Жаҳон | 14:59 / 14.01.2021
6879
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ миссияси Уҳанга етиб келди

Экспертлар маҳаллий олимлар, шифокорлар билан суҳбатлашади, шаҳардаги ёввойи ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозордаги вазиятни ўрганишади.

Фото: AFP via Getty Images

ЖССТ экспертларидан иборат гуруҳ коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш мақсадида Уҳанга етиб келди.

Аввалроқ гуруҳ 12 мамлакат мутахассисларидан ташкил топиши айтилганди. Миссия ўз ишини икки ҳафталик карантинни ўтаганидан кейингина бошлаши мумкин.

Экспертлар маҳаллий олимлар, шифокорлар билан суҳбатлашади, шаҳардаги ёввойи ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозордаги вазиятни ўрганишади.

ЖССТ ва Пекин ўртасида Хитойда коронавирус келиб чиқишини ўрганиш бўйича музокаралар бир неча ой аввал бошланганди. 5 январ куни ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус расмий Пекин ташкилот ходимларининг мамлакатга киришига рухсат бермаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Хитой сўнгги дақиқаларда рад жавобини берган.

Хитой буни ЖССТ экспертларида айрим ҳужжатларнинг йўқлиги ва делегацияни қабул қилишга тайёргарлик кўришга оид қийинчиликлар билан изоҳлади.

Хитойга ЖССТ экспертларининг биринчи гуруҳи 2020 йилда келганди. Улар вирус инсонга кўршапалаклардан юқиши мумкин деган хулосага келган, аммо инфекция манбаси тўғрисидаги савол очиқ қолганди.

Яна бир гуруҳ июлда бориши кўзда тутилганди, аммо мамлакатга фақат икки нафар мутахассис киритилди. Улар Уҳанга боришмади ва навбатдаги миссиялар ташрифига тайёргарлик миқёсини ўрганиш билан чекланди.

 

Мавзуга оид