Спорт | 19:17 / 19.01.2021
11132
3 дақиқада ўқилади

Нурхон Нафасов карате федерациясидаги муаммолар ҳақида гапирди

19 январ куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Нурхон Нафасов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда каратечиларининг сони кескин камайгани, ушбу спорт тури вакилларининг халқаро мусобақаларда кам иштирок этгани, ютуқлар ҳам кам бўлгани ва буларнинг сабаблари ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистонда карате спорти муваффақияти сезиларли даражада пасайгани, масалан, 2018 йилдан 2020 йил апрелигача ўтказилган мусобақаларнинг 3тасида Ўзбекистон иштирок этмагани, охирги 7та мусобақада бирорта медал қўлга киритилмагани қайд этилган.

«Ўзбекистонда 2006 йилда каратечилар сони 70 минг нафар бўлган бўлса, 2021 йилга келиб 10 мингга тушиб қолган. Бунинг бир сабаби ОAВда бу спорт турининг тарғиботи камайгани бўлса, яна бир сабаб федерация раҳбарларининг ўзида карате спорт турига меҳри бўлмаган», деди федерация раиси.

Ҳозирда Ўзбекистон карате миллий федерациясининг биноси ҳам, моддий техник базаси ҳам йўқлиги, федерация ижарага бино олиб фаолият юритаётгани айтиб ўтилган.

Федерация раиси яқин орада бино олиб, унинг ичида спортчилар шуғулланиши учун керак бўладиган барча шароит яратилиши, 2021-2022 йилларда Ўзбекистон карате Миллий федерацияси базаси яратилишини маълум қилган.

Kun.uz мухбири хабар қилишича, ОAВ ва блогерлар учун ташкиллаштирилган матбуот анжуманига бир гуруҳ каратечилар ҳам келишган, лекин улар анжуманга киритилмаган. Бундан норози бўлган спортчилар анжуман якунлангач, залда тўполон кўтаришган. Улар федерациянинг келгусидаги режаларини билмоқчи эканликлари билдиришган ва матбуот анжуманига кира олишмагани учун федерация раисидан изоҳ сўрашган.

Нурхон Нафасов ҳолат юзасидан Kun.uz мухбирига қисқа интервью берган.

«Бу спортчилар эшик олдида нега тўпланганини биламан. Спортчилар бу тўполонда айбдор эмас. Уларни мураббийлари бунга мажбурлашган. Мен 14 йиллик танаффусдан кейин яна федерацияга қайтдим. Шу оралиқда ноқонуний ўзлаштирилган пулларни жойига қўйишсин. Бугун федерациядаги носоғлом муҳит бир кунда пайдо бўлмаган», деган у.

Маълумот учун, Нурхон Нафасов 2006 йилда федерация раислигидан четлатилиб, 2018 йил лавозимга қайтган. Лекин ўша йилнинг ўзида, қайтишидан 4 ой ўтиб, иккинчи бор федерация раҳбарлигидан четлатилган. 2020 йилда эса лавозимга қайта тикланган.

Федерациянинг олдинги раҳбари Aламжон Муллаевга эса жиноят иши очилган.

Мавзуга оид