Жаҳон | 01:42 / 26.01.2021
80001
2 дақиқада ўқилади

Россия корхоналари ўзбекистонликларни ишга чорламоқда

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонликларга Россиядаги корхоналарда ишлаш таклиф этилмоқда. Ҳайдовчи, кран бошқарувчиси, слесар, электрослесар, булдозер ҳайдовчиси, ошпазлик қўлидан келадиган ишчиларга айниқса талаб катта.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, туманларда Россияга ишга бормоқчи бўлганлар ўртасида ўзига хос кичик саралаш ўтказилмоқда. Фуқаролар қайси иш қўлидан келишига қараб рўйхатга олинади. Уларнинг рус тилини қай даражада билиши бирламчи омил сифатида қараляпти. Маълум бўлишича, феврал ойигача керакли рўйхат шакллантирилади ва шундан кейин ишчиларни Россияга жўнатиш тартиби аниқ бўлади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россияга ишга боришни истаганлар учун кўплаб иш ўринлари таклиф қилиб бормоқда. Таклиф қилинаётган ишларнинг деярли барчаси қурилиш соҳасига алоқадор. Агентлик Telegram-каналида ёзилишича, ўзбекистонлик ишчиларга 100 минг рублгача (1 300 доллар) маош таклиф қилиняпти (масалан ғишт терувчиларга). Москвада таклиф қилинаётган ишларда ўртача маош 64 минг рублни (850 доллар) ташкил этиши айтилган.

Шунингдек, агентлик Россияда бўлиб туриб иш қидираётган ўзбекистонликларга ҳам иш ўринлари таклиф қилган. Агентликнинг Россияда иш қидираётган ватандошлар учун «МИГРАНТ СЕРВИС» мобил иловаси орқали иш топиш ва ишлаш учун осон рухсатнома олиш мумкинлигини эслатган. Бу иловани Play Market дўконида юклаб олиш мумкин.

Мавзуга оид