Ўзбекистон | 13:13 / 30.01.2021
12592
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айни вақтда қанча маҳкум борлиги маълум қилинди

Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 минг 500 нафар маҳкум жазони ўтамоқда. Бу ҳақда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Жазони ижро этиш тизими тасарруфида 27 минг 500 нафар маҳкум жазони ўтамоқда. Бу маълумотлар очиқ бўлиб, бемалол уларни эълон қилиш мумкин.

Жазони ўтаётганларнинг кўп қисми оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлардир. Уларнинг жиноятлар таснифига эътибор берадиган бўлсак, ўта оғир жиноятларга кўпроқ одам ўлдириш, гиёҳвандлик, фирибгарлик ва босқинчилик боғлиқ жиноятлар биринчи маротаба судланганлар билан кўпроқ учрайди. Бошқа муқаддам судланганлар билан эса кўпроқ ўғрилик шунга ўхшаш оғир турдаги жиноятлар кўплигини айтишимиз мумкин» – дея Жамшид Султоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда маълум қилинишича, 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра пробация бўлинмаларида 57 минг 36 нафар шахс назоратда турибди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 43 та жазони ижро этиш муассасаси ва 11 та тергов ҳибсхонаси мавжуд. Жазони ижро этиш муассасаларининг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади.

Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётган шахслар 56,4 фоизни, бўш ўринлар 43,6 фоизни ташкил қилади.

Аввалроқ ИИВ мулозими Ўзбекистонда 2016 йилдан маҳкумларнинг ибодат қилишлари учун рухсат берилгани ҳамда айни дамда маҳкумларнинг онлайн олий таълим олишларига имкон берувчи қарор лойиҳаси тайёрланаётганини айтиб ўтган эди.

Мавзуга оид