Жаҳон | 20:47 / 24.12.2020
5599
1 дақиқада ўқилади

Эфиопиялик ҳарбийлар Судан армиясига қарши йирик амалиёт ўтказди  

Эфиопиянинг қуролланган гуруҳлари миллий армия кўмагида Эфиопия ва Судан чегарасида суданлик ҳарбийларга қарши катта кўламли ҳужумни амалга оширди. Бу ҳақда Судан армиясидаги манбаларга таяниб Al-Masdar News нашри хабар берди.   

Фото: Getty Images

Маълумотларга кўра, амалиёт охирги кунлар давомида ҳудудда юз берган бир қатор тўқнашувлардан кейин ўтказилган. Таъкидланишича, амалиёт давомида Судан армиясининг чегарадаги Ал-Фаша ва Ал-Сагра туманларидаги позициялари ҳужумга учраган.  

Маълум қилинишича, ҳужум вақтида эфиопиялик гуруҳлар оғир артиллерия қўллаган. Жанговар ҳаракатлар вақтида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида маълумот берилмаган.  
Ўтган ҳафта ҳам Судан армияси Эфиопия кучлари ҳужуми оқибатида йўқотишларга учраганини маълум қилган. Таъкидланишича, суданлик ҳарбийлар Судандаги аҳоли пункти яқинида эфиопиялик айирмачилар пистирмасига дуч келган. Ўшанда бир неча ҳарбий ҳалок бўлган ва ҳарбий техникага зарар етган.  

Al-Masdar News’нинг таъкидлашича, 19 декабрда Судан Эфиопия билан чегарадош Ал-Қадариф вилоятига қўшимча кучлар ташлаган. Режага кўра, суданлик ҳарбийлар Эфиопия томонидан босиб олинган ерларни қайтаришга уриниб кўришлари керак бўлган.

Мавзуга оид