Жаҳон | 17:09 / 27.12.2024
9036
2 дақиқада ўқилади

Azerbaijan Airlines Россиянинг 10 та шаҳрига парвозларни тўхтатди

Авиакомпания баёнотида айтилишича, парвозлар Боку-Грозний рейсини амалга оширган Embraer 190 самолётининг «физик ва техник ташқи таъсир оқибатида содир бўлган ҳалокати» терговининг дастлабки натижаларига кўра, шунингдек, парвоз учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни ҳисобга олган ҳолда тўхтатилади.

Фото: Getty Images

27 декабр куни Озарбойжоннинг Боку шаҳридан Россиянинг Минералние Води шаҳрига парвоз қилган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпанияси самолёти учиш аэропортига қайтишга мажбур бўлди. Авиакомпания буни Махачқалъа осмони ёпилгани билан изоҳлади.

Шундан сўнг, авиакомпания Россиянинг айрим шаҳарларига парвозларни тўхтатганлиги ҳақида баёнот берди.

Авиакомпания баёнотида айтилишича, Боку-Грозний рейсини амалга оширган Embraer 190 самолётининг «физик ва техник ташқи таъсир оқибатида содир бўлган ҳалокати» терговининг дастлабки натижаларига кўра, шунингдек, парвоз учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни ҳисобга олган ҳолда, 28 декабрдан бошлаб Бокудан Россиянинг Минералние Води, Сочи, Волгоград, Уфа ва Самара шаҳарларига парвозлар тўхтатилади.

Кейинчалик Россиянинг яна учта шаҳри Нижний Новгород, Владикавказ ва Саратовга ҳам парвозлар тўхтатилди. 25 декабр куни AZAL авиакомпанияси Бокудан Россиянинг Грозний ва Махачқалъа шаҳарларига парвозларни тўхтатишга қарор қилган эди.

Шу тариқа, тўхтатилган йўналишлар сони 10 тани ташкил этмоқда. Авиакомпания сайтида келтирилишича, бунга қадар Бокудан Россиянинг 16 шаҳрига рейслар амалга ошириб келинган.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси Остона - Екатеринбург йўналишидаги парвозлар «хавфсизлик нуқтайи назаридан» 27 январгача тўхтатилганини маълум қилди.

26 декабр куни Исроилнинг El Al авиакомпанияси Тел-Авив – Москва йўналишидаги парвозлар бир ҳафта муддатга тўхтатилгани, шундан сўнг, вазият қайта баҳоланиши ҳақида хабар берди.

25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолёти Оқтов яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокатда 38 киши нобуд бўлди.

Euronews ва Reuters агентликларининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ҳалокатга Россия ракетаси сабаб бўлган. Россия расмийлари тергов якунланмагани сабабини кўрсатиб, бу маълумотни тасдиқламади.

Мавзуга оид