Жиззах пединститутнинг тарих факультети шаҳардан ташқарига кўчирилди: бундан талабалар бироз норози
Жиззах давлат педагогика институти талабалари мурожаат қилишди. Маълум бўлишича, институтнинг тарих факультети талабалари жорий ўқув йилда таҳсилни марказдан олисда, Шароф Рашидов тумани Сўлоқли қишлоғидаги собиқ касб-ҳунар коллежида бошлашган.
Ёшлар аввало, айнан тарих факультетининг марказдан узоққа жўнатилгани, Сўлоқлида сифатли таълим олиш учун шароит йўқлиги, иситиш тизими, ошхона, кутубхона ва ётоқхона билан боғлиқ муаммолар борлигини билдиришган.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида ҳозирги кунда Шароф Рашидов тумани Сўлоқли маҳалласида фаолият бошлаган ЖДПИнинг тарих факультетида бўлди.
Факультет институтнинг бош биносидан 10 километр узоқликда жойлашган. Собиқ коллеж биноси шундоққина катта кўча ёқасида жойлашган экан. Хоналарда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.
Тарих факультетининг декан ўринбосари Фаррух Акчаев мазкур бино 720 ўринга мўлжаллангани ва айни вақтда факультет талабалари 600 нафарни ташкил этишини маълум қилди. Ф.Акчаевнинг айтишича, талабалар куннинг биринчи ярмида таҳсил олиши, куннинг иккинчи ярмида турли тўгаракларга жалб қилиниши, ўз устида ишлаши мумкин бўлади. Ҳозирча бино таъмирланаётгани учун кутубхона, спорт зал, ошхона ишламай турибди. Иситиш тизимидаги муаммолар ҳам бартараф этилганини айтди.
Декан ўринбосари ҳамроҳлигида дарс жараёнини кузатдик. Талабалар ҳам, ўқитувчи ҳам қишки кийимда, бош кийимлар ечилмаган. Чунки аудитория ҳақиқатан ҳам енгил кийимда ўтириб дарс қилиш даражасида иссиқ эмас.
Фалсафа фанидан фалсафа доктори Савулбек Киставбаев ҳам қишки кийимларини ечмаган ҳолда дарс ўтаётган экан. Домла ушбу бинода ҳозирча камчиликлар бўлишини табиий баҳолади. Таъмирлаш тугагач, бу камчиликлар бартараф этилишига умид билдирди.
Суҳбат асносида маълум бўлдики, узоқроқ туман ёки вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабалар Сўлоқлига табиийки ҳар куни қатнамайди. Шу атрофдан ижарага уй олишган. Тўртинчи курс талабаси Элмурод Мирзаев ойига 200 минг сўмдан ижара пули тўлаётганини маълум қилди.
Қишлоқ уйларида қишнинг кунида талабалар учун қулай шароитга эга уйнинг топилиши ҳам табиийки, муаммо. Бу борада қишлоқ одамларида кўникма йўқ. Улар ижарага одам қўйиб ўрганишмаган. Айнан шу ҳолат ҳозирча талабаларга ноқулайлик туғдирмоқда.
Тўртинчи курс талабаларининг айтишича, уларда нафақат жорий ўқув йили, балки бундан олдинги йилларда ҳам бино билан боғлиқ муаммолар бўлган. Институтнинг бош биносида деярли сўнгги йилларда тез-тез таъмирлаш ишлари олиб борилгани учун ҳам улар қўним топишмаган. «Институтни битиряпмиз, биз ҳам истаймиз замонавий, шинам хоналарда, костюм-шимда ўтириб дарс ўтишни. Дарсдан кейин кутубхона, умуман зарур шароитлар бўлса қанийди! Ўқиш даври кўча-кўч билан ўтяпти», дейишди улар.
Вазият бўйича факультет декани Аҳрор Пардаев ҳам ўз муносабатини билдирди.
«Ҳозирча фақат биринчи ва тўртинчи курс талабалари анъанавий ўқитиляпти. Икки-учинчи курслар, шунингдек, бизга ариза билан чиққанлар, қиз болалар ва шароити оғир бўлган талабаларимизга ҳам онлайн ўқишни давом эттиришларига рухсат бердик. Ҳозирча еттита хонада дарс ўтиляпти. Пандемия сабабли таъмирлаш ишлари кечикиб кетди, улгурмай қолдик.
Ҳақиқатан ҳам уч кун иситиш тизимида муаммо бўлгани сабабли хоналар совиб кетди ва талабаларимиз ҳақли эътироз билдиришди. Мана, бу муаммо ҳам шу кунларда ҳал бўлди. Назаримда, бизнинг асосий муаммомиз айни вақтда институт бош биноси ва факультет ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш. Бу бўйича ҳам вилоят ҳокимлигига, институт раҳбариятига маълум қилганмиз», деди Аҳрор Пардаев.
Бир нарса аниқки, айни вақтда икки юзга яқин талабалар анъанавий таълим олмоқда. Тез орада бино таъмирланади ва қамров тўлиқ бўлади. Афсуски, талабалар учун мўлжалланган факультет ошхонаси ўттиз-қирқ ўриндан кўп эмас. Декан Пардаев айтган иккита маҳаллий ошхонада овқатланишни эса ҳамма талабанинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди.
Умуман, тарих факультетининг вилоят марказидан кўчирилгани юзасидан институтнинг молия-иқтисодиёт ишлари бўйича проректори Фурқат Тўраев изоҳ берди.
«Тарих факультети талабалари бош бинога кўчишни сўрашяпти. Маълумот ўрнида айтаман, ҳозирги вақтда институтда 14 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Институтнинг мавжуд биносида бунча талабани ўқитишнинг имконияти йўқ. Шу сабабли нафақат тарих факультети, балки информатика-математика ҳамда сиртқи факультетларимизни ҳам марказдан четроққа, балансимизга олинган коллеж биноларига кўчиряпмиз.
Коллежлардан олинган биноларда тўлиқ таъмирлаш ишлари давом этяпти, иссиқлик тизими янгиланди. Тан олиш керак, иссиқлик тизимидаги носозлик ва газ босимининг пасайиб кетгани сабабли бир муддат Сўлоқлидаги биномизни исита олмадик. Шу ҳолат ҳам талабаларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ҳозир бу муаммо бартараф этилган.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб кўчирилган факультетларимиз учун ўз биноларига яқин ҳудудда ётоқхоналар қуришни режалаштиряпмиз», деди Фурқат Тўраев.
Очиғини айтиш керак, биз олий ўқув юртларимизни албатта вилоятнинг марказида, бош шаҳарда бўлишига одатланганмиз. Ваҳоланки, аҳолининг тобора ортиб боравериши ва марказга тўпланиши ноқулайликларни кўпайтиради. Шундай экан, олий таълим муассасаларининг турли ҳудудларда филиал ва бўлимлари бўлиши табиий ҳол албатта.
Муаммо шундаки, ҳозирча Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультети жойлашган ҳудудда умуман олий таълимга хос бўлган инфраструктура мавжуд эмас. Оддийгина талабалар ётоқхонаси, ошхона, транспорт, кутубхона, уяли алоқа билан боғлиқ камчиликлар бартараф этилмаган. Бизнингча, янги ҳудудда аввал шароит яратилиб, кейин талабалар кўчирилганда, эътирозларга ўрин қолмасди.
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
12:23 / 19.12.2024
Манба: Жиззах вилояти ҳокими ишдан олинган
12:31 / 10.11.2024