Коронавируснинг янги штамми: у ҳақда нималар маълум?
Коронавируснинг янги штамми жуда тез тарқалиши Лондонда ва Англиянинг жануби-шарқида қатъий локдаун жорий этилишига олиб келди, Англия, Шотландия ва Уэльс аҳолиси учун Рождество байрамида карантин юмшатилиши ҳақидаги қарор бекор қилинди, ўнлаб давлатлар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатишга қарор қилди.
Ўтган ойларда вирус қанчалик мутацияга учраганки, ҳукуматлар бу қадар шошилинч чоралар кўришга мажбур бўлишмоқда? BBC агентлигининг илм-фан ва тиббиёт бўйича корреспонденти Жеймс Галлаҳер янги штамм ҳақида мавжуд маълумотларни тўплади.
Британия расмийлари маслаҳатлашадиган илмий кенгаш янги штамм инсондан инсонга аввалгисидан кўра осонроқ юқишини билдирган.
Ҳозирча кўп нарса мавҳум, янги штамм жуда кам ўрганилган.
Вируслар доимо мутация бўлади, шу туфайли улар ўзини қай тарзда тутаётганини доимий равишда кузатиб бориш муҳимдир.
Бу янги штамм нима учун бу қадар хавотир уйғотмоқда?
Уч омил жам бўлиб олимларнинг алоҳида эътиборини тортмоқда:
- У шу вируснинг бошқа штаммларини тезкорлик билан сиқиб чиқаради;
- Мутация вируснинг алоҳида аҳамиятга эга бўлган қисмларида содир бўлади;
- Бу мутация ҳолатларининг айримлари лаборатория шароитларида вируснинг ҳужайраларга кириш қобилияти ошганини намойиш этди.
Буларнинг бари жам бўлиб, вирус янада тез тарқалиш имконига эга бўлишини кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, мутахассисларнинг бунга мутлақ ишончи комил эмас.
Янги штаммлар мос вақтда мос жойда пайдо бўлса, жуда тез тарқалиши мумкин. Масалан, ҳозирда вирус тарқалиши ўчоғига айланган Лондонда яқин-яқингача чекловларнинг фақатгина иккинчи даражаси амал қилаётганди.
Касаллик тарқалишини жиловлаш мақсадида ҳукумат бирданига чекловларнинг энг юқори — тўртинчи даражасини жорий этди.
«Лаборатор тадқиқотлар ўтказиш зарур. Аммо биз бир ҳафта ёки бир ой кута оламизми? Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтсак, кўп эҳтимолки, йўқ», дейди BBC билан суҳбатда янги коронавирус геномини расшифровка қилиш бўйича Британия тиббий ассоциацияси (Covid-19 Genomics UK Consortium) профессор Ник Ломан.
У қанчалик тез тарқалмоқда?
Бу янги штамм илк бор сентябр ойида қайд этилган.
Ноябрга келиб Лондондаги барча касалланиш ҳолатларининг 25 фоизи коронавируснинг айнан шу вариантига тўғри келган. Декабр ойи ўрталарида бу кўрсаткич 65 фоиздан ошган.
Британиядаги Milton Keynes Lighthouse Laboratory лабораториясида ўтказилган тест натижаларига қараб ҳам, бу штамм лаборатория таҳлилларида устунлик қилаётганини кўриш мумкин.
Математиклар янги штамм қанчалар тажовузкорлигини билиш учун бошқа штаммларнинг ҳаракатларини баҳолашга уринишмоқда.
Аммо бу ўринда нафақат вируснинг ҳаракатини, балки одамлар ўзини қандай тутишини ҳам ҳисобга олиш даркор.
Британия бош вазири Борис Жонсон янги штаммнинг юқумлилик даражаси 70 фоиздан ортиқ бўлиши мумкинлиги, шу туфайли репродукция индекси (юқумли касалликлар кўпайиши ёки камайишини кўрсатувчи индекс) 0,4га ошиши мумкинлигини айтди.
Янги вируснинг хусусиятлари ҳали етарлича ўрганилмаган, бу яна бир неча ойлик таҳлилларни талаб қилади. Вирус ҳужум тактикасини ўзгартирган экан, биз ҳимоя тактикасини ўзгартиришимиз керак. Ўзимизда бор маълумотлар асосида чоралар кўрамиз, чунки у жуда тез тарқалмоқда», деган бош вазир.
Ўтган ҳафтанинг жума кунида 70 фоиз ҳақида Лондондаги Империал коллеж доктори Эрик Фолц ҳам ўз тақдимотида гапирганди.
У ўз чиқишида шундай деганди: «Ҳозирча хулосалар қилиш учун жуда эрта… аммо биз кўриб турибмизки, у жуда тез, анча тез, шундай экан, уни кузатишда давом этиш жуда муҳим».
Бу янги штамм қанчалар юқумли эканини исботлайдиган, ўта аниқликдаги рақамлар йўқ.
Ўз тадқиқотлари натижаларини ҳали эълон қилмаган олимлар 70 фоиздан юқори рақамларни ҳам, ундан пастроқ рақамларни ҳам беришган.
У чиндан ҳам аввалги вариантлардан кўра зарарлилиги борасидаги савол очиқ қолмоқда.
«Ҳозирда ихтиёримизда мавжуд бўлган очиқ маълумотлар вируснинг юқумлилиги юқорироқ экани ҳақида хулоса қилиш учун мутлақо етарли эмас», дейди Ноттингем университетидан бўлган вирусолог, профессор Жонатан Болл.
У қанчалик кенг тарқалган?
Бугунги кунда мазкур штамм ёки Буюк Британиядаги беморлардан бирида пайдо бўлгани, ёки коронавирус мутацияси алоҳида кузатилмаган бошқа мамлакатдан кириб келгани тахмин қилинмоқда.
Бу штамм ҳозирда Бирлашган Қиролликнинг Шимолий Ирландиядан бошқа барча ҳудудларида аниқланган, айниқса Лондонда, шунингдек, Англия жануби ва шарқидаги графликларда кенг тарқалган. Бошқа ҳудудларда, афтидан, у жуда яхши илдиз отмаган.
Дунё бўйлаб барча вируслар намуналарининг генетик кодини кузатиш билан шуғулланувчи Nextstrain халқаро лойиҳаси маълумотларига кўра, Дания ва Австралияда аниқланган янги штаммнинг келиб чиқиши Британияга тақалади.
Нидерландлар ҳам бу штамм билан боғлиқ бир неча ҳолатларни қайд этишган.
Жанубий Африкада ҳам шунга ўхшаш вариант пайдо бўлган, аммо у Британия билан боғлиқ эмаслиги айтилмоқда.
Бундай мутациялар аввал ҳам бўлганми?
Ҳа. Ҳозирда бутун дунёда аниқланаётган коронавирус Хитойнинг Уҳан шаҳрида бўлган вирусдан бутунлай фарқ қилади.
Мутацияга учраган D614G штамми Европада февралдаёқ пайдо бўлиб, кейин бутун дунё мамлакатларида айнан шу вирус кенг тарқалганди.
Яна бир штамм, A222V эса шу йил ёзида Испаниядан таътилдан қайтганлар орқали Европа бўйлаб тарқалди.
Британча штамм мутацияси ҳақида нималар маълум?
Янги штамм таҳлилининг эълон қилинган дастлабки расшифровкасида муҳим 17та муҳим генетик ўзгариш ҳақида гап кетади.
Вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтайди.
Мутациялардан бири N501Y тожнинг RBD деб аталувчи муҳим қисми учун жавобгардир.
Айнан шу ерда тож тана ҳужайраси юзаси билан контакт қилади. Вирусга ҳужайра ичига киришга ёрдам берадиган ҳар қандай ўзгариш, катта эҳтимол билан бу штаммга устунлик беради.
«Барча параметрлари шуни кўрсатмоқдаки, бу жуда муҳим адаптация», дея қайд этади профессор Ломан.
Кўп бор қайд этилган, хусусан, Дания фермер хўжаликларидаги қоракўзанлар орасида авж олган яна бир мутация (H69/V70) натижасида ҳам тожнинг кичик бир қисми йўқолган эди.
Кембриж университети профессори Рави Гупта томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, лаборатор шароитда бу мутация вирус юқумлилигини икки баробар оширган.
Худди шу тажрибалар давомида олимлар томонидан тахмин қилинишича, ушбу мутация касалликдан фориғ бўлган одамлар қонида ҳосил бўлган антитаначаларнинг вирусга қаршилигини сусайтирган.
«Ҳолатлар ўсишда давом этмоқда ва бу ҳукуматни ҳам, бизни, барча олимларни ҳам ташвишлантирмоқда», деган BBC учун берган интервьюсида профессор Гупта.
Янги штамм қаердан келди?
Бу янги штамм кутилмаганда жуда кучли мутацияга учраган.
Катта эҳтимол билан бу вирус унга қарши кураша олмайдиган, суст иммунитетли беморда пайдо бўлган.
Унинг танаси қарши курашиш ўрнига вирус учун ўзгариш жойига айланган.
Вирус янада ўлимвор бўладими?
Ҳозирча буни тасдиқловчи бирор далил йўқ. Аммо вазиятни назорат остида ушлаб туриш керак.
Шунга қарамай, юқувчанлик ошиши ҳақидаги фактнинг ўзи шифохоналарда жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин.
Агар вируснинг бу янги варианти одамдан одамга осон юқаётган бўлса, стационарларда даволаниши керак бўлган беморлар сони ҳаддан зиёд кўпайиши мумкин.
Вакцина янги штаммга қарши ишлайдими?
Амалда, аниқ қилиб «ҳа» дейиш мумкин. Фақат бу яқин келажак учун айтиладиган гап.
Ҳозирда етакчилик қилаётган ҳар уч вакцина вирусга қарши айнан унинг тожи орқали курашиб, иммунитет ҳосил қилади.
Улар иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун созлашади, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади.
«Аммо агар биз яна бир қанча мутацияларни ўтказиб юборсак, у ҳолда хавотирли вазият юзага келади. Бу вирус вакцина ҳосил қилган ҳимояни айланиб ўтишга салоҳияти бор ва у аллақачон бунинг учун бир неча қадам ташлади», дейди профессор Гупта.
Агар вирус вакцина иложсиз қоладиган даражада мутацияга учрашда давом этса, шундай вазият юзага келади.
Бу эса, эҳтимол, янги коронавирус, хусусан, жуда кўп одамларни зарарлашга мослаша олишини кўрсатаётган янги штамм билан боғлиқ энг хавотирли жиҳатдир.
«Бу вирус, афтидан, вакцинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқара олади», — Глазго Университети профессори Дэвид Робертсон ўтган ҳафтанинг жумасидаги тақдимотини шундай сўзлар билан якунлади.
Унда биз худди грипп билан бўлгани каби вакцинани мунтазам равишда янгилаб туриш ҳолатига тушамиз.
Бахтимизга, ҳозирда инсоният ихтиёридаги коронавирусга қарши вакциналарни мослаштириб бориш анча осон.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024