Ўзбекистон | 21:22 / 11.01.2021
7712
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари: Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси 10 фоиз атрофида

Пандемиядан олдин нормал ишсизлик кўрсаткичи 9,3-9,4 фоизга тенг эди. Бу кўрсаткич 2020 йил ярмига бориб 13 фоиздан ошиб кетди. Сентябр охирида 11,1 фоизга тушди. Айни пайтда эса 10 фоиз атрофида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов 11 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.  

Вазир ўринбосарининг айтишича, 2020 йилда ишсизлик даражаси кескин суръатда ошган. Ушбу ўзгариш пандемиянинг салбий оқибатлари билан изоҳланади.

«Ўзбекистонда пандемиядан олдин нормал ишсизлик кўрсаткичи 9,3-9,4 фоизга тенг бўлган бўлса, ўтган йилнинг ярмига бориб 13 фоиздан ошиб кетди. Сентябр охирида 11,1 фоизга тушди. Ҳозирда ишсизлик даражаси 10 фоиз атрофида.

2020 йилда 1 миллион 32 минг жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатдик. Бунинг учун бандликка кўмаклашиш ва жамоат ишлари жамғармасига 677 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ўтган йилда 362 минг ишсизларни доимий иш ўрнига жойлаштирдик. Бундан ташқари, пандемияни ҳисобга олиб вақтинчалик ишларга ҳам эътибор қаратдик. Ўтган йили 519 минг, яъни ярим миллион нафардан ортиқ фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинди. Тадбиркорлик бўйича 9900 аҳоли банд қилинди», – деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти парламентга қилган мурожаатида камбағалликдан чиқиб кетиш мақсадлари учун 2021 йилда бажарилиши кўзда тутилган ишлар юзасидан маълумот берганди.  Ушбу мақсадда ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилиши айтилган.

2021 йилда жами 40-60 минг фуқаронинг касбий малака даражасини тасдиқлаш режалаштирилган. Шу йили ишсизлик нафақаси миқдори 3 баробаргача оширилади. Мазкур тизимнинг жорий этилиши натижасида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан нафақалар учун 2021 йилга 50,0 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид