Ўзбекистон | 16:19 / 19.01.2021
37430
2 дақиқада ўқилади

«Тонировка» ортидан давлат бюджетига қанча маблағ келиб тушгани маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг 547-сонли қарори асосида автомобиллар орқа ойналари ёки олд-орқа ойналарини тўлов асосида тусини ўзгартириш - қорайтиришга рухсат берилиши ортидан давлат бюджетига бир неча юз миллиард сўм маблағ келиб тушди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Маълум қилинишича, ИИВ ДЙҲХХ органлари томонидан автотранспорт воситаларидан уларнинг ойнасининг тусини ўзгартириб (қорайтириб) фойдаланиш учун:

  • 2019 йил 5 августдан (646-сонли қарор кучга киргандан сўнг) 2019 йил 31 декабрь кунига қадар 31 367та рухсатнома берилиб, жами 113 млрд 980 млн сўм;
  • 2020 йил 1 январдан 31 декабрь кунига қадар 50 758та рухсатнома берилиб, жами 188 млрд 395 млн сўм;
  • 2020 йил 1 январдан 9 октябрь кунига қадар 28 326та рухсатнома берилиб, жами 135 млрд 638 млн сўм;
  • 2020 йил 10 октябрдан (635-сонли қарор кучга киргандан сўнг) 31 декабрь кунига қадар 22 432та рухсатнома берилиб, жами 52 млрд 757 млн сўм пул маблағлари;
  • жами, 2019 йил 5 августдан 2020 йил 31 декабр кунига қадар 82 125та рухсатнома берилиб, 302 млрд 635 млн сўм пул маблағлари ҳукумат қарорига асосан тўлов сифатида ундирилган.

Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 635-сонли қарори билан М1, N1 ва N2 тоифага оид автотранспорт воситалари орқа ён ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) этиб белгиланган.

Юридик шахсларга орқа ён ойнани қорайтириш учун тўлов миқдори ўзгармаган – БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм).

Шунингдек, барча ён ойналар тусини ўзгартириш учун рухсатнома тўлови жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм)га тенг.

Рухсатноманинг амал қилиш муддати – 1 йил.

Эслатиб ўтамиз, орқа ён ойналарга рухсатнома олмасдан парда ўрнатиш мумкин. 2020 йил август ойида Ички ишлар вазирлиги шу масалада Олий судда ютқазган эди.

Мавзуга оид