Жамият | 10:27 / 19.01.2021
16826
7 дақиқада ўқилади

Нанайликлар ҳали ҳам ариқдан сув ичмоқда. Ҳоким ўринбосари «муаммо ҳал бўлди» деганди

Kun.uz бундан бир йил олдин Наманган вилоятининг Нанай қишлоғидаги ичимлик суви муаммоси ҳақида мақола эълон қилган эди. Ўшанда туман масъуллари сув муаммоси ўтган йилнинг 1-чорагида ҳал этилишини айтишганди.

Орадан 12 ой ўтиб, муаммо қандай ҳал бўлганини ўрганиш мақсадида яна Янгиқўрғон туманига бордик.

Ҳоким ўринбосари: «Нанай қишлоғида сув бўйича муаммо қолмади»

Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Муроджон Сотволдиев биз билан суҳбатда экотуризм марказига айлантирилган Нанай қишлоғида ичимлик суви муаммоси юз фоиз ечим топганини айтди.

«Сизларга мурожаат қилишган пайтда тармоқда камчиликлар бор эди. Вилоят ҳокимидан қайта-қайта пул сўраб, энг оғир ҳудудларга сув учун, йўл учун 500 миллион пул ажратилишига эришдик. Қайроқи МФЙ сув тармоғини яна қайтадан дастурга киритдик.

Мана, ҳозир чиқиб кўришингиз мумкин. Одамларга мурожаат қилдик, улар ҳам қараб туришгани йўқ, ҳашар йўли билан чуқур ковлаш ишларида ёрдам беришди. 3,9 км янги тармоқ тортдик. Битта насос эскирган экан, насос қўйдик. Пастда, сой бўйида турадиган ТП электр узаткичимиз ишдан чиққан экан, уни тўғриладик. Бунда камчилик қолмади, фақат сув берсак бўлди. Дўстлик маҳалласи 100 фоиз таъминланди.

Муроджон Сотволдиев

Бу томондан келадиган бўлсак, Қайроқи, мана, 100 фоиз тармоқ тортилди. Намуна маҳалласида касалхона томонимиз бор, уни ҳам режага киритиб қўйганмиз, учта кўчаси қолиб кетган, қолган кўчаларининг ҳаммасида тармоқ бор. Зарбдор маҳалласида ҳам иккита чеккадаги янги қилинган маҳалланики бор, ҳатто янги қилинган кўп қаватли уйимизга ҳам сув борган.

4 та кўчани ҳисобга олмаганда, Нанай ҳудудининг ўзидаги бешала маҳалланинг сув тармоғи деярли 100 фоиз таъмирланди. Энди ҳаммасини жой-жойига қўйиб, харажатлари ва ишчи кучини шакллантирилса бўлди.

Айни пайтда Нанай қишлоғида сув бўйича муаммо қолмади», – дейди Муроджон Сотволдиев.

Қуруқ ваъдалар яланғоч ёлғонга айландими?

Шундан сўнг Нанай қишлоғи томон йўл олдик. Афсуски, у ердаги ҳолат мутасадди берган маълумотларнинг тескарисини кўрсатиб турарди.

Бизга мутасадди юз фоиз ичимлик суви муаммоси ҳал бўлганини айтган Қайроқи, Дўстлик, Сойбўйи ва Намуна маҳаллалари аҳолисининг катта қисми ҳали ҳам ариқдаги лойқа сувдан фойдаланиб келмоқда.

Дўстлик маҳалласида бўлганимизда маҳалла аҳли ичимлик сувини бир ярим километр узоқликдан эшак қўшилган аравада, аёллар челакда ташиётганига гувоҳ бўлдик.

«Янгиқўрғон ҳокимлиги мутасаддилари кўп бора сув келтириб беришларини айтишган, маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастурига ҳам тушди, лекин муаммолар ҳал бўлмади. Ҳар куни уч-тўрт марта аравада ўзимизга ичгани ва уй ҳайвонлари учун узоқдаги ариқдан сув ташиймиз»,– дейди Нодирбек Ғозибоев.

Намуна маҳалласидаги 120тадан зиёд хонадон ҳам ариқдан сув ичади. Ариқ кўчадан 2–3 метр пастдан оқиб ўтгани сабаб, ундан сув олиб чиқишнинг ўзи машаққат.

Маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашдик.

«55 йил олдин шу ерга кўчиб келганмиз. Ўша пайтдан бери ичимлик суви муаммоси билан яшаймиз. Менимча сув масаласи ҳал бўлмайди...

Очиқ ариқда ҳар хил ахлатлар оқиб келади. Олиб ичамиз. Бошқа иложимиз йўқ. Агар шу ариқда сув тўхтаса, беш километрдаги каналдан ташиб ичамиз. Эҳ-ҳе, қанча раҳбарлар келиб ваъда бериб кетишган. Охири ишончимиз қолмади», – дейди Йўлдошбой Қутманов.

Қайроқи маҳалласида эса аҳвол бундан-да оғир, Бўстон кўчасидаги аҳоли сувни ташиш учун 15–20 метрлик зинадан чиқиб-тушар экан. Маҳалла аёлларининг катта қийинчиликлар билан пастдан тепага сув ташиётганини кўриш ачинарли.

«Нима қиламиз, рўзғорга сув керак бўлгани учун кунига 5–6 марта ташиймиз. Ўрганиб ҳам кетдик. Бизда ҳам яхши шароитлар бўлишини орзу қилиб яшаяпмиз», – дейди маҳалла аёллари.

Ҳоким ўринбосари Муроджон Сотиболдиев Қайроқи маҳалласига сув тармоғи тортилиб, ишга тушганини айтган эди. Афсуски, кўча ковланиб қувур ётқизилибди. Лекин, иш охирига етмай қолиб кетган.

«Қолган ишга қор ёғади», деганлари шу бўлса керак.

 

Ҳудуддаги 51-мактабда ҳам тоза ичимлик суви йўқ. Мактаб ёнидан ариқ оқиб ўтган...

«Мактабимизда 247 нафар ўқувчи ўқийди. Ҳозир ўқувчилар анъанавий тарзда ўқитиляпти. Мактабимизда спорт зали муаммоси бўлган. Бу муаммо ҳокимлик томонидан бартараф этиляпти. Ишлар амалга ошириляпти, усталар келиб ишлаяпти.

Сув масаласига келсак, мана шу оқар сувдан ичилади. Оқар сув баҳорда лойқа оқади, бошқа пайтда тинади. Ичимлик суви билан таъминлашни айтиб кетишган. Январ ойи охирига ичимлик суви билан таъминлашга ваъда беришган», – дейди мактаб ўқитувчиси Миршоид Мирзафаров.

Суви йўқ Нанай – туризм маркази

Шу ерлик Баёзбек Шарипов сув муаммоси юзасидан шу кунгача турли идораларга ёзган бир даста мурожаатлари ва уларга келган жавобларни кўрсатди. Маълум бўладики, тузилган ишчи гуруҳлар, дастурларнинг шу кунгача фойдаси сезилмаган.

«Нанай қишлоғимиз туризм ҳудудига кирди. Келаётган дам олувчилар учун тоза сувимиз бўлмаса, қандай қилиб туризмни ривожлантириш мумкин? Уларга берадиган чойимиз лойқа, фильтрланмаган ариқ сувидан бўлса.

Қишлоқдаги сув тортиш насослари йўқ бўлиб кетган. Иншоотлар атрофидаги майдонлари дача сифатида қарор чиқариб, бериб юборилди. Аҳолига кўриб турган ҳовузингиздан ичимлик суви берилади. Унинг на муҳофаза ҳудуди, на фильтрлаш тизими бор. Ҳовуз 1986 йили қурилган, ундан сўнг аҳоли сони неча баробар кўпайди. Ҳеч ким ёрдам бермагач, чириган эски қувурларни бошқатдан монтаж қилдик.

Қишлоғимизда ҳозир газ йўқ. Электр токи йўқ. Ҳеч бўлмаса мана шу оқиб келаётган сувни фильтрлаб, тозароқ қилиб беришса бўлади-ку?»,– дейди у.

Ваъдабозлик ҳам эви билан

Янгиқўрғондаги Нанай қишлоғи – экотуризм маркази деб эълон қилинган. 2020 йили Сойбўйи маҳалласида 30та оилавий меҳмон уйлари очилди. Нанайдаги мавжуд бетакрор ва мафтункор табиат, тоза ҳаво унинг туризм учун катта салоҳиятга эга эканини билдириб турибди. Бироқ атрофга донғи кетган экотуризм марказида тоза ичимлик суви йўқ.

Фуқаролар муаммо юзасидан ўн йиллардан бери турли идораларга мурожаат қилавериб зерикишган. Тўртта мактаб, учта боғча, иккита тиббиёт муассасаси – ҳаммаси сувсиз.

Одамларга қувур орқали берилаётган сув ҳам тепадаги ҳовуздан берилаётган ариқ суви. Фильтрланмаган, ичида турли нарсалар оқиб келади.

Туман ҳокимлиги эса ваъда беришдан нарига ўтмайди.

Элмурод Эрматов, Kun.uz.
Тасвирчи – Жаҳонгир Маҳмудов.

Мавзуга оид