўзбекистон бюджет қонунчилигига мувофиқ зарарни қоплаш Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
 
Ҳужжат билан тасдиқланган низом табиий офат юзага келган ҳудудда ўзбошимчалик билан қурилган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилмаган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулклар, шунингдек қимматбаҳо металларга татбиқ этилмайди.
 
Суғурта объекти ҳисобланган бадиий қийматга эга буюмлар ҳамда мол-мулкка табиий офат натижасида етказилган зарар фуқаролик қонунчилигига мувофиқ суғурталовчи ташкилот ҳисобидан қопланади.

  • Шунингдек, низомда қуйидагилар қайд этилди:
  • табиий офатлар оқибатида eтказилган зарарни аниқлаш ва баҳолаш ишларини ташкил этиш тартиби;
  • зарарни аниқлаш тартиби;
  • етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш тартиби;
  • табиий офатлар оқибатида жабрланган шахсларга eтказилган зарарни қоплаш тартиби;
  • табиий офат оқибатида оғир тан жароҳати олган фуқароларга ҳамда табиий офат оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам тўлаш тартиби.

Молия вазирлиги, ФВВ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига суғурталовчи ташкилотлар билан биргаликда аҳолининг мол-мулк ва яшаш жойларини табиий офатлардан суғурта қилиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш вазифаси топширилди.
 
ФВВ, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, Гидрометеорология хизмати марказига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда табиий офатлар юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли билан профилактика тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш вазифаси топширилди.
 
Ҳужжат 26.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид