Жамият | 14:56 / 13.01.2021
6808
2 дақиқада ўқилади

Тахтакўпирлик ота қизларига уй совға қилди ва алимент масаласига нуқта қўйди

Ота ўз қизларининг вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пули эвазига собиқ аёлига ўз номидаги уйини нотариал тартибда совға тариқасида расмийлаштириб берди ва ҳали вояга етмаган фарзандлар ўз уй-жойига эга бўлишди.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида Тахтакўпир тумани МИБ бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан, қарздор Б.М.дан ундирувчи фуқаро П.Утемуратованинг фойдасига, унинг тарбиясидаги 3 нафар фарзанди моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақининг ½ қисми миқдорида алимент нафақасини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган вақтдан бошлаб, алимент нафақаси қарздор ота томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланиб келинган. Шунга қарамасдан, давлат ижрочилари томонидан қарздор отага Вазирлар Маҳкамасининг 808-сонли қарорига асосан вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш имконияти борлиги тушунтирилди.

Олиб борилган тушунтириш ишлари ўз самарасини бериб, икки тарафнинг ўзаро келишувига асосан, қарздор Б.М. собиқ рафиқаси П.Утемуратовага ўз қизларининг вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пули эвазига ўз номидаги уйини нотариал тартибда совға тариқасида расмийлаштириб берди ва ҳали вояга етмаган фарзандлар ўз уй-жойига эга бўлишди.

Шундан кейин, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ижро ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 41-моддасига асос мазкур ижро ҳужжати амалда тамомланди.

Мавзуга оид