Ўзбекистон | 19:53 / 18.12.2020
56446
4 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги фожиага бир йил тўлди. 6 йигитнинг умрига зомин бўлган ҳалокат айбдорлари ким эди?

Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2019 йилнинг 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, ишчиларни тупроқ босиб қолганди. Ушбу фожиа оқибатида 6 нафар қурувчи ҳалок бўлган.

Ҳодиса юзасидан дастлаб ўша вақтдаги Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев изоҳ бериб, кўчкига давомий ёмғир сабаб бўлгани, ёмғир сувлари котлован олдида сув ҳайдаш учун қурилган лоток ва бетон тўсиқ орасидаги тупроқни юмшатиб юборгани ва ер ўпирилиб туннелни босиб қолганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳодиса юзасидан маълумот бериб, авария оқибатида 250 куб метр тупроқ ўпирилиб тушганини билдиради.

Ўша кунларда давлат ташрифи билан Японияда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилади. Комиссияга бош вазир ўринбосари, транспорт вазири Очилбой Раматов раис этиб тайинланади. Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланади.

18 декабрь куни ярим тунгача давом этган қидирув ишлари давомида 5 ишчининг жасади тупроқ остидан чиқариб олинди, 19 декабрь кунининг биринчи ярмида яна бир жасад олиб чиқилди ва ҳодиса қурбонлари сони 6 нафарни ташкил этди. Қурбонларнинг тўрт нафари Қашқадарё вилоятидан (Давронбек Абдуллаев, Ойбек Абдуллаев, Жонибек Равшанов, Анвар Диёров), икки нафари эса Самарқанд вилоятидан (Зариф Каримов, Ихтиёр Раҳматов) бўлган.

Қурилиш ишларига масъул бўлган «Ўзбекистон темир йўллари» қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, бу оилаларга 100 миллион сўмдан товон пули ажратилиб, тўлаб берилганини маълум қилди. Бундан ташқари, марҳумларнинг дафн маросимларини ўтказишда уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш ҳақида топшириқ берилгани айтилади.

Kun.uz ижодий жамоаси ҳам Қашқадарё ва Самарқандда яшаган марҳумларнинг хонадонларида бўлиб, йигитларнинг яқинлари, оналари билан суҳбатлашганди.

Бу воқеа бутун жамоатчиликни қаттиқ ларзага солган ва бир қанча вақт ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва блогерларнинг саҳифаларида мотамсаро кайфият ҳукм сурган эди. Барча бир овоздан айбдорлар жазоланишини талаб қилган, метронинг ўша бекатига «Қурувчилар» номини бериш таклиф қилинганди.

2020 йил августида «Юнусобод» метро бекати фойдаланишга топширилди. Лекин жамоатчилик таклифларига қарамай ҳодиса жойида фожиа қурбонлари хотирасини абадийлаштириш учун ҳеч нарса қилинмаган.

Ушбу ҳодиса юзасидан 2019 йил 19 декабрь куни Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди ва 258-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганди.

Лекин шу вақтгача на жавобгарликка тортилганлар ва на жазоланганлар ҳақида маълумот берилди.

Ваҳоланки, Жиноят процессуал кодекси талабига кўра дастлабки тергов муддати (351-модда) уч ойни ташкил этади. Тергов муддати фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан етти ойгача узайтирилиши мумкин. Бундан тушуниш мумкинки, Юнусобод фожиаси бўйича қўзғатилган жиноят иши якунига етказилган, иш бўйича якуний қарор қабул қилинган. Аммо, негадир ҳозирча бу жамоатчиликдан яшириб келинмоқда...

Kun.uz бу ҳолат юзасидан Бош прокуратурадан изоҳ кутиб қолади.

Мавзуга оид