Жаҳон | 14:46 / 04.01.2021
5834
2 дақиқада ўқилади

Трамп Жоржия ҳукуматидан сайловда ўзига етмай қолган овозларни "топиш"ни талаб қилди - ОАВ

Жоржия штатида 11779та овоз фарқи билан Жозеф Байден ғалаба қозонганди. Мазкур штатда овозлар икки марта қайтадан санаб чиқилди ва ҳар иккисида ҳам Байден ғолиб чиққани тасдиқланди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергердан президент сайловида ушбу штатда ғалаба қозониши учун етмай қолган "11780та овозни топиш"ни талаб қилди. The Washington Post нашри ана шундай талаб янграган аудиоёзувни эълон қилди.

 "Мен фақат бир нарсани хоҳлайман. Мен 11780та овозни, ундагидан (Жо Байдендан) биттага кўп овозни хоҳлайман. Чунки биз бу штатда ғалаба қозондик", - дейди аудиоёзувда овози Трампнинг овозига ўхшаган эркак.

 Жоржия штатида 11779та овоз фарқи билан Жозеф Байден ғалаба қозонганди. Мазкур штатда овозлар икки марта қайтадан санаб чиқилди ва ҳар иккисида ҳам Байден ғолиб чиққани тасдиқланди.

 Аудиоёзувдаги суҳбат жараёнида Трамп агарда Раффенспергер ва унинг юридик маслаҳатчиси Фултон округида минглаб бюллетенлар йўқ қилинганлигини тан олмайдиган бўлса, улар жиноий жавобгар бўлиши билан таҳдид қилади.

"Бу жиноят. Бундай бўлишига йўл қўёлмайсиз", - дейди эркак. 

 АҚШнинг сайланган вице-президенти Камала Ҳаррис аудиоёзувга изоҳ бераркан, буни "ҳокимиятни қўпол равишда суиистеъмол қилиш"га мисол деб атади.  

Оқ уй ва Трампнинг сайлов штаби бу борада ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга оид