АҚШда ўқиш учун 100 минг долларга яқин грант ютган Фирдавс Абдуқаюмов: «Муҳими – вақтни беҳуда ўтказмаслик»
Фирдавс Абдуқаюмов Тошкент шаҳридаги президент мактабининг 11-синфида ўқийди. Ҳали 17 ёш бўлишига қарамай, АҚШнинг икки университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Грант миқдори Ксавье университетида 89 минг, Жон Кэролл университетида эса 96 минг долларни ташкил этади.
Фирдавс Kun.uz мухбири билан суҳбатда АҚШга ўқишга кириши қандай бўлгани ва келгусидаги режалари ҳақида гапириб берди.
«Ҳужжат топширишдаги энг муҳим жараён – иншо»
— АҚШда ўқиш учун ҳужжат топшириш фикри ёз ойларида келган эди. Ўша пайтдаёқ у ердаги университетлар, уларнинг талаблари ва ҳужжат топшириш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқа бошладим.
Кўп ўтмай commonapp.org платформаси ҳақида билиб олдим. Бу платформа АҚШдаги олийгоҳларга кириш учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар, сертификат ва шахсий ютуқларни юклаш, кўнгилдагидек портфолио ва анкета тайёрлаш имконини беради.
АҚШдаги нуфузли университетларга ҳужжат топшириш жараёнидаги энг мураккаби ва эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳат бу – иншодир.
АҚШ олийгоҳлари сизнинг баҳоларингизга қарамайди, чунки бутун дунё бўйлаб жуда яхши академик кўрсаткичга эга минглаб номзодлар бор. Сиз бутун дунёдан ҳужжат топширувчи номзодлар билан рақобатлашасиз. Шунинг учун олийгоҳлар баҳоси яхши бўлганларни эмас, ўзларига мос келадиган шахсларни излашади.
Иншо шаклида ёки конференцмулоқот шаклида сизга турли саволлар беришлари мумкин. Мана шу саволларга жавоб бериш асносида ўзингизни кўрсата олишингиз муҳим. Қандай инсон эканингиз, ўзига хосликларингиз ҳақида гапириб беришингиз керак. Шунда университет сизнинг характерингиз ва шахсиятингиз бўйича хулосалар қилиб, уларга мос келиш-келмаслигингизни аниқлайди.
АҚШ университетларига грант ютиб олгани учун 2020 йил декабрида Фирдавсга президент совғаси (компьютер) топширилди.
«Топ-200таликка кирувчи университетдан жавоб кутяпман»
— 8–9 синфда мактабда иқтисодиёт фани ўтила бошлангач, менда бу соҳага нисбатан қизиқиш ва уни чуқур ўрганиш истаги уйғонди. АҚШ университетларига ҳам айнан иқтисодиёт бўйича бакалавр босқичи учун ҳужжат топширганман.
Ксавье университетига 89 минг доллар, Жон Кэролл университетига эса 96 минг доллар грант ютиб олдим.
Аммо ҳали бу икки университетдан бирини танлаганим йўқ. Чунки Америкадаги яна учта олийгоҳдан жавобларни кутяпман. Улар феврал–март ойида жавоб беришлари керак.
Бундан ташқари, нуфузли олийгоҳлар топ-200талигига кирувчи Цинцинатти университетидан ҳам жавоб кутяпман. Агар ижобий жавоб келса, шу олийгоҳни танлайман.
«Эҳтимол, кейинги марра – Ҳарвард»
— АҚШда иқтисодиёт бўйича бакалавриатни тамомлагач, таҳсилни яна шу мамлакатда давом эттиришни истайман. Ҳозирча Ҳарвард университетига иқтисодиёт бўйича магистратурага киришни режалаштирганман. Бошқа етакчи университетларга ҳам топшириш ниятим бор.
«Ота-онам ўқишга илҳомлантирувчи шароит яратиб беришди»
— Ўқишдаги ютуқларим ва муваффақиятларим – биринчи навбатда ота-онамнинг меҳнат маҳсули. Улар мен учун ўқишга, билим олишга илҳомлантирувчи шароитни яратиб ўстиришди.
Бундан ташқари, мен таҳсил оладиган президент мактабида ҳам яхши ўқиш учун керакли ҳамма шароитлар бор. У ердаги муҳит шундайки, ўқувчи ўз-ўзидан ўқишни, ривожланишни истайди. Шунингдек, мактаб раҳбарияти ҳам, Президент, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги маъмурияти ҳам ҳар доим, жумладан, хорижга ҳужжат топшириш жараёнида ҳам доим керакли ёрдам ва қўллаб-қувватлашни кўрсатиб келишган.
«Вақтни беҳуда кетказмаслик учун доим режа билан иш қиламан»
— Вақтимни беҳуда сарфламаслик учун ўзимга кунлик ва ҳафталик режа тузиб оламан. Бу ўқиш ва дам олишни самарали ташкил этишга ёрдам беради.
Эрталабдан 16:00га қадар мактабда бўламан. Ундан кейин ярим-бир соат дам олгач, қўшимча машғулотларга қатнайман. Иқтисодиёт бўйича билимимни ошириш учун бу фан билан қўшимча шуғулланаман.
Соғлом жисм ва соғлом руҳга эга бўлиш учун бўш вақтимни спортга бағишлайман. Бу ўқишдан озгина чалғишга ҳам ёрдам беради. Иқтисодиёт бўйича қўшимча китобларни ўқийман. Илмий китоблардан ташқари, бадиий адабиёт мутолаасини ҳам ёқтираман. Айниқса, британ адабиёти менга жуда ёқади.
Бундан ташқари, нотиқлик санъати бўйича машғулотларда иштирок этаман. Фикримча, омма олдида нутқ сўзлай олиш – келажакда асқатувчи энг муҳим кўникмалардан бири.
«IELTS'га мустақил тайёрланиб, 7 олдим»
— Инглиз тили бўйича IELTS тизимида 7 баллни (тинглаб тушуниш 8, сўзлашув 7,5, ёзиш ва ўқиш 6,5 балл) қўлга киритганман.
Инглиз тилини ўрганишда ҳам барчасини режа асосида бажаришга ҳаракат қилдим. 6 ёшимдан бошлаб инглиз тили бўйича қўшимча машғулотларга қатнаганим мен учун жуда яхши пойдевор бўлди. Шу сабаб IELTS учун қўшимча репетиторга қатнашни истамадим, менга фақат амалиёт керак эди.
Ўзимга режа тузиб олдим: бугун ёзиш ва ўқиш кўникмалари устида ишласам, эртанги кунни тинглаб тушуниш ва сўзлашувни ривожлантиришга бағишлайман – бунинг учун эса хорижий ўқитувчилар билан мулоқотда бўлдим. Бу менга жуда катта фойда берди.
Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024