Аксилкоррупция агентлиги Андижондаги 17та қурилиш объектларида манфаатлар тўқнашувига оид ҳолатларни ўрганмоқда
Ўтган ой Андижон вилоятида қурилишга алоқадор давлат идоралари раҳбарларининг миллиардлаб суммадаги давлат объектларини қариндош-уруғчилик йўли билан ўзлаштираётгани ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида ташкил қилинган ишчи гуруҳ ушбу ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.
Агентлик етакчи инспектори Зафарбек Қўчқоров текшириш жараёни ҳақида қўшимча маълумот тақдим этди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
“Ҳозирги кунда Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ушбу масала алоҳида назоратга олиниб, текшириш-ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Тегишли ташкилотлардан малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилган ҳамда гуруҳ аъзоларининг вазифа-функциялари аниқ белгилаб олинган. Ҳозирга қадар манфаатлар тўқнашуви аломатлари аниқланган 17та объектлар бўйича ўрганиш ўтказиляпти.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳар битта объект бўйича тегишли ҳужжатлар “Ягона буюртмачи хизмат инжиниринг” компаниясидан чақиртириб олинган. Ҳар битта объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларнинг экспертизаси, ўтказилаётган танлов-тендер жараёнларининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун тартиб-таомилларига ва қонуности норматив актларга мувофиқлиги ўрганиб чиқилмоқда. Ҳозирда текширув деярли бошланиш нуқтасида турибди ва якунлари бўйича ўзимизнинг хулосамиз, якуний фикримизни баён қиламиз”, - деди у.
Агентлик расмийси Зафарбек Қўчқоров ўрганиш босқичларига, уларнинг натижадорлигига салбий таъсир қилиши мумкинлиги эҳтимолини назарда тутиб, ишчи гуруҳи таркиби ошкор этилмаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ва “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Равшанбек Жабборқулов миллиардлаб давлат буюртмаларини ўзлари ва қариндошларига тегишли компаниялар ўртасида “тақсимлаган”.
Давлат объектларини қуриш ва таъмирлашда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари рўй бергани бўйича Андижон вилоят прокуратураси ҳам ўрганиш олиб бораётгани айтилганди.
Мавзуга оид
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
17:42 / 16.12.2024
7,2 млрд сўмлик тендер савдолари ихтиёрий равишда бекор қилинди
19:53 / 11.12.2024