Спорт | 14:55 / 11.01.2021
13074
11 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар ва футбол. «Нефтчи» ва «Бухоро»да иштиёқ кучли, «Динамо»да мураббий йўқ, «Орол» алоҳида эътиборда

2021 йилда Про лига клублари ўртасида Суперлигага чиқиш учун кураш ҳар қачонгидан ҳам қизғин ўтиши кутилмоқда. Бу йил Про лигада 10та жамоа иштирок этиши ва Суперлигага чиқиш учун «Нефтчи», «Бухоро», «Динамо», «Орол», «Шўртан», ва «Истиқлол» клублари кураш олиб бориши кутилмоқда.

«Нефтчи»: Мўминжонов иш бошлади, вилоят ҳокими клуб олдига дастлаб Суперлига, кейин ОЧЛ вазифасини қўйган

Ўтган мавсумда «Турон»дан ортда қолиб, элитага қайта олмаган «Нефтчи» 2021 йилда Про лигада бўлишига қарамай Суперлига даражасида кучаймоқда. Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров ушбу вилоятдаги 4 ойлик фаолияти давомида Фарғонанинг 4 клуби – Суперлигадаги «Қўқон-1912» ва «Турон», Про лигадаги «Нефтчи» ва «Истиқлол» клублари билан алоҳида учрашишга улгурди, муаммолари ечилишига ёрдам бериб, 4та клубни ҳам қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Жорий йилнинг 2 январь куни эса «Нефтчи»да йиғилиш ўтказиб, Илҳом Мўминжонов бош мураббий этиб тайинланди. Фарғона вилояти ҳокими клубни шу йилнинг ўзида Суперлигага олиб чиқиш, кейинги йил ОЧЛни мақсад қилиш учун барча шароит яратилиши, имконқадар ҳар ўйинда «Нефтчи» ўйинини кузатиш учун келишини маълум қилган. Про лигадаги «Нефтчи»нинг 2021 йилги йиллик бюджети 20 миллиард сўмдан кўп бўлиши деярли тасдиқланиш арафасида. Ҳа, бу Фарғонанинг биринчи эмас, Суперлигадаги «Қўқон-1912» ва «Турон»дан кейинги 3-жамоаси бўлиб турган клубнинг йиллик сметаси.

Мўминжонов жамоаси аллақачон Тошкентда йиғин бошлаб, Суперлигада тўп сураётган ўнлаб тажрибали футболчилар билан музокара ўтказган. Мураббий дастлабки матбуот анжуманида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровга ишонч ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдириб, Фарғонада ҳам Намангандагидек муваффақиятли натижалар қайд этиш учун бор куч ва имкониятини ишга солишини маълум қилганди. Кўриниб турибдики, «Нефтчи» 2021 йилда Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарга айланади.

«Бухоро»: Вилоят ҳокими катта йиғилиш ўтказди, Файзиев олдига «Бухоро»ни Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилди

«Бухоро» клуби 2020 йил якунида Суперлигани тарк этгач, клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди. Раҳбариятдан Алишер Рустамов, Ҳасан Рўзиев, мураббийлар штабидан Жамшид Саидов ва Александр Хомяков жамоа билан хайрлашди.

Икки ой аввал Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида тайинланган Ботир Зарипов 5 январь куни Даврон Файзиев билан учрашиб, жамоани тўлиқ янгилаши ва Суперлигага чиқиш учун таркибни тайёрлаши, бунинг учун барча шароит қилиниши ҳақида келишиб олишди. Клубга ҳомийлар бириктирилди.

Файзиев бир қатор Суперлига футболчилари билан бирга аллақачон турнирдаги асосий рақиби «Динамо»нинг 3-4 нафар етакчи футболчисини ҳам Самарқанддан Бухорога чақириб олган. Клуб Про лига бошлангунча март ойига қадар барча режасини белгилаб, 8 январдан Бухорода йиғинга киришди.

9 январь куни эса Бухоро вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти саналмиш Ботир Зарипов вилояти футболининг ҳозирги ҳолати, янги мақсад ва режалар, «Бухоро» клубини қўллаб-қувватлаш бўйича катта йиғилиш ўтказган. Даврон Файзиев мураббийлигидаги жамоа тез орада Тошкент ва Фарғонада йиғин ўтказиб, бир қатор янги футболчилар билан таркибни кучайтириши режалаштирилган.

Кўриниб турибдики, «Бухоро» турнирдаги ғолиблик учун «Нефтчи» билан кураш олиб боради. Мураббий ҳам шу йилнинг ўзидаёқ клубни Суперлигага олиб чиқиш учун бор куч ва имкониятини ишга солишини айтиб ўтди.

«Динамо»: Уч ойдан буён бош мураббий йўқ, футболчилар жамоани тарк этмоқда

2020 йилги мавсумда Суперлигага чиқа олмай, ўз тарихида илк марта кетма-кет иккинчи йилни ҳам қуйи лигада ўтказадиган Самарқанд вилоятининг бош жамоаси «Динамо» ном жиҳатдан бу йил ҳам Про лига ғолиблиги ва Суперлига учун асосий даъвогардек кўринса-да, аслида кўҳна шаҳар жамоасининг ўзбек футболидаги мавқеи тобора шўнғиётгани ҳеч кимга сир эмас.

2019 йилда вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов ташаббуси билан жамоада ижобий ўзгаришлар қилинган бўлса-да, 2020 йилда бўлгани каби янги 2021 йилда ҳам аввалги кучли иштиёқ ва шижоат кўринаётгани йўқ. Суперлигани мақсад қилган Про лиганинг аксарият клублари улкан шижоат билан янги мураббийлар қўл остида аллақачон тайёргарликка зўр берган бир пайтда, «Динамо»га уч ойдан буён ҳали бош мураббий ҳам тайинлангани йўқ. Таркибдаги аксарият маҳаллий футболчилар эса бошқа клублардан қўним топмоқда.

«Динамо» ўтган мавсумда азалий ва асосий рақиби «Нефтчи»ни сўнгги икки ўйинда – Самарқанд ва Фарғонада ҳам мағлубиятга учратганига қарамай, водий клубидан кейинги 3-ўринда қолган бўлса-да, янги мавсумда ҳам Суперлига йўлланмаси учун асосий даъвогар саналмиш Фарғона ва Бухоро клубларидан ҳар тарафлама ортда қолаётгандек. Шу ўринда, салоҳияти ва аҳолиси жиҳатдан икки етакчи вилоят Самарқанд ва Фарғонадаги футболга эътиборни таққослаб, биргина Фарғонадан 4 клуб - Суперлигада «Қўқон-1912» ва «Турон», Про лигада «Нефтчи» ва «Истиқлол», Самарқанд вилоятидан эса битта «Динамо» чемпионатда иштирок этаётганлигининг ўзи ҳам бу борада Фарғонада эътибор ва қизиқиш катта эканлигини кўрсатиб турибди. Яна бир жиҳати Фарғона вилояти футбол ассоциацияси ЎФА томонидан 2020 йилда энг яхши ҳудудий федерация деб топилган бўлса, Самарқанд футбол ассоциациясида ҳали ҳамон иш юритувчи биринчи вице-президент тайинланган эмас.

«Динамо»да бош мураббий, вилоят федерациясида раҳбар тайинланмагани билан бирга кўҳна шаҳардаги футбол майдонлари борасидаги муаммолар ҳам ўз ечимини топгани йўқ. «Динамо» стадиони кучли ёққан ёмғирлардан кейин бир неча марта сув остида қолгач, майдоннинг ҳолати аввалги даражасидан анча ёмонлашган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидаги фаолияти давомида қурилган 15 минг томошабин сиғимли «Олимпия» стадионида ҳам икки йил олдин реконструкция ишлари бошланганига қарамай, ишлар чала қолиб кетган. Энг ачинарлиси, Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида қурилган сунъий қопламали майдонларнинг асосий қисмини Самарқанд вилоятидаги заводлар етказиб берганига қарамай, вилоятнинг ўзида қишки мавсумда жуда зарур бўладиган стандарт ўлчамдаги бирорта ҳам сунъий қопламали майдон йўқ. Кўриниб турибдики, клубдаги вазият ва вилоят футболидаги эътибор жиҳатдан ҳам «Динамо» Суперлига клублари нари турсин, Про лигадаги асосий рақобатчилари Фарғона ва Бухородан ҳам ортда қолаётгандек.

«Орол» Қорақалпоғистон раҳбарияти эътиборида бўлади

ЎзПФЛ Бош директори вазифасини бажаруви Диёр Имомхўжаев ҳамда ЎФА техник директори Сергей Арслонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ декабрь ойида «Орол» клубининг моддий-техник базасини яхшилаш ва унинг келаси мавсумда истисно тарзида Про лигада иштирок этиши масаласида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси Қаҳрамон Сариев ҳамда Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов қабулида бўлиб қайтганди.

Кўп ўтмай, «Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, «Орол» футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унда 2021 йилдан бошлаб Нукуснинг «Орол» футбол жамоасини ҳар йили тасдиқланган харажатлар смета ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлган маблағлар билан таъминлаш, Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ва ўқув-йиғин машғулотларига ўз вақтида ва мунтазам бориб келишлари учун 1 дона «Yutong» автобуси (44 ўринлик) ва 1 дона «Mercedes benz Tourismo» автобуси (51 ўринлик) билан таъминлаш, 2021 йилдан бошлаб «Орол» футбол жамоасининг Про лигада истисно тариқасида иштирок этишини таъминлаш кўзда тутилган.

«Орол» клубининг йиллик бюджети яқин кунларда тасдиқланиши кутилмоқда. Нукус жамоасига эътибор оширилиши, клуб Қорақалпоғистон раҳбарияти қўллаб-қувватлаши остида бўлиши режалаштирилган. Жамоа олдига Суперлига вазифаси қўйилади.

«Шўртан», «Истиқлол», «Хоразм» ва бошқа клубларда нима гап?

Ғузорнинг «Шўртан», Фарғонанинг «Истиқлол» клублари ҳам ўтган йиллардагидек Про лига грандлари учун жиддий кураш тақдим этишлари кутилмоқда. Асрор Алиқулов бошқарувидаги «Шўртан» ўтган мавсумда ҳам Про лигада узоқ вақт етакчилик қилганди. Ғузор клуби 2021 йилда ҳам Суперлигага чиқиш учун уринишини тахмин қилиш мумкин.

Анвар Бердиев мураббийлигидаги «Истиқлол» ўтган мавсумда омадсизлик туфайли якуний тўртликдан ўрин ололмаганди. Аммо Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров саъй-ҳаракати билан клуб уй стадиони «Истиқлол»га қайтарилгач, яхши натижалар қайд эта олганди.

Шунингдек, Александр Ежов бошқарувидаги «Хоразм» жамоаси, Алишер Шоғуломов қўл остидаги «Оқтепа», Темур Кападзе мураббийлигида ташкил этилаётган «Олимпия» клуби, Про лигага чиқиб, Элдор Сакаев мураббийлигида тайёргарлик кўраётган «Янгиер» клублари ҳам Про лига 2021 йилги мавсумининг Суперлигадан шиддатлироқ ўтишини ваъда қилаётгандек. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ниҳоят, Суперлигага жиддий рақобат қила оладиган яна бир лига шаклланаётгани қувонарли.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид