«Жуда кўп ота-оналар фақат бугунини ўйлаб яшаяпти» — чекка қишлоқ ўқитувчиси билан суҳбат
Ўқитувчилик – шарафли, айни вақтда машаққатли касб. Чекка ҳудудда эса бу машаққат икки бараварга ошиши аниқ.
Kun.uz мухбири олис ҳудудлардаги фидойи ўқитувчилар ҳақида ҳикоя қилиш учун Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги энг чекка аҳоли пунктларидан бири – Башир қишлоғида бўлди.
Қаҳрамонимиз Эътибор Қувондиқова қишлоқдаги 73-мактаб филиалида 15 йилдан бери бошланғич синфларга дарс бериб келади. Суҳбатимиз тонгда, устознинг уйидан мактабгача бирга йўл олганимизда бошланди.
«Ўқитувчи бўлишдан ташқари онаман, уй бекасиман. Эрталаб куним нонушта тайёрлаш ва шу каби бошқа одатий юмушлар билан бошланади. Тушки соат 2–3гача мактабда бўламан, шунинг учун уйдаги кўп ишларни эрталаб қилиб қўяман.
Чорва моллари, паррандаларга ҳам емиш бераман. Умуман олганда, эрталаб соат 8:00гача барча ишларни тугатиб чиқишим керак, чунки мактабга боргач, уйни «унутишга» тўғри келади», – дейди Эътибор Қувондиқова.
– Уйдан мактабгача қанча вақтда етиб борасиз?
– Дарс соат 8:30да бошланади, ҳозир қиш бўлгани учун кечроқ бошланяпти. Одатда 8:15да бошланиши керак. Соат 7:50 ёки 8:00да уйдан чиқсам, 15–20 дақиқада мактабга етаман.
– Қишнинг совуқ кунларида, ёмғирли об-ҳавода мактабга қандай борасиз?
– Турмуш ўртоғим машинасида олиб бориб қўйиши мумкин. Лекин одатда ўзим пиёда боравераман. Йўлда бекор кетмаслик учун ўқувчиларим билан фанлардан савол-жавоб қилиб кетамиз. Кўп ўқувчиларим билан қўшни яшаймиз.
Биласиз, қишлоқ боласи дарс қилишга вақт топиши қийин, чунки кун бўйи уй юмушлари, чорвага қараш... Кечки пайт бўшаганда эса электр токи ўчиб қолиши мумкин. Уларга мактабга келиб кетганда вақтларингиз бекорга кетмасин, дейман. Шу сабаб карра жадвал, рус тили ёки инглиз тилидан янги ёдланган сўзларни ўзаро савол-жавоб қилиб кетишларини маслаҳат бераман.
***
Суҳбатимиз мактабдаги дарслардан сўнг синфхонада давом этди.
– Ишга кирган вақтим ўрта махсус маълумотга эга эдим. 2006 йил СамДУда очилган бошланғич таълим йўналишининг махсус сиртқи бўлимида ўқидим. 2009 йилда ўқишни тамомлаб, ўшандан бери шу мактабда бошланғич таълим ўқитувчисиман.
– Касбингиз машаққатли, қишлоқда бу қийинчилик икки карра ошади. Шундай эмасми?
– Қайси томондан қарашингизга боғлиқ. Ишингизни яхши кўрсангиз, қишлоқда ҳам қийин эмас. Лекин қишлоқда шароит тўғри келмаслиги мумкин, истаган янгиликни истаган вақтда ололмаслигингиз мумкин. Касбингизни севсангиз, бу каби муаммолар халақит бермайди.
– Мана шундай муаммолардан қандай чиқиб кетасиз?
– Дам олиш ўрнига дарсга тайёрланишга ҳаракат қиламиз. Ишдан ташқари вақтда шуғулланамиз. Уйда дарсга тайёрланишга вақт бўлмаса, мактабда қолиб тайёрланишга тўғри келади.
Ундан ташқари, ўқувчиларни дарсга қизиқтириш учун ота-оналар билан кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламиз.
Ўзим ўқитувчилар оиласидан чиққанман. Ота-онам, сингилларим ҳам ўқитувчи.
– Биринчи марта шу мактабда дарс беришингизни билганингизда хаёлингиздан нималар ўтди?
– Ўша пайтлари анча ёш бўлганман. 2003 йилда техникумни битириб, турмуш қуриб, умуман бошқа шароитда яшашга мослашаётган вақтларим эди. Қўрқиш нималигини билмасдим, шароитлар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасдим. Қизиқиш кучли бўлган.
Ўзим асли туман марказиданман. Бу қишлоқ одамлари эса олдинги яшаган жойимдагидан умуман бошқача: содда, кўнгилчан, тўпори. Уларнинг бир-бирига муносабати менга қизиқ туюлган бошида.
Ишга энди келган вақтларимда ўқувчилар билим олишга, олий таълимга унчалик қизиқишмасди. Мактабни битириб, боғдорчилик, чорвачилик қилиб кунини кўриб кетаверишарди. Бошқа ҳудудлардан одамлар кўчиб келиб, секин-асталик билан ёшларда касбларга нисбатан қизиқиш ортиб боряпти. Ҳозирга келиб, кўплаб битирувчиларимиз яхши-яхши соҳаларда фаолият олиб боришяпти.
Авваллари ҳеч ким фарзандини репетиторга бермасди, ҳозир эса ОТМ кириш имтиҳонларига 4–5 йилдан бери тайёргарлик кўраётган ўқувчилар бор.
– Қишлоқдаги педагогик фаолиятингизда сизни нималар кўпроқ ўйлантиради, ташвишлантиради?
– Мени жуда ҳам ташвишлантирадиган ҳолат – ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдири, келажагига бефарқлиги.
Синфимда 21 нафар ўқувчи бор. Улар 21 та оила фарзандлари. Атиги 5–6 нафар ота-она қандай дарс ўтишимга қизиқиб, фарзанди ўқиши ҳақида тез-тез сўраб туради. Қанийди, барча ота-оналар фарзанди тақдири ҳақида қайғурса.
Ота-оналар мажлиси ўтказиб, ўқувчиларимнинг уйларига бориб, кўпроқ ота-оналарни жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз. Ота-оналар нима учун болаларига бефарқ, деган савол мени жуда ўйлантиради.
– Ота-оналарнинг ўзлари билан бу масалада гаплашганмисиз? Болаларига эътиборсизлик сабаби нима?
– Одамларда кайфият тушкун. Одамлар ўзларининг яшаш тарзларига ўрганиб қолишган. Боғдорчилик билан шуғулланади, чорваси бор. Ҳафтада бир кун бозорга борса, куни ўтяпти. Фарзандлари келажагини ҳам шундай тасаввур қилишади.
Замон ўзгараётганини тушунаётган ота-оналар жуда кам. Кўпчилик ота-оналар боласи бир амаллаб мактабни битирса, деҳқончилик билан шуғулланса бўлди, деб ўйлашади. Бугунги кун ташвиши билан яшаётган ота-оналар жуда кўп.
– Одамларда кайфият тушкун деяпсиз. Нега ундай?
– Ота-онанинг топаётган даромади оилани боқишга, орзу-ҳавасларини амалга оширишга етмаяпти. Биласиз, қишлоқ оилаларининг ҳар бирида камида 4 нафардан фарзанд бор. Ота-оналарнинг кўпчилиги шу фарзандларни моддий томондан таъминлашга ҳаракат қилишяпти. Янгиликлар, ривожланиш ҳақида ўйлашга уларнинг вақти йўқ.
– Ўқитувчи сифатида буни ўзгартириш учун нима қилишим керак, деб ўйлайсиз?
– ТВда сериалларни камайтириш керакдир, балки. Яқинда Тошкент Ёшлар форуми бўлиб ўтди, шунақа тадбирларни мактабларда ҳам уюштириш, қишлоғимизда ўқиб, шаҳарда қолган малакали кадрларимизни шу ерга жалб қилиш, маҳаллада бошқарув тизимини қайтадан ўйлаб кўришимиз зарур, деган фикрдаман.
– Билим олишни истаган, аммо ота-онаси бунга йўл қўймайдиган болаларни кўрганингизда, қандай ички кечинмаларни бошдан ўтказасиз?
– Вақти келади: ота-она бундан афсусланади. Кун келиб, фарзандингиз шароит яратиб бермаганингиз учун ўқий олмадим, дейиши мумкин, деб айтаман уларга. Вақт ўтгач, сиз қилаётган юмуш билан оила боқиб бўлмаслиги мумкин.
– Расмийларнинг айтишича, ўқитувчилар ишида қоғозбозлик анча камайтирилибди. Сиз буни сезяпсизми?
– Ҳа. Авваллари ҳар бир дарсга 2 варақ конспект ёзардик. Ўқитувчининг бир кунда 3–4 соат дарси бўладиган бўлса, камида 7–8 варақ конспект ёзишимизга тўғри келарди.
Тўғри, конспектга керакли маълумотларни ёзадиган бўлсак, унумли фойдалансак бўлади дарсда. Лекин ҳар доим ҳам ундай бўлмасди. Юкламалар ҳам ёзардик. Уларнинг барчаси олиб ташланди. Бу бизга дарсдан ташқари қўшимча манбалардан изланишга, олган маълумотларимиздан дарсда фойдаланишимизга имкон берди.
Илгари ота-оналар дафтари, конспект, юкламалардан бўшамай, китобдан бор нарсани ўргатардик. Ҳозир ҳаётда учрайдиган масалаларни ҳам дарсда муҳокама қила оляпмиз.
– Дарсга тайёргарлик кўраётганда қайси манбалардан изланасиз, Интернетга ҳам мурожаат қиласизми?
– Ижтимоий тармоқда педагоглар, бошланғич таълим ўқитувчилари гуруҳларига аъзоман. Ҳамкасбларимнинг тажрибалари билан танишиб бораман. Ундан ташқари, «Маҳалла», «Маънавият ва маърифат» телеканалларида намойиш этиладиган фойдали кўрсатувлардан дарсларда фойдаланишга ҳаракат қиламан.
– Сизда шаҳарда яшаб, таълим бериш фикри ҳам бўлганми?
– Ҳа, бўлган. Шаҳарда ишлашга унчалик қизиқмайман, чунки у ер менсиз ҳам ривожланади. Шаҳарда ўз устида кўп ишлайдиган малакали педагоглар жуда кўп. Лекин бу ерда оддий ўқитувчига ҳам талаб жуда катта.
Бу ерда таълим беришнинг афзаллиги шундаки, қишлоқ боласи оқкўнгил бўлади. Ўқитувчини жуда ҳурмат қилади. Шаҳарда яшайдиган болалар ундаймас. Шаҳарда дарс берганман, ўқувчилар билан кўп суҳбатда бўлганман. Шаҳар боласи замон ҳақида ижобий ва салбий фикрга эга. Қишлоқда эса болалар ҳаётнинг ижобий тарафинигина кўришади. Ривожланиш, ўсиш ҳақида ўйлашади. Уларнинг орзулари беғубор.
Шаҳар боласи фойдали нарсалар билан бирга зарарлиларини ҳам кўп кузатади. Қишлоқда бу нисбатан камроқ. Болалар одамлар, ота-онасининг меҳнат қилаётганини кўриб ўсади. Тунги клублар-у, шу каби бошқа зарарли машғулотларга вақти ҳам, имконияти ҳам йўқ.
– Бугун қишлоқ ўқувчиси нималарни ўйлайди?
– Ўқувчиларим кўпинча қишлоқда рўзғор ишлари кўплигидан шикоят қилишади. Ҳақиқатан ҳам, отаси деҳқончилик билан шуғулланса, онаси уй бекаси бўлиб рўзғор ишлари билан андармон. Оилаларнинг боғи, чорваси бор.
Ундан ташқари, ўқувчиларим ТВда кўрганларидек замонавий мактабларда ўқишни хоҳлашади. «Устоз, шаҳардагидек уйларимиз иссиқ бўлса, уй ичида ҳам енгил кийиниб юрсак», деб орзу қилишади. Лойни ёмон кўришади, кўчалар равон, тоза бўлишини хоҳлашади.
Болаларга хос орзулар қилишади. Кимдир раққоса, журналист бўлгиси келади, аммо ота-онасига айтолмайди.
Бугунги кун боласи кечагидан фарқ қилади. Илгари болаларни мана бу шеърни ёдлагин, деб алдаб қўйса бўларди. Ҳозир эса шеърни қандай тушуниш кераклиги, қандай қўшимча адабиётлар ўқиш мумкинлигини айтмасангиз, дарсга қизиқтира олмайсиз.
– Ўқувчиларингиз яхшироқ таълим олиши учун нималар бўлишини хоҳлайсиз?
– Биринчи ўринда замонавий ахборот технологияларидан хабардор бўлган, кенг фикрли, олий маълумотли, хорижий тилларни биладиган ўқитувчилар келиб дарс беришларини хоҳлардим.
Ҳамма мактабда мусиқа асбоблари бўлса. Мусиқага қизиққан болалардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.
Ўқувчиларим расм чизишга ҳам жуда қизиқишади. Уларга расм чизиб келишларини ҳар доим ҳам айтавермайман. Лекин улар буни хоҳлашади. Чунки болалар ўз ҳис-ҳаяжонлари, ўй-фикрларини расм чизиш, куй-қўшиқлар билан етказишга ҳаракат қилишади.
Мактабимизда мусиқа асбоблари, мусиқа ўқитувчилари бўлишини хоҳлардим. Лекин ҳозир бизда бунга шароит йўқ.
– Бу ерда бизнинг эътиборимизни тортган жиҳат – мактабда электр токининг йўқлиги бўлди. Булутли кунларда дарс ўтишга қийналмайсизми?
– Ҳар жойнинг ҳам ўзига яраша паст-баланди бўлади. Бу ерда ҳам шундай. Электр токи йўқлиги учун деразаларга парда тутмаганмиз, чунки ёруғлик тўсилиб қолади. Хона иссиқлигини сақлаш учун деразаларга целлофан қоқилган.
– Орзу-мақсадларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Кўп йиллардан бери педагогик фаолият олиб бораётган, эл-юрт ичида ҳурматга эга фахрий ўқитувчиларимиз бор. Мен ҳам уларга ўхшаб одамлар меҳрини қозонишни орзу қиламан.
Қаерда бўлсам ҳам кимгадир керакли инсон бўлсам, мендан кимдир ёруғлик ололса, дейман. Мол-у дунё, давлат – ўқитувчининг орзуси эмас.
– Ойлигингиз қанча?
– Жуда кўп. Ўзимга етади. Ҳозир 1 млн 800 минг сўм оляпман.
– Бу маблағ сизни қониқтирадими?
– Эҳтиёжингизга қараб сарфласангиз, қониқтиради. Ойлигим етиб турибди, рўзғорим унча катта эмас. Дарсимни яхши ўтсам, ўқувчиларим мактабдан хурсанд, мамнун бўлиб кетишса, болалар ўтган дарсимнинг ҳеч бўлмаганда 50 фоизини ўзлаштиришса, шундан қувонаман.
– Орзунгиздаги мактаб қандай бўлади?
– Орзумдаги мактаб унчалик катта бўлиши шарт эмас. Бола мактабга ўзи хоҳлаб, қизиқиб келиши керак. Шунга яраша мактабда ўқувчиларнинг бир дақиқаси ҳам бекор ўтмаслиги керак. Ҳеч бўлмаса бошланғич синф ўқувчилари учун иссиқ овқат пишириб берадиган ошхона бўлишини хоҳлардим.
Яна спорт зали, стадион бўлиши керак. Излаган методик қўлланмангизни топа оладиган кутубхона, компьютер хоналари, мусиқа асбоблари бўлса дейман.
***
Мураббийдан ташқари мактаб ўқувчиларини ҳам суҳбатга тортдик. Уларнинг дарслари, шарт-шароитлар, ўй-хаёллари билан қизиқдик. Батафсил юқоридаги видео орқали томоша қилинг.
Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024