Жамият | 15:26 / 15.01.2021
16300
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қулаган уй 6 марта ҳудудий назорат инспекцияси назоратидан ўтказилгани маълум қилинди

Жиззах вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси (ҚСҲНИ) Жиззахда қулаган уй бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 10 январ куни Жиззах шаҳрининг «Зилол» маҳалласи Мустақиллик қўчасида қулаб тушган кўп қаватли бинонинг биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, иккинчи ва учинчи қаватларида турар жой биноси қуриш бўйича буюртмачи «Баракали Қоракўл Чорвадор» фермер хўжалиги томонидан Жиззах вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига мурожаат қилган. Мазкур мурожаат Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун 16-сонли рухсатнома берилган.

Дастлаб, «Жиззах Бунёдкор Лойиҳа» МЧЖ томонидан бинонинг 3 қаватли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа-смета ҳужжатлари «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилоят филиали томонидан 2020 йил 27 январ куни ижобий йиғма эксперт хулосасини олган.

Шунга қарамасдан, буюртмачи-пудратчи томонидан хўжалик усули билан биринчи ва иккинчи қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда учинчи–олтинчи қаватларида турар жой бинолари қурилиши бўйича лойиҳа ҳужжатлари «Discovery Architects Group» МЧЖ томонидан қайта ишлаб чиқилган. Аммо бу киритилган ўзгартириш Жиззах вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмаган.

Объектда қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланган. Жиззах вилоят ҚСҲНИ томонидан объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳага мослиги, бажарилган ишларнинг сифати устидан ҳудудий назорат инспекция инспекторлари томонидан 6 марта назорат тадбирлари ўтказилиб, назорат ишлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан 2020 йил 21 августда буюртмачи ва пудратчи ташкилот «Баракали Қоракўл Чорвадор» фермер хўжалиги иш юритувчисига тегишли тавсиялар берилган.

Бундан аввалроқ Қурилиш вазири Жиззахдаги бино қулаши ҳақида гапириб, назорат бўлмагани ҳодисанинг асосий сабабларидан бири бўлганини айтганди. 

Мавзуга оид