Ўзбекистон | 15:29 / 30.12.2020
8135
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Байрам кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 31 декабр, 1-2 январда бўлиб ўтадиган байрам кунларида ҳам тиббиёт муассасалари узлуксиз, тун-у кун ишлаши ҳақида маълум қилди.

«Байрам ва дам олиш кунларини юртдошларимиз кўнгилли ўтказиши учун барча ҳудудларда арзонлаштирилган истеъмол маҳсулотларининг кўргазмалари ташкил этилмоқда.

Халқимиз байрамни хотиржам, осойишта, тинчлик-тотувликда кутиб олишида тиббий хизматнинг алоҳида ўрни бор. Байрам кунлари юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг тегишли навбатчилик жадвали асосида фаолият юритиши йўлга қўйилади. Демак, байрам кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз, тун-у кун ишлайди. 

Жумладан, ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи 2369та амбулатория-поликлиника муассасалари ҳамда туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникаларида тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади.

Шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам шифохоналари ва «тез ёрдам» хизмати одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудларда 13та филиали, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимлари фаолият кўрсатади.

Мамлакатимиз бўйича ҳудудларда 14та Call-марказ тун-у кун иш режимида бўлиб, «тез ёрдам» тизимида мавжуд 2748та бригада таркибидаги жами 12 837 нафар шифокор ва 27 653 нафар ўрта тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатади. 

Бундан ташқари, байрам кунлари 219та туғруқ муассасалари ҳам узлуксиз фаолият кўрсатади. Жумладан, 31 декабрдан 1 январгача бир сутка давомида 583 нафар акушер-гинеколог, 344 нафар неонатолог, 1172 нафар доя ҳамда 2042 нафар ҳамшира оналар ва болалар саломатлиги йўлида хизмат кўрсатишади. Байрамнинг кейинги кунлари ҳам яна шунчадан тиббиёт ходимлари навбатчиликка киришадилар», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид